"Пахтакор"ни ютса бўлади, алдаб юрадиган агентлар кўпайиб кетди, Катанец термамизга мос мураббий ёхуд Акрам Комилов нега собиқ клубига қарши ўйнамайди?
АГМК клуби ушбу турда “Пахтакор”га қарши майдонга тушади. Бу ҳар иккала жамоа учун ўта муҳим ўйин. Шу билан бирга учрашув оғир ўтишини тахмин қилса бўлади.
АГМКда эса жиддий йўқотиш сифатида ҳимоячи Акрам Комиловни айтиш мумкин. Мавсум бошида айнан “Пахтакор”дан олмалиқликлар сафига қўшилган футболчи бўлажак баҳсда собиқ клубига қарши майдонга туша олмайдиган бўлди. Sports.uz мухбири Комилов билан суҳбатда бир қатор саволларга жавоб олди.
- “Пахтакор”га қарши ўйин нафақат АГМК, балки сиз учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бўлажак учрашув олдидан фикрларингиз қандай?
- Албатта, АГМК футболчиси бўлганим сабабли ўз жамоамнинг ютишини хоҳлаяпман. Биз бу ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўряпмиз. Мураббийларимиз ҳар куни бизга “Пахтакор”га қарши ўйин учун керакли кўрсатмаларни ва тушунчаларни беряпти. Ҳамма қийин ўйин бўлишини билади ва тушуниб турибди. “Пахтакор” ютқазмайдиган жамоа эмас. Ютса бўлади. Ҳамма нарсани иложиси бор. АГМК майдонга фақат ғалаба учун тушади. “Нефтчи”га қарши ўтказган ўйинимиздан сўнг, бор эътиборимиз “Пахтакор” билан беллашувга қаратилган. Ортимиздаги жамоалар билан ўртадаги тафовут бир-икки очко холос. Агар “Пахтакор”ни ютсак фарқни оширишимиз мумкин бўлади.
- “Пахтакор”ни бошқалардан кўра яхшироқ биласиз. Чунки у ерда ўйнагансиз ва муҳитини, футболчиларнинг характери-ю, имкониятларидан хабардорсиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Пахтакор”нинг ожиз томони нимада?
- Иккала жамоани ҳам ожиз томонини айта олмайман. Ҳозирги вазият шундайки, ким камроқ хато қилса ва йўл қўйилган хатодан фойдаланса, ўша жамоа ютади деб ўйлайман. Иккала клубнинг камчилик жиҳатлари кам. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, АГМК, “Локомотив” каби клубларнинг савияси билан пастдаги жамоаларнинг савияси ўртасида катта фарқ йўқ. Фақат маҳорат ва ижро борасида ютиши мумкин. Чемпионатимизда деярли барча жамоаларнинг ўйин савияси бир хил. Кимда иштиёқ кўп бўлиб, камроқ хато қилса, ўша жамоа ютади.
- Биринчи даврада “Пахтакор” Олмалиқда жавобсиз учта гол уриб, ютиб кетганди. Беллашувда сиз ҳам иштирок этгандингиз. Жамоангиз ўша мағлубиятни унутдими ёки реванш олиш учун иштиёқ кучлими?
- Биринчи даврада ютқазганимиз ёқимсиз бўлган. Футболчиларда ўша мағлубит алами бор. Муваффақиятсиз ўйинни унутиш учун ҳам бу сафар ютишга ҳаракат қиламиз. Ўшанда хатоларга йўл қўйганимиз эвазига дарвозамиздан голлар ўтказганмиз. Энди ўша хатолар такрорланмаслиги керак. Бу сафар яхши натижа бўлади деб ўйлайман.
- Муҳим ўйинда майдонга туша олмаслигингиз ўзингизга қанчалик таъсир қиляпти?
- Сариқ карточкаларим тўрттага етгани сабабли ўйинни ўтказиб юбораман. Тўғриси, майдонга туша олмаслигим албатта менга таъсир қилди. Чунки “Пахтакор”га қарши ўйнашни жуда хоҳлагандим. Ахир шу клубдан келгандим. Ўзимни яхши томонларимни кўрсатишни хоҳлагандим. Балки Кубок баҳсларида яна тўқнаш келармиз. Жамоадошларимга далда бериб турамиз. Бутун фикру-хаёлимиз “Пахтакор”га қарши учрашувга қаратилган. Биринчи даврадаги хатоларга йўл қўймаслик учун ҳам мураббийларимиз видео орқали тушунтириб боришяпти.
- “Пахтакор” яна пешқадам бўлиб турибди. Кимдир клубни “тахт”дан тушира оладими?
- Албатта, “Пахтакор” дербида фаворит ҳисобланади. Биз иккинчи ўриндамиз ва унинг асосий рақобатчиси эканлигимизни исботламоқчимиз. Масалан, Кубок ўйинида “Турон” “Пахтакор”ни яхшигина қийнаб қўйди. Голни қўшимча дақиқада уришди.
- Ёзги трансфер вақтида сизга яхши таклифлар тушгани қанчалик ҳақиқат?
- Тўғрисини айтсам, менга бу ҳақда ҳеч нима етиб келгани йўқ. Балки клубга айтилгандир. Агар менга таклиф билан чиқишса, буни очиқчасига айтаман. Ҳали шахсан ўзимга ҳеч ким алоқага чиқмади. Мени агентим йўқ-да.
- Қачондир агент билан ишлаш ниятингиз борми ёки ҳозирча сизга керак эмасми?
- Ҳар хил агентлар бор. Қайсидир агент сиз билан ишлашга иштиёқи баланд бўлиб, ўз ишини пухта бажариб, яхши-яхши клубларни топса, шунда ҳамкорлик қилиш мумкин. Сиз билан шартнома тузиб, кейин алдаб юрса – агент дегани бундай бўлмайди. Ўзбекистонда шунақа агентлар кўпайиб кетди. Кўпчилиги шунчаки оғизда агент холос. Мен эса ўз ишини пухта биладиган, реал агент билан ишлашни хоҳлайман.
- Демак, сизда уларга нисбатан ишонч кам...
- Ҳа, шунақа. Кўраётган бўлсангиз, ўйинчиларимиз четга кетишяпти. Агентларнинг хатоси билан икки-учтаси қайтиб келди.
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Сречко Катанецга топширилаётгани борасида сиз нима дея оласиз?
- Ҳозирча Катанец ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Ҳали ҳеч бир футболчи у билан ишлаб кўргани йўқ. Қачонки, унинг машғулотлари ва ўйинларида ўйнаб кўргандан кейин нимадир айтиш мумкин. Катанецни терма жамоага таклиф қилишдими, демак шунга мос мураббий. Қолганини вақт кўрсатади. Шуниндек, унинг қўли остида қандай ўйнаб кетиши футболчиларга ҳам боғлиқ. Чунки майдондаги ўйинчилар ҳам кўп нарсани ҳал қилиб беради. Ё мураббийни кўтаришади, ёки...
- Сиз ҳам унинг қўл остида тўп суришдан умид қиляпсизми?
- Албатта. Шунга умид қиламан.
Фикрлар