ПФЛ битта жамоа чемпионатни тарк этганини маълум қилди
“Арал самали U-19” ўз ёш тоифасида ўтказиб келинаётган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этмайди. Жамоа ҳозирга қадар мазкур мусобақада фақатгина 2 та ўйинда иштирок этган бўлиб, Регламент асосида мазкур учрашув натижаси бекор қилинади. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Арал самали” клубига мавсумни бошлаш осон бўлмаганидан келиб чиқиб, қатор масалаларда енгиллик беришга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, “Арал самали” бу имкониятлардан фойдаланмади.
U-19 жамоасини ташкил қилиш ва унинг чемпионатдаги иштирокини таъминлаш ОФК лицензиялаш талабининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, “Арал самали” футбол клуби мазкур талабни бажармаган ҳисобланади.
Маълумот учун, 2022 йилги мавсумдан эътиборан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши республика футбол ассоциацияси қошида янги “Арал” жамоасига асос солган бўлиб, айни пайтда мазкур жамоа Биринчи лига мусобақасида пешқадам бўлиб турибди (“Арал самали” эса Про лигада 8-ўринда бормоқда). Қорақалпоғистон жамоаларидан бирининг 2023 йилги мавсумда ҳам Про лигада иштирок этиши учун эндиликда фақат битта йўл мавжуд: “Арал” жамоасининг Биринчи лигани пешқадам сифатида якунлаши.
Фикрлар