ПФЛ бош директори: "Олимпик" клуби ташкил этилишига қарши чиққанман, сабаби...

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги каналида, “Олимпик” футбол клуби ҳақида фикр билдирди.

“Олимпик ғояси илгари сурилганда унга қарши овоз берганман. Жамоа 2002 йилда сунъий кучайтирилган Пахтакорга ўхшаб қолиши ва шу ғоя оқибатлари яна айланиб келишини истамаганман.

Темур Кападзе билан суҳбатдагина Олимпик Пахтакор, Насаф ёки бошқа клублардаги асосий футболчиларга (Ҳожимат Эркинов, Иброҳимҳалил Йўлдошев, Диёр Холматов, Хусайн Норчаев ва ҳоказо) тегмаслиги, балки захирада қолиб кетаётган иқтидорларга имконият бериш орқали, олимпия термасида кучли рақобат ҳосил қилиш ниятида эканлигини тушунганмиз. Айнан шундан келиб чиқиб ЎФА президенти жамоани Про лигага қўшиш топшириғини берган ва ўтган мавсум Олимпик ўз кучи билан Coca-cola Суперлига йўлланмасини қўлга киритган. Яхши биласизки, 20 йил аввал Кападзе, Нестеров, Жепаров ва яна қатор футболчилар сунъий йиғиб олинган, бир жамоани кучайтириш орқали чемпионатда интрига ўлган, мухлислар ташрифи кескин камайиб кетган. Қолаверса, биз на жаҳон чемпионатига чиқдик ва на Осиёни олдик.  

Олимпик эса эътиборда четда қолаётган иқтидорлар билан инқилоб қила олди. Агар ўша вақтда барча номзодлар бир жамоага йиғиб олинганида, бу қолган клубларга нисбатан катта ноҳақлик бўларди. Ҳар бир клуб ўз мевасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Олимпик ўз жамоасида асосий таркиб учун потенциали катта футболчиларга тегмади ва фақатгина эътибордан четда қолаётган номлар билан жамоа тузди. Умид қиламанки, бу йўналиш яқин келажакда ўзини оқлайди”, - деди Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!