ПФЛ. Ҳар бир футболчига 25 миллион, мураббийга 20 миллион...

“Apex Insurance” суғурта компанияси билан ҳомийлик шартномаси имзолаган Профессионал футбол лигаси клубларга навбатдаги енгилликни яратиб беради. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, футболчиларнинг майдонда жароҳат олмасликларини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Шу боис, ЎзПФЛ сўнгги йилларда футболчи, мураббий, ҳакам ва назоратчиларни суғурталаш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, жорий йилги мавсумда ПФЛ томонидан ўтказиладиган Суперлига, U-21, Про-лига, Биринчи лига, аёллар Олий лигаси, футзал Олий лигаси мусобақаларида иштирок этувчи барча спортчи (футболчи)лар ҳамда ушбу мусобақаларни бошқарувчи ҳакам ва назоратчиларини бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш айнан “Apex Insurance” томонидан амалга оширилади.

Бунда “Apex Insurance” ҳар бир футболчига 25 миллион, мураббийга 20 миллион, ҳакам ва назоратчиларга 10 миллион сўмлик суғурта полисларини тақдим этади. Унинг ёрдамида футболчи, мураббий, ҳакам ва назоратчилар эҳтимолий жароҳатлари учун моддий таъминотга эга бўлади.

Қайд этиш жоиз, ўтган мавсум футболчиларга 10 миллион сўмлик суғурта полислари тақдим этилган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!