ПФЛ яна бир клубга муҳлат берди
Муборакнинг “Машъал” футбол клуби ўзининг уй учрашувларини ўтказадиган “Баҳром Вафоев” стадиони жорий йилнинг 15 июль санасидан бошлаб Про лига беллашувларини қабул қила олмаслиги мумкин.
Икки мавсум аввал Лига Суперлига клубларига прожекторлар юзасидан қатъий талаб қўйган бўлиб, стадиони ёритиш тизими талабга жавоб бермайдиган футбол клублари ўз уй учрашувларини бошқа аренада ўтказишга мажбур бўлганди. Бунинг натижасида Суперлига беллашувларини иссиқ об-ҳаво шароитида тўлиқ кечки салқинда ўтказишга эришилди.
Бугунга келиб, Про лиганинг 11 клубидан 9 таси прожекторлари минимал талабларга жавоб берадиган стадионларда ўз уй учрашувларини ўтказиб келмоқда. Бироқ улар орасида “Баҳром Вафоев” стадиони йўқ. Про лиганинг биринчи давраси доирасида “Машъал” ёз фаслида ўз майдонида ўйин ўтказмайди. Шундан келиб чиқиб, Лига клубга 15 июлга қадар муҳлат берди. Унга қадар прожектор масаласи ижобий ҳал қилинмаса, “Машъал” уй учрашувлари учун бошқа стадион топишига тўғри келади ва иккинчи даврадан бошлаб уй ўйинларини Муборакда ўтказмайди.
Маълумот учун, Про лиганинг бошқа бир клуби “Арал” тўп суриши режалаштирилган Нукусдаги катта стадион 2023 йилдан бошлаб таъмирга киради. Шундан келиб чиқиб, 2024 йилнинг июнь ойига қадар “Арал” учун муҳлат белгиланган. Унга қадар прожекторлар минимал кўрсаткичга олиб чиқилмаса, “Арал” ҳам уй учрашувларини бошқа аренада ўтказишига тўғри келади. Лиганинг уч йиллик режасига кўра, 2024 йилнинг ёз ойидан бошлаб Про лиганинг барча футбол клублари прожектори талабга жавоб берадиган стадионда ўйнаши лозим.
Фикрлар