Питер Хюистра: "Қувватов бизга қўшимча икки очко келтирди"

Суперлиганинг 15-турида “Пахтакор” клуби “Локомотив” стадионида “Машъал” мезбонлиги остида кечган баҳсда Драган Чераннинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди.

Учрашувдан кейин “Пахтакор” бош мураббийи Питер Хюистра журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Ўйинни иккита турли таймларга бўлган бўлардим. Биринчи бўлимда хотиржам ўйнадик, вазиятлар яратдик, ҳисобни очдик ва яна гол уришимиз мумкин эди. Иккинчи бўлимда эса, майдонда кўпроқ кескин кураш кечди. Олдинга ўтиб яхшироқ вазиятлар яратишимизни кутгандим. Иккинчи бўлим ўрталарида имкониятлар бўлди, аммо биз ҳисобни 2:0 га олиб чиқа олмадик. “Машъал” ҳам яхши ўйнади, қулай имкониятларни яратди. Санжар Қувватов пенальти тепилган вазиятда жамоани сақлаб қолди. У бизга қўшимча икки очко келтирди.

- “Пахтакор” охирги иккита ўйинда тўлиқ ташаббус эга бўла олмаяпти. Бу футболчиларнинг ўйин ритмига туша олмаётгани билан боғлиқми ёки тактика шундайми?

- Биринчи ўринда рақибларни айтган бўлардим. Улар бизга қарши жуда яхши ўйнаяпти. Бу борада уларни олқишлашим мумкин. Ўз навбатида, биз ҳужумда ижодкорликни ва қарши ҳужумларда ўйинимизни янада яхшилашимиз мумкин. Шу жиҳатлар устида ишлашимиз керак. Барибир рақиб жамоаларнинг ҳам яхши ўйин кўрсатаётганини эътироф этишим лозим. Бундан ташқари, бугун рақибимиз кескин курашлар билан ўйнади. Ҳаттоки, ҳакам ўйинни қатъийроқ бошқариши ҳам мумкин эди, аммо у кўпроқ курашларга қўйиб берди. Агар ўйин шунақанги суръатда давом этса, жамоам ҳам шунга мослаб ўйнаши керак ва шундай ҳам бўлди. Агар мавсумнинг қолган учрашувларида ҳам шу каби ўйинлар бўлса, бу биз учун яна бир синов ва ўзига хос чақирув бўлади.

- Жамоа ўтган ўйинларда гол уряпти ва ташаббусни рақибга беряпти. Ёки жамоани иккинчи бўлимда кучи етмаяптими? Арвеладзе ишлаган пайтда тактика бошқачароқ эди...

- Бизда ўйин фалсафаси ўзгармаган. Охирги тўрт йилда қандай ўйинни йўлга қўйган бўлсак, ҳозир ҳам шундай ишлаяпмиз. Лекин бошқа томондан қараганда, рақиблар ҳам бизга қарши яхшироқ ўйнаяпти. Майдондаги ишимизни қийинлаштиришга уринишяпти. Бундай кескин учрашувларда футболчиларимизнинг жанговарлигини намойиш этаётгани ва ютаётганимиз яхши. Ҳамма ўйинни шундай ўтказсак жуда қизиқ бўлади. Агар Машариповга ўхшаган футболчи бўлса, албатта ўйин динамикаси ўзгаради.

- Кримец, Исмоилов ва Козак каби ҳимоячилар қайдномага киритилмади. Бу нима билан боғлиқ?

- Козакда инфекция борлиги учун бизга ёрдам бера олмасди. Анзур Исмоилов бир-икки ҳафтада сафга қайтади. Кримец операция қилинган. Шу сабабли узоқроқ муддатга сафдан чиққан. Бугун Марлен Чобанов асосий таркибда майдонга тушди. Ёш футболчига айнан шундай ҳолатларда ишонч билдирамиз. Унинг ўйинидан қониқдим. Пенальти бўлган вазиятда унга омад кулиб боқмади. Лекин умумий маънода яхши кўринди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!