Погба катта пулдан воз кеча оладими?

Франциялик ярим ҳимоячи Поль Погбани янги шартномага кўндириш мақсадида “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти унга клуб тарихида ҳеч кимга берилмаган маош ваъда қилмоқда.

Маълумотларга қараганда, манчестерликлар Погбага янги шартнома бўйича ҳафтасига 400 минг фунт тўлашга тайёр. Агар у келишувни имзоласа клуб тарихида энг кўп маош оладиган футболчига айланади.

Айни пайтда “Манчестер Юнайтед”да энг катта маошни испаниялик дарвозабон Давид де Хеа олмоқда. Клуб унинг хизматлари учун ҳафтасига 375 минг фунт тўлаяпти.

Погбанинг клуб билан шартномаси мавсум якунланиши билан тугайди. Моҳир ярим ҳимоячини “Реал” келаси ёзда ўз сафига қўшиб олмоқчи, ПСЖ эса Погбани Францияга қайтариш учун ҳафтасига 600 минг евро маош беришга тайёрлигини айтган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!