Погбадан Искогача! Қишда амалга ошиши мумкин бўлган трансферлар

Одатда, қишки трансфер ойнаси чоғида катта келишувларга кўзимиз тушмайди. Шундай бўлса-да, бу сафар ҳаммаси ўзгача кўриниш олиши мумкин. Кўплаб юлдузлар жамоасини алмаштириш ниятида. Уларга эса, биратўла бир неча жамоалардан таклиф келиб тушган. Бугун гранд клублар нишонидаги таниқли футболчилар билан қисқача таништириб ўтамиз.

Поль Погба - «Ювентус» , «Реал», ПСЖ

zxc2

Погба Манчестерга кўчиб ўтганидан бери ҳар йили унинг кетиши борасида миш-мишлар пайдо бўлади. Қизиқувчан инглиз нашрлари уни ПСЖ ва «Реал» жамоаси нишонида эканлиги ҳақида ёзмоқда. Ваҳоланки, айни дамда ярим ҳимоячи учун асосий фаворит «Ювентус» бўлиб турибди. Шу кунга қадар «Манчестер Юнайтед» Погбани «улғайишини» кутди. Афсуски, бу жараён амалга ошмади. Энди уни катта маош эвазига таркибда ушлаб туришдан наф йўқ. У қилиши керак бўлган ишни Бруну Фернандеш ортиқча муаммосиз уддаламоқда. Шундай экан, қишда «Ювентус» Погбанинг трансферини 50-70 миллион евро атрофида сарфлаб, ҳал этиши мумкин.

Месут Ўзил - «Фенербаҳче», «Ди Си Юнайтед», «Интер Майами» 

zxc1

32 ёшли Ўзил «Арсенал»нинг сўнгги йиллардаги етакчиси бўлиши тахмин қилинган эди, бироқ у фақат бошоғриққа айланди, холос. У ҳар ҳафта олаётган маоши АПЛдаги барча футболчилари учун орзудек бир гап. «Туманли Альбион»даги энг бадавлат 5 та футболчидан бири бўлишига қарамай, қаҳрамонимиз деярли ўйинларда иштирок этмаяпти. Ундан Артетанинг тўлиқ «кўнгли совиган». Ўйин қайдномаларидан тушиб қолиши одатий тусга кирган ЖЧ ғолибининг келажаги катта сўроқ остида қолмоқда. Лондон клуби фойдасиз ижрочидан қутилиш ниятида. Месут эса, каттагина маош олаётган бир пайтда жамоасини алмаштирмоқчи эмас. Ҳаммасини шу ойдаги музокаралар ҳал этади.

Деле Алли - ПСЖ, «Вест Хэм», «Атлетико» Мадрид

zxc4

Эндигина 24 ёшга қадам қўйганига қарамай, Аллини тажрибали футболчилардан бири, дейишимиз мумкин. Почеттино даврида «шпорлар»нинг «юрагига» айланган йигит ҳозир асосий таркиб учун курашда мағлуб бўлмоқда. Боз устига, «Тоттенхэм» устози билан ҳам алоқалари яхши эмас. Инглиз нашрларининг маълум қилишича, Почеттино унинг Парижга кўчиб ўтишини истамоқда. Париж клуби раҳбарлари аргентиналик мураббийнинг талабини қондириш учун 40-50 миллион евродан воз кечиши мумкин. Ёки Аллини ижарага олиш варианти ҳам мавжуд.

Оливье Жиру - «Вест Хэм», «Атлетико» Мадрид, «Интер»

zxc6

«Челси» сафида ЕЧЛ баҳсида 4 та гол киритадиган амалдаги ЖЧ ғолиби ҳам ўзига янги жамоа излаб юрганлардан бири. Лондон клуби французни қўйиб юбормоқчи эмас, аммо Жиру Абрахам билан асосий таркибдаги ўрнини бўлишиш ниятида эмас. У нисбатан кучсизроқ бўлса-да, доимий ўйин амалиёти тақдим этишга қодир клубни изламоқда. Яқинда испан нашрлари «матрасчилар»нинг Жируни таркибга қўшиб олмоқчи эканлиги ҳақида маълумот тарқатган эди. Оливьенинг бошқа чемпионатда ўзини қандай кўрсатиши кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Дивок Ориги - «Ливерпуль», «Ньюкасл», «Лидс», «Милан», «Вулверхэмптон»

zxc7

Ориги ўзи шундоқ ҳам «Ливерпуль»нинг асосий футболчиси эмас эди. Диего Жота келгач, уни Клопп шунчаки «унутиб» қўйди, десак адашмаган бўламиз. Эндигина 25 ёшга қадам қўйганига қарамай, Дивок ўзининг юқори формасини кўрсатиб бўлди. Катта эҳтимол билан «Ливерпуль» уни қишда қўйиб юборади. Гап шундаки, Дивок ўйин амалиётисиз қолиб кетаётганидан норози. Шахсан ўзи, бир неча бор қўйиб юборишларини илтимос қилишга улгурди. Айни дамда, уни таркибга қўшиб олиш эҳтимоли юқори клублар кўп. Мисол учун «Вулверхэмптон» Рауль Хименессиз жуда қийналмоқда. «Бўрилар» ЕЧЛ финалида гол киритган бельгиялик ҳужумчи учун 15-35 миллион евро атрофида пул сарф этишга қарши эмас.

Олександр Зинченко - «Вест Хэм», «Саутгемптон», «Лестер»

zxc101

Зинченконинг турмуш ўртоғи Пеп Гвардиола ҳақида турли гапларни айтгач, футболчининг клубда қолиши катта савол остида қолган эди. Янги мавсумда кутилганидек, у асосий таркибда умуман кўрингани йўқ. Бутун мавсум давомида АПЛ баҳсларида атиги 12 дақиқа ҳаракат қилганини инобатга олмаса, Олександрнинг таркибда эканлигини мухлислар унутиб ҳам қўйишгани рост. Футболчи айни ўйнайдиган пайти «Сити»нинг захира ўриндиғида қолмоқчи эмас. Боз устига, у сингари универсалларни қадрлайдиган бир нечта инглиз клубларидан таклифлар мавжуд. Катта эҳтимол билан, Зинченко шу қишда ўз фаолиятидаги энг катта қадамлардан бирини ташлайди.

Леандро Паредес - «Зенит», «Интер»

zxc9292

Париж супер клуби ярим ҳимоячиси ҳам Тухелнинг ортидан кетишга яқин турибди. Ёзда уни ПСЖ «Интер» футболчиси билан рокировка қилмоқчи эди. Миланликлар Марсело Брозовичга Паредесни айирбошлашни истамагач, энди Париж клуби Эриксен учун уни таклиф этмоқда. Аргентиналик футболчи ўтган йиллар давомида ҳеч нарсага эриша олмади. Шу боис, унинг кетиши катта йўқотиш бўлмаслиги аниқ. Леандро эса, Италияда ўзини нималарга қодир эканлигини исботлашга уриниб кўради.

Иско - «Севилья», «Арсенал», «Ювентус», «Эвертон»

zxc2020

Зидан Исконинг хизматларидан тўлиқ воз кечган шекилли. Устига-устак, Исконинг шартномаси 2022 йилда ўз якунига етади. Мадрид клуби уни сотмоқчи бўлса, ҳозир айни пайти. Ярим ҳимоячининг ўйин сифати анча пасайиб бормоқда. Бир йилдан сўнг, унинг трансфери учун 40 миллион евро тўлашга тайёр жамоа топилмаслиги турган гап. Ҳозирда, плэймейкер учун асосий даъвогар «Эвертон» ва «Арсенал» бўлиб турибди. Ҳа демай, унинг кейинги клуби ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлса, ажаб эмас.

Аркадиуш Милик - «Рома», «Ювентус», «Тоттенхэм», «Эвертон»

zxc29239

Польяк ўзининг имкониятларини тўлиқ намойиш эта олмаяпти. У ва Гаттузо ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли, ҳужумчи қишдаёқ жамоасини ўзгартирмоқчи. Италия чемпионатида 48 та гол киритган ҳужумчига талаб катта. Шу боис, катта эҳтимол билан Милик январь ойида янги клуб либосида кўриниш беради.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)