Португалия терма жамоаси мураббийи: Роналду ва бошқа ўйинчилар келажак ҳақида ўйлашмаяпти
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес тажрибали ҳужумчи Криштиану Роналдунинг миллий жамоадаги келажаги ҳақида фикр билдирди.
Мартинеснинг таъкидлашича, Роналду ҳали ҳам жамоадаги бошқа футболчилар учун намуна бўлиб қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, Криштиану ҳар дақиқада майдонга бутун борлиғи билан киришади ва шу орқали ёшларга руҳий куч бағишлайди. Мураббий ESPN билан суҳбатда ҳозирча Роналду ҳам, бошқа футболчилар ҳам келажак ҳақида ўйлаётгани йўқлигини, асосий эътибор яқинлашаётган йирик мусобақага қаратилганини қайд этди.
"Роналдунинг терма жамоа билан эҳтимолий хайрлашуви? Бу ҳақда ҳозир умуман ўйлаётганимиз йўқ", — деди Мартинес.
Маълумки, 41 ёшли Криштиану Роналду Португалия терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионати учун эълон қилинган таркибига киритилган. Мусобақада португаллар Ўзбекистон, ДР Конго ва Колумбия терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган.

Фикрлар