Пойгачи оқланди, жамоа жазоланди!
Канададаги “Формула-1” турнирининг саралаш пойгаларидан сўнг шов-шувли қарорлар чиқарилди. Пойгадаги бир неча ҳолатлар муҳокама қилинганидан кейин стюардлар ўз қарорларини маълум қилди.
Натижада машҳур пойгачи Льюис Хэмилтондан ҳамкасби Пьер Гаслига халақит қилганлик айби олиб ташланди. Саралашдан кейин Хэмилтон ва Alpine F1 Team вакиллари билан суҳбат ўтказилганидан сўнг, стюардлар ҳеч қандай чора кўрмасликка қарор қилди.
- 44-рақамли машина ҳайдовчиси (Хэмилтон) 10-рақамли болид (Гасли) тезкор айланани бажармаётган, деб ўйлаганини айтди. Жамоаси ҳам худди шундай фикрда бўлганини тасдиқлади. 10-рақамли машина ҳайдовчиси ва жамоаси ҳам бу ҳолатни “кераксиз тўсқинлик” деб ҳисобламасликларини билдирди. Шу сабабли қўшимча чора кўрилмади, - дейилади стюардлар хулосасида.
Шунингдек, Лэнс Стролл ҳам Нико Халкенбергга халақит берганлик бўйича оқланди. Стюардлар Строллнинг йўлдан чиқиб кетмаслик ҳақидаги изоҳини қабул қилди, рақиб жамоа ҳам ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаганини тасдиқлади.
Бироқ “Астон Мартин” жамоаси икки техник хатоси учун жами 12 500 евро жаримага тортилди.
Биринчи ҳолатда Лэнс Строллнинг болиди хавфсиз бўлмаган ҳолатда пит-лейндан чиқарилган. Машина ғилдирак қопқоқларидан бирини пит-лейнда, яна бирини эса трассада йўқотган. Бу учун жамоага 7 500 евро жарима солинди.
Стюардлар баёнотида “18-рақамли машина пит-лейн бўйлаб ҳаракатланаётганда ғилдиракнинг ташқи қопқоғини йўқотди. Кейин биринчи айланада ички қопқоқ ҳам тушиб кетди. Ушбу қисм карбон толасидан тайёрланган бўлса ҳам, бошқа машина ёки инсонга тегса хавф туғдириши мумкин эди, дейилади.
Жамоа текширув жараёнида ушбу қисмларни маҳкамлаш тизими етарлича назорат қилинмаганини тан олди ва жараённи қайта кўриб чиқишга ваъда берди.
Иккинчи ҳолатда эса Фернандо Алонсо болиди саралаш пойгаси бошланишида хавфсиз бўлмаган тарзда трассага чиқарилган. Натижада Франко Колапинто тўқнашувнинг олдини олиш учун кескин ҳаракат қилишга мажбур бўлган. Бу қоидабузарлик учун жамоага қўшимча 5 000 евро жарима берилди.
Шу билан бирга, Серхио Перес мусобақа директори кўрсатмаларини бажармагани учун расман огоҳлантирилди. У 13-бурилиш олдидан бошқа машиналарни ўтказиб юбориш учун трассанинг ўнг қисмига чиқмаган. Бироқ стюардлар унинг Алонсога халақит берган-бермаганини кўриб чиқмади.

Фикрлар