Премьер-лигада гол урган легионеримизга мағлубият жуда алам қилди!
Қозоғистон премьер-лигасининг бу мавсумидан қўшни мамлакат чемпионатида яна ўзбекистонлик легионерлар кўпая бошлади. Бир неча йиллик танаффусдан кейин Қозоғистон клублари ўтган мавсумда “Пахтакор” ҳужумчиси Игорь Сергеевни ўз жамоасига таклиф қилганди.
Бу гал қўшни мамлакат премьер-лигаси клублари ёш бўлишига қарамай, анча танилган ўйинчимиз – Жасур Жалолиддинов ва ёш истеъдод эгаси Одилбек Абдумажидовни ўз сафига қўшиб олди.
Умуман олганда, бу йилги чемпионатда дунёнинг турли қитъаларидан 30 дан зиёд мамлакатдан келган хорижлик футболчилар қозоқ клублари шарафини ҳимоя қилмоқда. Улар орасида ўзбек футболи тарбияланувчилари ўз ўрнини топа олаётгани қувонарли ҳолдир.
Игорь Сергеев Қозоғистондаги дебют мавсумини “Актобе”да бошлаб, чемпионатнинг иккинчи ярмида “Тобол”га кўчиб ўтганди. Омадни қарангни, ҳамюртимиз ўз голлари билан кустанайликларнинг чемпион бўлишига ҳисса қўшди. Ҳамюртимиз “Пахтакор”даги чемпионликни Қозоғистондаги муваффақиятига улаб юборди.
Бу гал қозоқ клублари “Тобол”га чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилишга жиддий қаршилик кўрсатмоқда. Игорь Сергеев жамоаси 7-тур учрашувида ўртамиёна клуб – “Атирау” меҳмони бўлиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу чемпион жамоанинг иккинчи мағлубияти бўлди.
Учрашувда ҳамюртимиз тўп киритганди. Лекин бу мезбонлардан очко олишга камлик қилди. “Тобол” бешинчи турда “Ордабаси”га ютқазган баҳсда ҳам легионеримиз ўз ҳисобига тўп ёздириб қўйган, бироқ бу жамоасига фойда келтирмаганди. Игорнинг фақат биринчи турдаги илк голи “Тобол”нинг “Акжайик” устидан кичик ҳисобдаги ютуғини таъминлаганди.
Ҳозирча, еттита ўйинда учта тўп киритган ҳамюртимиз сўнгги учрашув бўйича фикрларини билдириб ўтди.
- Оғир ўйин. Яккакурашлар кўп бўлди, кўп курашдик. Шундай учрашувда ютқазганимиз аламли бўлди. Табиийки, энди хатоларимиз устида ишлаймиз, уларни тузатишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, биз ўзимиз қодир бўлган ўйинни кўрсата олмадик.
Бош мураббийимиз таъкидлаганидек, биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, меҳнат қилишни давом эттирамиз ва хатоларни такрорламаслик ҳаракатида бўламиз, - деди Игорь Сергеев.
“Тобол” еттинчи турдан кейин 11 очко билан бешинчи ўринда бормоқда.
20 ёшли ҳимоячимиз Одилбек Абдумажидов ўйнаётган “Ордабаси” жамоаси еттинчи турда ўз майдонида “Қизил-Жар” футболчиларини қабул қилиб, 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Марказий ҳимоячи сифатида тўп тепаётган ҳамюртимиз одатдагидек бу баҳсни тўлиқ майдонда ўтказди.
Қозоқ футболининг яқин ўтмишдаги байроқдори – “Қайрат” ўз сафига Жасурбек Жалолиддиновни қўшиб олган. Ҳозирча ҳужумкор футболчимиз лигада тўртта ўйинда майдонга тушди. У қўшни мамлакатнинг машҳур жамоаси асосий таркибига кириш учун курашни давом эттирмоқда.
Жалолиддинов икки йил муқаддам Россияга йўл олганидан хабарингиз бор. Ўшанда ёш ўйинчимиз Москванинг “Локомотив” жамоаси билан узоқ муддатли шартнома имзолаганди. Лекин москвалик “темирйўлчилар” унга ўзини кўрсатиш имконини бермаганди.
Кейинчалик Жасур ижара асосида “Тамбов” клубига ўтиб, бу жамоада ҳам премьер-лига ўйинларига жалб қилинмади.
Вақтни бой бермасдан юртимизга қайтган 19 ёшли ярим ҳимоячи бир муддат “Андижон” ва Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида юрганидан кейин бу йилдан эътибор “Қайрат” сафига қўшилиб яна легионерга айланди.
Моуриньо Шомуродовдан воз кечди(ми)?!
Моуриньо битта қўнғироқ билан катта трансферни ҳал қилди!
Шомуродовсиз ҳам эплашди! Моуриньо яна нималар деди?
“Рома” ҳужумчиси бўйича кутилмаган вазият юзага келди!
Моуриньо ўйнатмаётган ҳужумчига Испания грандидан таклиф бор
Фикрлар