Премьер-лигада тўп сурган энг яхши испан футболчилари (топ-10)

Англия Премьер-лигаси кўп жиҳатлари бўйича экспертлар ва мухлислар томонидан дунёнинг биринчи рақамли ички чемпионати сифатида тан олинган. Ушбу лигада тўп суришни хоҳламайдиган футболчи деярли топилмаса керак. Лига шиддати, рақобати суперюлдузлари ва бошқа жиҳатлари билан доим мухлислар эътиборини қозониб келган.
“Туманли альбион”да француз, испан, немис ва итальян футболчилари ҳам тўп суради ва айнан уларнинг ўйинини томоша қилиш учун кўпчилик бу чемпионатни кузатиб боради. Уларнинг орасида француз ва испанлар алоҳида ажралиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Бугун биз сиз билан Премьер-лигада тўп сурган энг яхши испан футболчилари топ-10лигини тузиб чиқамиз. Ўйлаймизки, “қизил фурия” вакилларининг АПЛдаги фаолияти сизга қизиқ бўлади. Бошладик!

#10: Санти Касорла (“Арсенал” 2012-2018)

Лигадаги жами ўйинлари: 129
Совринлар: 2 та Англия кубоги, 2 та Англия Суперкубоги.

Ўнталикка кириш учун Касорладан ҳам яхшироқ вариант сифатида Микель Артетани, Педро ёки Мичуни мисол қилиб келтиришингиз мумкин, бироқ уларнинг ҳеч бири Сантичалик ўзига хос эмас эди. Меҳнаткаш испан футболчиси “Арсенал”га келиши биланоқ асосий таркибдан муқим ўрин эгаллаган ва деярли ҳар бир ўйинда майдонга тушган. У мавсум давомида нафис ва заргарона паслари, тезкор қарши ҳужумлари ва муҳим голлари билан Лондон клубининг ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишида муҳим рол ўйнаган. Вақт ўтиб, унга турли жароҳатлар хавф сола бошлаган ва ўйин даражаси пасайиб борган, шунда Касорла Премьер-лигада бошқа тўп сура олмаслигини тушуниб етган ва ўз ватанига қайтиб кетган. “Вильярреал”га ўтганидан сўнг ҳам, уни ёрқин хотиралар билан эсга олувчи “Арсенал” мухлислари Сантининг бир ёрқин ўйинини ҳали-ҳануз эслаб юришади: Касорла 2014 йилга Англия Кубоги финалида “Арсенал”нинг камбэкига сабабчи бўлган голига муаллифлик қилган, жарима зарбасидан урилган супер гол эса ўша пайтда бир қанча рейтингларнинг юқори ўринларидан жой олган. “Арсенал” фахри!

photo_2020-12-23_02-00-49 (3)

#9: Хуан Мата (“Челси” ва МЮ 2011-ҳозиргача)

Лигадаги жами ўйинлари: 267 та (ҳали давом этмоқда)
Совринлар: 2 та Англия Кубоги, Лига Кубоги, Англия Суперкубоги, 2 та Европа Лигаси ва Чемпионлар лигаси (“Челси” билан 2011-12 йил).

2019 йилда МЮ билан шартномасини яна 2 йилга узайтирган Мата Сульшернинг ёш футболчиларга асосланган янги жамоасига ўз тажрибасини улашиш ва уларга устозлик қилиш учун Англияда қолди. Унинг Премьер-лигада ўйнаш учун етарлича тажрибаси бор, икки клуб сафида ҳам узоқ муддат асосий таркиб ўйинчиси сифатида майдонга тушган. Клубининг муваффақиятларида ўзининг ўйинни ўқий олиши, ажойиб голли узатмалари ҳамда жаримадан урган супер голлари билан катта ҳисса қўшган. Ван Гал ва Мойес қўл остида захирага михланиб қолганига қарамай, Мата барибир ўзини кўрсатади ва келгуси мураббийлар даврида жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланади.

photo_2020-12-23_02-00-49 (2)

#8: Пепе Рейна (“Ливерпуль” 2005-2013 ва “Астон Вилла” 2020)

Лигадаги жами ўйинлари: 297 та
Совринлар: УЕФА Суперкубоги, Англия Кубоги, Англия Суперкубоги ва Лига кубоги.

Пепе Рейна “Ливерпуль”га Ежи Дудекдан кейин келган дарвозабон ҳисобланади. У клубга келгач, жамоанинг ҳимоя чизиғини бир қадар яхшироқ даражага кўтара олган ва қуруқ ўйинлари билан клубнинг муваффақиятларга еришишида муҳим роль ўйнаган. Дебют мавсумидаёқ УЕФА Суперкубоги ва Англия кубогида зафар қучган испаниялик посбон ўша мавсумда Премьер-лига олтин қўлқопини ҳам қўлга киритади. Умумий ҳисобда Мерсисайд клуби учун ички чемпионатда 285 ўйиндан 231 тасини қуруқ натижа билан якунлаган дарвозабонни рейтингга киритмаслик адолатдан бўлмас эди, шу сабаб у рўйхатимиздан жой олмоқда.
2020 йил январида “Милан”дан “Астон Вилла”га ижарага бериб юборилган Рейна узоқ йиллик танаффусдан сўнг, яна Англияга қайтади, бироқ унинг бу сафари омадли кечмайди: 12 ўйиндан атиги 2 тасини қуруқ ҳисоб билан якунлаган киперга инглизлар ишонч билдирмайди ва ортга қайтариб юборади. Ҳозирда у “Лацио” аъзоси.

photo_2020-12-23_02-00-49

#7: Диего Коста (“Челси” 2014-2018)

Лигадаги жами ўйинлари: 89 та
Совринлари: 2 та Премьер-лига, Лига кубоги.

Диего Костанинг “Челси”даги фаолияти ҳақида гапирганда, унинг ўта қўпол ва қоидабузар футболчи эканлигини эсламасликнинг иложи йўқ. У деярли ҳар бир ўйинда қўпол ўйин намойиш этар ва жуда кўп карточка олар эди. Кетма-кет 2 мураббий билан жанжаллашиб қолганида жамоадан кетишга жуда яқин келган эди. Бироқ унинг голлари ва самарали ўйини бу камчилигини бироз бўлса-да, ёпиб кетарди. “Челси”нинг сўнгги 2 чемпионлик мавсумида 20+ гол урган ва соврин ютишга катта ҳисса қўшган. Безори ҳужумчи клубни жанжалли тарк этганига қарамай, Премьер-лига мухлислари унинг голлари ва ўйинларини ҳалигача хотирлашади.

photo_2020-12-23_02-00-48 (6)

#6: Цезар Аспиликуэта (“Челси” 2012-ҳозиргача)

Лигадаги жами ўйинлари: 276 та (ҳали давом этмоқда)
Совринлари: 2 та Премьер-лига, Англия кубоги, Лига кубоги ва 2 та Европа Лигаси.

Аспиликуэта “Челси”га келгунига қадар “Осасуна” ва “Марсель”да марказий ҳимояда тўп сурган ва бу позицияда унчалик омади юришмаган. Шунга қарамай, Моуриньо унга ишонч билдиради ва жамоасига олиб келиб, ўнг қанот позициясида синаб кўради. Ушбу эксперимент кутилмаганда супер натижа беради ва Цезар бу позициянинг биринчи рақамлиларидан бири бўлиб олади. У “Челси” билан кўплаб муваффақиятларга турли мураббийлар қўл остида эришган. Шундай бўлса-да, жамоага келган ҳар бир янги мураббий унга ишонч билдирган. Узоқ йиллар давомида “аристократлар”нинг сардори вазифасини бажариб келган Аспиликуэта инглиз футболининг ривожига ҳам ҳисса қўшган. У бу ўрин учун ҳақли!

photo_2020-12-23_02-00-48 (5)

#5: Хаби Алонсо (“Ливерпуль” 2004-2009)

Лигадаги жами ўйинлари: 143 та
Совринлари: Англия кубоги, Англия Суперкубоги, Чемпионлар Лигаси ва Европа Суперкубоги.

Испаниялик маэстро “Ливерпуль” клуби мухлисларининг росмана маънодаги муҳаббати эди. 2004 йилда у “Реал Сосьедад”дан Мерсисайдга келгач, ўзининг меҳнатсеварлиги, заргарона узатмалари, тезкорлиги ва ғаройиб голлари билан барчанинг эътиборига тушади ҳамда Рафаэль Бенитеснинг энг яхши шогирдларидан бирига айланади. Алонсонинг Хавьер Маскерано ва Стивен Жеррард билан ҳосил қилган учлигини ўз вақтида нафақат клуб мухлислари, балки Англия ва Европанинг кўплаб мутахассислари ҳам “дунёнинг энг кучли ярим ҳимоя чизиғи”, дея эътироф этади. Хаби камдан кам юлдузларга хос бўлган жуда камтар ва камгаплиги билан ҳам ажралиб турарди. Испаниялик футболчи «Ливерпуль»даги 5 мавсумида жами 200 дан ортиқ баҳсда майдонга тушади ва кетаётган пайтида ҳам мухлисларнинг севимлиси бўлиб қолади. Испан футболи афсонаси!

photo_2020-12-23_02-00-48 (4)

#4: Фернандо Торрес (“Ливерпуль” ва “Челси” 2007-2014)

Лигадаги жами ўйинлари: 212 та
Совринлари: Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси.

Торрес “Ливерпуль”да “Челси”дагига қараганда анча яхши ўйин кўрсатган, самарадорлик жиҳатидан ҳам статистика ўз сўзини айтади. Фернандо Премьер-лигада шу қадар тезкор ўйин намойиш этганки, мутахассислар ҳаттоки унинг ҳужумдаги ҳаракатини Майк Тайсоннинг боксдаги ғазабига ҳам қиёслашган. Ғайритабиий тезлик, куч, иштиёқ ва аниқлик сингари жиҳатларни ўзида жамлаган супер ҳужумчи АПЛ тарихидаги бошқа ҳужумчилардан фарқли ўлароқ, йирик жуссаси билан ҳам тезликка эришиб, голлар ура олган. Унда ҳужумчиларга хос совуққонлик бор эди, доим ҳимоячи ва дарвозабон кутмаган қарорлар чиқариб, дарвозани ишғол этарди ва баъзида шу ҳаракатлари орқали Габриэль Батистутани ҳам эслатиб юборарди. У бир мавсум давомида бирон марта 30 та гол ура олмаган, лекин бирибир ундаги бошқа устунликлар бу камчилигини ёпиб кета олган. Хуллас, унинг ўйинини жонли кўрган ҳар бир одам унинг нега бу ўриндан жой олганини тушунади, бу шубҳасиз.

photo_2020-12-23_02-00-48 (3)

#3: Давид де Хеа (МЮ 2011-ҳозиргача)

Лигадаги жами ўйинлари: 323 та
Совринлари: Премьер-лига, Англия Кубоги, Лига Кубоги ва 3 та Суперкубоги, Европа Лигаси.

Рейтингимиздан ўрин олган 2-дарвозабон. Испанлар доимо дарвозабонлари билан мақтаниб кела олган. Ушбу дарвозабон ҳам “Қизил фурия”нинг фахрий аъзоси десак адашмаймиз. Давид де Хеа ўзининг суперсейвлари, қойилмақом реакцияси ва кўплаб қуруқ ўйинлари билан ўзини клуб ҳамда мухлислар севимлисига айлантирган.
Де Хеа деганда кўплаб мухлислар хаёлига дарҳол суперсейвлар келади. Чунки у ҳаммани мана шу ишига жуда ўргатиб қўйган. Тўғри, баъзи-баъзида у билан йирик “қовун тушириш”лар ҳам содир бўлиб туради, лекин унинг ҳеч ким қила олмайдиган сейвларни амалга ошириши бу камчиликларини ёпиб кетади.
Сўнгги мавсумларда “Юнайтед” мухлислари Де Хеанинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаяпти: раҳбарият ва мураббийдан уни тез-тез захирада қолдириш кераклигини ва ўрнига Ромерони кўпроқ тушириш орқали унда рақобат ҳиссини уйғотиш кераклигини таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, юлдузлик касалига чалинган Давид учун ягона даво шу эмиш.
Нима бўлган тақдирда ҳам, деярли барча мураббийлар унга ишонч билдиришдан чарчамаяпти, Де Хеа эса бу ишончни шунчаки оқлаши кифоя.

photo_2020-12-23_02-00-48 (2)_1

#2: Сеск Фабрегас (“Арсенал” 2003-2011 ва “Челси” 2014-2019)

Лигадаги жами ўйинлари: 350 та
Совринлари: 2 та Премьер-лига, Англия Кубоги ва Лига Кубоги, Европа Лигаси (2018-19).

Сеск Фабрегас фаолияти давомида 2 та АПЛ грандида деярли бирдай фаолият юритган камдан-кам футболчилардан бири ҳисобланади. “Арсенал”да узоқ муддат яхши спорт формасида тўп сурганига қарамай, деярли умуман соврин ютмаганлиги билан кишини ҳайратга солади. Шундай бўлса-да, у қойилмақом ўйинлари билан “Барса” скаутлари эътиборини тортади ва 3 мавсум у ерда совринлари сонини ошириб келади. Лондоннинг бошқа клуби - “Челси”га ўтгач, эса ана шу “Барса”даги кўникмаларидан фойдаланган ҳолда клубнинг совринларга эришишига кўмаклашади ва дастлабки 3 мавсумида 2 марта Премьер-лигани ютишга муваффақ бўлади. “Челси”га ғолиблик руҳини ва мухлислар ишончини қайтариб берган Фабрегас АПЛдаги ғайритабиий фаолияти давомида кўп нарсаларга эришганига қарамай, уни жимжитлик билан тарк этди. У ҳозир “Монако”да тўп сурмоқда.

photo_2020-12-23_02-00-48

#1: Давид Сильва (“Манчестер Сити” 2010-2020)

Лигадаги жами ўйинлари: 309 та
Совринлари: 4 та Премьер-лига, 2 та Англия Кубоги, 5 та Лига Кубоги ва 2 та Суперкубоги

Премьер-лига даврида “Сити” таркибида Давид Сильвачалик кўп соврин ютган футболчини топиш иложсиз. У 10 мавсум ичида клуб билан 13 та турли мусобақалар чемпионлигини тантана қилган. Бундан ташқари, Сильва ўзининг ажойиб плеймейкерлиги, қойилмақом паслари, шедевр голлари ҳамда кучли сардорлиги билан ҳам мухлислар қалбидан чуқур жой эгаллаган эди. Яқиндагина клубни тарк этган футболчини нафақат АПЛдаги испанлар орасидаги энг яхшиси сифатида билишади, балки Премьер-лигадаги энг яхши легионер футболчи, деб ҳам таърифлашади. У “Сити” учун ўз вақтида алмаштириб бўлмас супер футболчи мақомида бўлган, Гвардиоланинг янги жамоаси юраги вазифасини ҳам бажарган. 2010 йилда Яя Туре билан бир вақтда келиб майдон марказида қатъий тартиб-интизом ўрнатган ва илк титулларни қўлга киритишда ўзгача жонбозлик кўрсатган. Сильванинг ҳеч қанақа бузғунчи характери бўлмаган ва ҳар доим жамоа учун борини берган, шу сабаб бўлса керак, уни АПЛдаги энг яхши испан футболчиси, деб ҳисоблашади.

photo_2020-12-23_02-00-47

Абдулла Маннонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)