Превью. “Навбаҳор” – “Насаф”

Эртага Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасида "Навбаҳор" ўз майдонида Қаршининг “Насаф” клубини қабул қилади.

Мазкур жамоалар шу кунгача миллий чемпионатларимиз тарихида ўзаро 45 марта рўбарў келишган. Ушбу ўйинларнинг 22 тасида “аждарлар”нинг қўли баланд келган бўлса, 12та учрашувда “лочинлар” ғалаба қозонишган,  11та баҳсда эса жамоалар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбати – 76-62, “Насаф” фойдасига.

Ўзаро учрашувларда “Насаф” 77 очкони,  “Навбаҳор” эса 47 очкони қўлга киритган. Ушбу клублар ўртасидаги ўйинлардаги энг йирик - 6:0 ҳисоби  Наманганда ва Қаршида қайд этилган.

Превью. Навбаҳор Насаф

“Навбаҳор” ҳамда “Насаф” жамоалари бунгача Наманганда 22 марта куч синашишган. Мазкур баҳсларнинг 9 тасида наманганликлар зафар қучишган бўлса, 4 тасида қаршиликлар ғалаба қозонишган, 9та учрашувда эса дуранг қайд этилган.

Наманганда ўтказилган ўзаро учрашувларда “лочинлар” “Насаф” дарвозасини 42 марта ишғол этишган бўлса, “аждарлар” “Навбаҳор” дарвозасига  24та тўп киритишган.

Мазкур клубларнинг Ўзбекистон кубогидаги натижаларига назар соладиган бўлсак, “Навбаҳор” биллур совринни 3 марта – 1992, 1995 ва 1998 йилларда қўлга киритган ҳамда 1993 йили финал иштирокчисига айланиб, ҳал қилувчи баҳсда “Пахтакор”га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган.

“Насаф” эса 1 марта – 2015 йили Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган ҳамда ушбу мусобақанинг 5 карра (2003, 2011, 2012, 2013, 2016) финалчиси ҳисобланади.

Эътиборлиси, қаршиликлар Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи баҳсида икки марта “Пахтакор”, икки марта “Бунёдкор” ва бир марта “Локомотив”дан мағлубиятга учрашган.

Ушбу клублар Ўзбекистон кубоги баҳсларида ўзаро 5 марта учрашишган. Афсуски, мазкур ўйинларнинг барчасида қаршиликлар зафар қучишган.

Жумладан, Ўзбекистон кубогининг 2000/2001 йиллар мавсуми 1/8 финалида “Насаф” йирик – 3:0 ҳисобида, 2002/2003 йиллар мавсумининг ярим финал баҳсларида “аждарлар” – 2:1 ҳамда 3:1, 2014 йилги мавсумнинг чорак финал ўйинларида эса қаршиликлар 1:0 ва 3:1 ҳисобларида ғалаба қозонишган.       

“Навбаҳор” – “Насаф” клублари ўртасидаги баҳслар доимо муросасиз ҳамда кескин курашлар остида кечган ва бу сафарги ўйин ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Shaxboz Bekmurodov
22/08/2019 09:27
Navbahor 0:2 PFC NASAF