Превью. "Навбаҳор" - ОКМК

Ўзбекистон Суперлигаси 2-тури доирасида "Навбаҳор" Олмалиқнинг ОКМК клубига қарши майдонга тушади.

Мазкур рақиблар шу кунга қадар миллий чемпионатларимизда 32 марта куч синашишган. Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 13 марта, наманганликлар эса 9 марта зафар қучишган. Ўнта учрашувда эса кучлар тенг келган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 41:40, ОКМК фойдасига.

Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 49 очкони, “лочинлар” эса 37 очкони қўлга киритишган. 

Жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Суперлига (олий лига)даги қарама-қаршиликка 2008 йилда асос солинган. Ўша йили Наманганда ўтказилган дастлабки учрашувда наманганликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Олмалиқдаги жавоб ўйинида эса жамоалар дурангга имзо чекканди – 1:1. 

Мазкур клубларнинг шу кунгача Наманганда ўтказилган  16 та баҳсидан 5 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, яна 4 та ўйинда олмалиқликлар зафар қучишган, 7 та учрашувда эса жамоалар дурангга имзо чеккан.

Тўплар нисбати – 19:15, “лочинлар” фойдасига.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – ОКМК учрашуви 9 март куни Намангандаги “Марказий” стадионида соат 18:30 да старт олади.

"Навбаҳор" матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!