"Про лигада қатнашиш "Андижон"га ярашмайди, бир оила эканлигимизни мана шундай қийин пайтда кўрсата олдик". Бир неча йилдан сўнг чемпионатимизга қайтган Илдар Маматказин яна катта саҳнада!

Про лиганинг 6-туридаги марказий ўйин шубҳасиз Яйпанда ўтказилди. У ерда Суперлигага қайтиш учун асосий даъвогарлар ҳисобланган “Турон” ҳамда “Андижон” клублари ўзаро беллашдилар.

Бу шундай ўйин бўлдики, охирги дақиқагача мухлисларни ҳис-ҳаяжонда ушлаб турди. Суперлига даражасидан асло қолишмайдиган драматик учрашувда андижонликлар майдонда бир футболчи кам бўлиб, охирги сонияда гол урган ҳолда ғалабани илиб кетди.

Ўша ҳал қилувчи гол муаллифи ҳимоячи Илдар Маматказин бўлди. Жамоа сардори учрашувдан кейин ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- “Турон”га қарши муҳим ўйиндаги ғалаба билан табриклаймиз. Бу каби оғир беллашувдан кейин нималарни айта оласиз?

- Раҳмат. Аввало, барчани Рамазон Ҳайит байрами билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, биз қийин учрашув учун кетаётганимизни билиб тургандик. Шунга яраша олдиндан яхши тайёрландик. Тўғри айтасиз, беллашув оғир ўтди. Устига-утсак 10 кищи бўлиб қолдик. Лекин ич-ичимдан яхши натижага эришамиз, деб сезиб тургандим. Худога шукр, охирги дақиқада ғалаба қозондик. Бу ғалабамизни Андижон халқига бағишлаймиз. Рамазон Ҳайит байрамига ажойиб совға бўлади.

илдар_3

- “Андижон” майдонда бир футболчи кам бўлиб қолгач, чиндан қийин вазиятга тушиб қолди. Аммо охирги сонияларда гол уриб жамоангиз учун ўта қимматли ғалабани тақдим қилдингиз. Ўша пайтда рақиб жарима майдонига таваккалига борганмидингиз ёки...

- Таваккал эмасди. Мен гол уришимни кутгандим. Учрашувдан аввал ҳам биз яхши натижага эришишимизга ишонганман. Ўйин пайтида ҳам жамоадошларимизга охиригача курашишимизни уқтирдим. Меҳнатимиз ўз самарасини берди. Нафақат бу ўйинда, балки барча беллашувларда ҳам фақат охиригача курашамиз.

- Муҳаммадкарим Тоировнинг майдондан четлатилиши жамоага қийинчилик туғдиргани рост, аммо бунинг ижобий томони ҳам бўлди, деб ўйлайсизми?

- Иккинчи тайм бошларида майдонда 11 футболчи бўлган чоғимизда ҳам “Турон” босим қилаётганди. Чунки улар 0:1 ҳисобида ютқазаётганди. Албатта, биз учун 10 киши бўлиб тўп суриш анча қийинчилик туғдирди. Биз майдондан четлатилган Тоиров учун ҳам курашдик. Биз бир оила эканимизни мана шундай қийин пайтда кўрсата олдик.

илдар2

- Гол ургандан кейинги хиссиётларингиз қандай бўлди?

- Албатта, чексиз даражада хурсанд бўлдим. Аввало, “Андижон” ишқибозларини қувонтирганимиздан ўзимиз ҳам жуда шод бўлдик. Урган голимни андижонлик мухлисларга бағишлайман. Боя айтганимдек, ушбу ғалабамиз байрамга ўзига хос совға. Айтдим-ку, ўша маҳалда жарима майдонига яқинлашаётганимдаёқ гол уришимни аниқ сезгандим. Машғулотлар пайтида ҳам стандарт вазиятлар устида кўп ишлаймиз, бунинг самарасини ўйинда ҳам кўрсатяпмиз.

- Жамоага қайтганингиздан кейин ҳимоя чизиғи анча ишончли кўринишга келди ва Маматказин билан Бубаньянинг тандеми эвазига хавотирли ҳолатлар арияпти. “Андижон”га эртароқ қайтиш имкони йўқмиди?

- Пешонага ёзилган экан, айнан шу мавсумда келиб жамоага ёрдам беряпман. Мақсадимиз жамоа савиясини кўтариш ва Суперлигага қайтариш. Про лигада қатнашиш “Андижон”га ярашмайди. Жамоада яхши футболчилар йиғилган. Тажрибали ўйинчилар билан бир қаторда келажаги порлоқ ёшлар ҳам бор. Биз уларга ўрнак бўлган ҳолда тажрибамиз билан ёрдам бермоқчимиз. Ўзимиздан нимадир қолдиришимиз ва шунга яраша ёшлар нимадир ўрганишлари керак.

илдар3

- Охирги йилларда Ўзбекистон чемпионатида кўринмадингиз, сўнгги бор Бангладеш чемпионатида ўйнаб қайтдингиз. Очиғи, ҳамон бундай юқори савияда ўйин кўрсатишингизни балки кутмаганлар бўлгандир. Буни қандай уддалаяпсиз?

- Аввало профессионал бўлиш керак ва ишга жиддий ёндашиш лозим. Режимга жиддий амал қилиш даркор. Аммо ҳозир унчалик оптимал формада ҳам эмасман. 70-80 фоиз ўз ўйинимни кўрсатяпман. Йиғин чоғида жароҳат олгандим. Анча вақт тикланишимга тўғри келди, даволандим. Ўйиндан-ўйинга спорт формамни тиклаяпман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!