Профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати ярим финалига мезбонлик қиладиган шаҳарлар аниқланди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси томонидан илк бора профессионал боксчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ташкил қилинди.

Ўтказилган саралаш жангларидан сўнг 10 та вазн тоифасида кучли боксчилар сараланиб, 6 раундлик ярим финал йўлланмасини қўлга киритдилар. Шундан сўнг ярим финал баҳсларига қуръа ташланди ва жангларга мезбонлик қиладиган шаҳар номларига ойдинлик киритилди.

Ярим финал баҳсларида иштирокчиларнинг кўплиги қолаверса, минтақалар орасидаги масофани ҳам инобатга олиб, мазкур босқичга икки шаҳар мезбонлик қилиши белгилаб олинди.

Улардан дастлабкиси 7 июль куни Андижон вилояти Хонобод шаҳрида ўтказилса, 14 июлда эса Самарқанд шаҳри ушбу босқични ўзида қабул қилади. Финал жангларига Фарғона шаҳри мезбонлик қиладиган бўлди.

Маълум сабабларга кўра, ортга сурилган иккита жуфтлик Олим Назаров (Тошкент шаҳри) - Асадбек Маликов (Ангрен), 69 кг вазн тоифасида Ислом Ғойипов (Ангрен) - Жавоҳир Фозилов (Тошкент шаҳри) ўртасида ярим финал йўлланмасини учун жанглар 26 июнь куни Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт универститети мажмуасида бўлиб ўтади.

Фарғонада бўлиб ўтадиган финал баҳсларида профессионал боксчилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионлари ва чемпионлик камари соҳиблари аниқланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!