ПСЖ етакчилари кутилмаган юқорилашга эришди, Роналду ва Месси кучли учликда қолди: «Олтин тўп»га даъвогарларнинг янгиланган рейтинги

20. Тимо Вернер («РБ Лейпциг»). Аввалги ўрни: 19

2020 йилда: 11 гол, 3 ассист

Вернер учун яхши ҳафта бўлиб ўтди, дея олмаймиз. Собиқ клубини тарк этиш олдидан уларнинг келгуси рақибини билиб олди. Янги клуби «Челси» эса келгуси йил Чемпионлар лигасида иштирок этиш имкониятларини бирмунча пасайтирди: жамоа «Шеффилд»га 3:0 ҳисобида енгилди.

Вернер_1

19. Жордан Хендерсон («Ливерпуль»). Аввалги ўрни: 18

2020 йилда: 3 гол, 3 ассист ва премьер-лига чемпионлиги

Хендерсон учун мавсум якунланди. Тўпиғидан олган жароҳати сабаб, «Ливерпуль»нинг қолган ўйинларида майдонга туша олмайди. Шундоқ ҳам мотивациясизлик оқибатида кўплаб ўйинларда ғалабани бой бераётган Клопп шогирдлари учун бу ҳам қўшимча бош оғриқ бўлиши табиий.

Хендо

18. Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити»). Аввалги ўрни: “топ-20”га янги қўшилди

2020 йилда: 7 гол, 2 ассист ва мамлакат лига кубоги

«Сити» асосий рақобатчисини АПЛ чемпионлиги билан андармон билиб қўйган ҳолда ўзи бошқа титулларни кўзлаяпти. Чемпионлар лигаси қуръаси «шаҳарликлар» учун анча қийин ўйинлар кетма-кетлиги тақдим этилишини маълум қилди. Аммо «Қироллик клуби» тўсиғидан ўтиб олган тақдирда Пеп шогирдларини тўхтатиб бўлармикин?!
Стерлинг эса «Брайтон» дарвозасига хет-трик йўллаб, рейтингга киришга муваффақ бўлди.

Стерлинг_1

17. Альфонсо Девис («Бавария»). Аввалги ўрни: 17

2020 йилда: 2 гол, 4 ассист, 12 «қуруқ ўйин», Бундеслига ва Германия кубоги ғолиблиги

Чемпионлар лигаси қуръаси мюнхенликларга ёқмаган бўлиши катта эҳтимол. Германия миқёсида олтин дублни расмийлаштирган «Бавария» учун ўз тарихидаги иккинчи треблни қайд этиш анча қийин кечади.
19 ёшли Альфонсонинг ҳақиқий кучига «Барселона»га қарши кечадиган эҳтимолий чорак финал ўйинида Мессини қандай ёпа олишига қараб баҳо берамиз…

Альфонсо

16. Садио Мане («Ливерпуль»). Аввалги ўрни: 16

2020 йилда: 6 гол, 1 ассист ва премьер-лига чемпионлиги

Бу каби беқарор ўйин намойиш эта бошлаган Мане учун Англияда йил футболчиси, деб топилишдан уёғи ортиқчалик қиладигандек туюляпти.
У ушбу мавсумни қандай нотада якунлаши «Арсенал» ва «Челси»га қарши учрашувларда маълум бўлади.

Садио

15. Кай Хаверц («Байер»). Аввалги ўрни: 15

2020 йилда: 14 гол, 8 ассист

Бу каби кўрсаткич биз қуйироқда дуч келадиган аксарият футболчиларда ҳам учрамайди. 21 ёшли хавбекнинг ягона айби топ жамоада тўп сурмаслигида. Аксига олиб, леверкузенликлар Чемпионлар лигаси йўлланмасидан ҳам қуруқ қолди.
Немис иқтидорини тез орада бошқа клуб футболкасида кўрсак ажабланмаймиз.

Кай

14. Пауло Дибала («Ювентус»). Аввалги ўрни: 14

2020 йилда: 8 гол, 8 ассист

«Ювентус» сўнгги ўйинларда ўзига ўхшамаяпти. Лекин йўқотаётган очколаридан унумли фойдаланиб кетадиган таъқибчи ҳам йўқ. «Лацио» кетма-кет 3 та ўйинда мағлубиятга учради.
Дибала «Милан» ва «Аталанта»га қарши беллашувларда жамоасини қутқара олмади.

Дибала_1

13. Жейдон Санчо («Боруссия» Дортмунд). Аввалги ўрни: 10

2020 йилда: 8 гол, 7 ассист

Санчо учун ёзги таътил том маънода бошланиб кетган. У янги жамоа излаётган бўлиши мумкин. Манчестер «қизиллари» сафига бориб қўшилиш эҳтимоли Гринвуднинг сўнгги учрашувлардаги мўъжизавий ўйини сабаб бироз пастлади. Сен бўлмасанг, бошқаси…

Санчо_1

12. Серхио Рамос («Реал»). Аввалги ўрни: 12

2020 йилда: 7 гол, 9 «қуруқ ўйин» ва Испания суперкубоги

Рамос «Алавес» устидан қозонилган ғалабада жамоасига ёрдам бера олмади. Бироқ «Гранада»дан тортиб олинган муҳим 3 очкода «Эль Капитано»нинг муносиб улуши бор. Айнан у бир вазиятда тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб, ҳисоб тенглашишининг олдини олган эди. Энди «Қироллик клуби» битта ўйинни ютиши чемпионлик учун кифоя қилади.

Рамос

11. Серж Гнабри («Бавария»). Аввалги ўрни: 11

2020 йилда: 9 гол, 5 ассист, Бундеслига ва Германия кубоги

Гнабри ва «Бавария»нинг бошқа футболчилари энди Чемпионлар лигасини кутади. Миллий фронтда улар барчасини қойиллатиб бажаришди. ЕЧЛда ҳам чорак финал деярли нақд...

Гнабри


10. Бруну Фернандеш («Манчестер Юнайтед»). Аввалги ўрни: 10

2020 йилда: 8 гол, 8 ассист

Ушбу ҳафта олдинги муваффақиятлар фонида бироз кучсизроқ ўтгандек. Аммо аслида, португалиялик хавбекнинг голларда иштирок этиш серияси якунлангани йўқ. Бор йўғи, сўнгги учрашувдаги дуранг МЮ имкониятларини Чемпионлар лигаси йўлланмаси йўлида бироз пасайтириб юборди.

Фернандеш

9. Эрлинг Холанд («Боруссия» Дортмунд). Аввалги ўрни: 8

2020 йилда: 16 гол, 3 ассист

ПСЖни мағлуб этган тақдирда нақадар яхши қуръа натижасига эга бўлганини билган дортмундликларнинг ярасига туз сепилган бўлса ажаб эмас. Холанд бу йилча персонал совринлардан четда қоладигандек. Дарвоқе, «Golden boy» соврини учун имконияти юқори.

Холан

8. Томас Мюллер («Бавария»). Аввалги ўрни: 5

2020 йилда: 7 гол, 12 ассист, Бундеслига ва Германия кубоги

Немис футболчиси учун мавсум августгача тўхтаган. Демак, унинг рейтингда пастлаши ҳайрон бўладиган нарса эмас. Аммо уни бунга маҳкум этганлар нима «каромат» кўрсатгани барчага қизиқ.

Мюллер_1

7. Киллиан Мбаппе (ПСЖ). Аввалги ўрни: 9

2020 йилда: 12 гол, 8 ассист ва Франция чемпионлиги

ПСЖнинг қуръада росманасига омади келди: «Манчестер Сити», «Реал», «Ювентус», «Барселона» ва «Бавария» каби ЕЧЛ грандлари билан финалгача тўқнаш келмайди. Улардан бири эса финалга катта машаққатлар билан етиб келади. Мбаппе каби тезкор ва кучли футболчиси бор клуб эса финалда ҳеч бир жамоа учун тайёр «гўшт» бўлмайди.

Мбаппе_1

6. Карим Бензема («Реал»). Аввалги ўрни: 6

2020 йилда: 8 гол, 4 ассист ва Испания суперкубоги

Ушбу ҳафтадаги 2 та учрашувда франциялик страйкер 2 та гол ва битта ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйишга эришди. Сўнгги турларда Ла Лига тўпурарлиги учун бемалол Месси билан рақобатлашиб кўрса ҳам бўлади.

Бензема

5. Неймар (ПСЖ). Аввалги ўрни: 7

2020 йилда: 9 гол, 4 ассист ва Франция чемпионлиги

Бир тарафдан, парижликларнинг бахтига ҳам мавсум тўхтатилди. Акс ҳолда, нуқул кераксиз ўйинларда орттириб олинган жароҳатлар сабаб керакли учрашувларни ўтказиб юборадиган Неймар ЕЧЛ чорак финалида иштирок этолмаслиги мумкин эди.
Ўртоқлик ўйинида рақиблари дарвозасига 9 та гол урган ПСЖ футболчилари футбол ўйнашни унутиб юбормаганликларини кўрсатиб қўйишди. Лекин рақиб қуйи лига вакили эди…

Неймар

4. Кевин Де Брюйне («Манчестер Сити»). Аввалги ўрни: 4

2020 йилда: 6 гол, 8 ассист ва мамлакат лига кубоги

Де Брюйне Анрининг гапларидан росмана ғазаб отига минганга ўхшайди. У тинмай пас беришга ҳаракат қиляпти. Аксига олгандек, жамоадошлари вазиятларни кўкка совуришдан зерикмаяпти. Чемпионлар Лигаси ғолиблиги Кевинга катта эҳтимол билан «Олтин тўп»ни олиб беради. Аммо унинг йўлида улкан ғовлар бор…

Де Брюйне

3. Лионель Месси («Барселона»). Аввалги ўрни: 3

2020 йилда: 12 гол, 16 ассист

Рейтингимиздаги ягона каталонияликлар аъзоси 3-поғонадалигининг сабаби ҳам унинг ёлғизлигида. Кичик бўйи билан «Барселона»нинг муаммолари уни букиб қўймаётгани ҳам катта гап. Олдинда «кўҳна қитъа» биринчилиги. Катта эҳтимол билан чорак финалга йўл олган тақдирда «Бавария»га дуч келадиган «кўк-анор ранглилар» «немис машинаси» томонидан бурдалаб ташланмаслик учун кўпроқ тер тўкишларига тўғри келади.

Месси

2. Криштиану Роналду («Ювентус»). Аввалги ўрни: 2

2020 йилда: 20 гол, 5 ассист

«Аталанта» билан ўйинда Роналдунинг пенальтилари бир амаллаб «кекса синьора»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Бу туришда ЕЧЛда «Лион» тўсиғидан-да ўтиш туринликларга оғирлик қилади. Рақиблари кетма-кет очко йўқотмаган тақдирда Роналду жамоаси билан турнир жадвалини бошқармаётган бўларди.

Криш

1. Роберт Левандовски («Бавария»). Аввалги ўрни: 1

2020 йилда: 21 гол, 4 ассист, Бундеслига ва Германия кубоги

Польшаликнинг гегемонияси олови бироз пасая бошлади. «Олтин бутса» учун курашда ҳам курсиси қимирлаяпти. Бу чемпионатлар якунланаётганидан дарак бермоқда.
«Бавария» мухлислари Левандовски ўзининг дурдона ўйинларини ЕЧЛ учун сақлаб қўйганидан умид қилмоқда. Акс ҳолда, мюнхенликларнинг ўзи ҳам зерикиб кетган титуллар билан унга йилнинг энг яхшиси унвонининг берилиши анча қийин масала.

Лева

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

SPORTS.uz талқини бўйича топ-5 чемпионатлар рамзий терма жамоаси

Афсонавий “Милан”: зафарлар, инқироз, муаммо ва ечимлар

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!