
ПСЖ Луис Энрике талабига кўра машҳур юлдуз билан музокарани тўхтатди
Италиялик дарвозабон Жанлуижи Доннарумманинг “Пари Сен-Жермен”даги келажаги мавҳум бўлиб турибди.
Парижликлар шартномаси 2026 йилнинг ёзида тугайдиган голкипер билан янги битим бўйича музокара олиб бораётган эди. Бироқ бош мураббий Луис Энрике қарорига кўра, бу ҳаракатлар тўхтади.
Сўнгги йилларда дарвозани ҳеч кимга бермай келаётган италиялик посбон жамоага Матвей Сафонов олиб келинганидан кейин рақобатга бардош бера олмаяпти. Доннарумма ички чемпионатда барқарор ўйин кўрсатаётган бўлса-да, Европа Чемпионлар лигасидаги ҳаракатларига мураббийлар штабининг эътирози кўпайиб кетди.
Луис Энрике дарвозабонлардан оёқда пухта ўйнашни талаб қиляпти. Бу борада Доннарумма Сафоновга рақобат кўрсата олмаяпти.
Шундан келиб чиқиб ва италиялик футболчи маошини оширишни талаб қилаётганини инобатга олиб, ПСЖ мутасаддилари Доннаруммадан воз кечиш масаласини муҳокама қилмоқда. ПСЖ келаси ёз Жанлуижини сотиб юбориш орқали бюджетга тушум қилиш ва маошлар фондини енгиллаштиришни кўзлаяпти.
Фикрлар