ПСЖ Сон Хин Минни катта пулга сотиб олмоқчи
"Тоттенхэм" ҳужумчиси Сон Хин Мин фаолиятини ПСЖда давом эттириши мумкин. Парижликлар 30 ёшли футболчининг трансфери учун 80 миллион евро тўлашга тайёр. Соннинг харидига шахсан ПСЖ президенти Носир Ал-Хелайфи қизиқмоқда. У футболчи билан Қатардаги жаҳон чемпионати вақтида учрашишни режалаштирган, деб хабар беради "El Nacional".
Нашрнинг ёзишича, ҳужумчи “Тоттенхэм” билан шартномасини узайтирмайди. Унинг клуб билан амалдаги келишуви 2025 йилда якунланади.
Хабар қилинишича, футболчига "Реал" ҳам қизиқиш билдирмоқда, аммо Мадрид клуби ҳужумчи билан шартнома имзолай олмаса керак. Чунки кореялик футболчи ўйнайдиган позицияда "Реал"да футболчилар етарлича.
Жорий мавсумда Сон Хин Мин 19 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 5 та гол ва 2 та голли узатмани ёздириб қўйди. Трансфермаркт портали футболчини 70 миллион еврога баҳоламоқда.
Фикрлар