Пётр Сегрт: "Ўйлайманки, Қатар термаси ҳам бизни жиддий рақиб сифатида қабул қилади"
Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи Пётр Сегрт Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 2-турида Қатар термасига қарши кечадиган баҳс олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, шогирдлари очко олиш учун майдонга тушишларини алоҳида таъкидлаб ўтаркан, жумладан шундай деди:
- Эртага бизни ўта мураккаб - Осиёнинг амалдаги чемпиони Қатар термасига қарши баҳс кутиб турибди. Уни эса деярли бутун стадион қўллаб-қувватлайди. Ўз-ўзидан Қатар термаси Хитойдан кучли. Бу рақибни ҳурмат қиламиз, лекин шу билан бирга ундан очко тортиб олишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Албатта, Қатар халқи миллий термасига хайрихоҳ ва уни зўр бериб қувватлайди. Ўз ўрнида маҳаллий аҳоли бизни меҳмоннавозлик билан кутиб олди ва буни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Аммо эртага 90 дақиқа давомида буни эсдан чиқаришга тўғри келади. Негаки, ҳар бир терманинг ўз олдига қўйган вазифаси бор.
Турнир мезбонига қарши баҳсда сенсацияси кўтаришга ҳаракат қиламиз. Тўғри, 3 ё 1 очко тортиб олиш осон бўлмайди. Бироқ Хитой термасига қарши кечган учрашув олдидан ҳар бир ўйинда охиригача курашиш ниятида эканлигимизни бежиз таъкидлаб ўтмагандим. Дарҳақиқат, мен учун энг муҳими - эртага қандай ўйин намойиш этишимиз. Ўз футболимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Ўз навбатида ўйлайманки, Қатар термаси ҳам бизни жиддий рақиб сифатида қабул қилади.
Фикрлар