Қасос ўтида ёнган «матрасчилар» - ўта қийин вазиятга тушиб қолган «немис машинаси»га қарши!
Бугун оқшом бутун дунё мухлислари интиқлик билан кутаётган Европа Чемпионлар Лигаси турнири қайтади. Деярли барча Европа футболи ишқибозлари учун тун бедорликда ўтади, сабаби, қизғин ўйинлар, кутилмаган натижалар ва ҳаяжонли кечалар бугун ҳам давом этиши шубҳасиз. Бизни сешанба оқшомида бир қанча қизиқ ўйинлар кутиб турибди. Ҳозир улардан иккитаси ҳақида гаплашамиз.
Бугун Мадридда «Атлетико» Мюнхеннинг «Бавария»сини меҳмон қилади. Марказий учрашув, кўп томонлама қарама-қаршиликлар мавжуд - шу туфайли, ўйин шиддатли кечиши тахмин қилинмоқда. Янги мавсумнинг илк турида ушбу жамоаларнинг "Альянц Арена"даги баҳсида немислар испанларни йирик - 4:0 ҳисобида янчиб ташлашгани ёдингизда бўлса керак. Бугун меҳмонларда қасос олиш учун ўта қулай имконият бор, балки бунақаси бошқа бўлмас. Шу сабабли, улар бор имкониятини ишга солиши аниқ. Демак, бошладик!
«Атлетико»
Диего Симеоненинг «Атлетико»си бу мавсум қолган мавсумлардагига қараганда халқаро аренада бироз қийналиб қолмоқда. Янги мавсумда ички чемпионат доирасида ишончли натижаларга эришиб, турнир жадвалида етакчиликни ушлаб турган мадридликлар ЕЧЛ доирасида бундай кўрсаткичларни қайд эта олмаяпти. Илк турда Мюнхенда қабул қилиб олинган қақшатқич зарбадан сўнг, жамоа иккинчи турда «Ванда Метрополитано»да «Ред Булл Зальцбург»ни енгиб, анча ўзига келиб олди. Кейинги 2 турда эса, ўта қийин ўтган «Локомотив» Москвага қарши баҳсларда умумий ҳисобда 2 очко олишга эришди. Яъни, Москва клуби ҳар иккала баҳсда ҳам «Атлетико»га ютказмади. Умумий ҳисобда, 5 очко тўплаган ҳолда гуруҳда 2-ўринни эгаллаб турган мадридликларда вазият ҳозир анча қийинлашган. Улар нимчорак финал йўлланмасини нақд қилишлари учун, бугун камида амалдаги чемпионни енгиши ҳамда «Ред Булл Зальцбург»нинг «Локомотив»га енгилмаслигини ният қилиб туришлари лозим.
Гарчи, Симеоне жамоаси ЕЧЛда яхши ўйин намойиш эта олмаётган бўлса-да, ички чемпионат доирасидаги кетма-кет 6 баҳсда мағлубият нималигини билмаяпти. «Сельта», «Бетис», «Осасуна», «Кадис», «Барселона» ҳамда «Валенсия»га қарши баҳсларда ғалаба қозонган мадридликлар бугунги ўйинга яхши кайфиятда ташриф буюради. Улар бугун Мюнхен жамоасидаги кўплаб йўқотишлардан унумли фойдаланган ҳолда максимум очко олишга ҳаракат қилиши кутилмоқда. Жамоада бир қанча асосий таркиб ўйинчилари борасида йўқотишлар мавжуд бўлиб, улар ҳам ўйинга ўз таъсирини кўрсатиш эҳтимоли йўқ эмас. Клубга бугун Луис Суарес, Дуглас Коста, Шиме Врсалько, Лукас Торрейра ҳамда Мануэл Санчес ёрдам бера олмайди. Лекин барибир, уй эффекти ҳамда ғалабали сериялар таъсир ўтказиб, клуб муваффақиятга эришиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам, «Бавария»нинг ЕЧЛдаги рекорд ғалабали сериясига нуқта қўя олган жамоа тарихда қолиши аниқ.
Тахминий таркиблар: Облак; Триппьер, Савич, Хименес, Лоди; Льоренте, Коке, Сауль, Карраско; Фелиш, Корреа.
«Бавария»
Хўш, мюнхенликларда вазият қандай? «Бавария» ўтган мавсумда қандай натижаларни қайд этгани барчамизга маълум. Уни қайта-қайта эслаб, «немис машинаси»нинг қойилмақом тарзда ишлаганини айтаверишдан чарчаганлар ҳам топилади. Халқаро требл қайд этган клубга ўтган мавсумда росмана маънода тенг келувчи рақиб топилмаган эди. Янги мавсумда эса Флик шогирдлари Чемпионлар лигасининг дастлабки 4 турида максимум 12 очкони қўлга киритди ва бу мавсум ҳам чемпионлик учун асосий даъвогар клуб ҳисобланади. Аммо бу йилги карантин туфайли юзага келган тиғиз тақвим натижасида жамоада янги мавсумда катта ва кичик йўқотишлар юзага келди ҳамда бирмунча қийин вазиятга тушиб қолди. Мюнхенликларнинг юраги бўлмиш Киммихнинг ва қанот ҳимоясидаги ишончли ўйинлари билан асосий таркибдан муқим ўрин эгаллаган Дэвиснинг узоқ муддатга сафдан чиққани, Мартинес, Буна Сарр, Толиссо ва Марк Роканинг кичик жароҳатлари ҳамда шанба кунги «Лейпциг»га қарши муҳим ўйин учун Левандовски, Нойер ва Горецкага дам берилиши оқибатида «Бавария» бугун ҳар доимги таркибида ўйнай олмайди. Бундан ташқари, Люка Эрнандес ва Жером Боатенгнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Захираси ҳам унча-мунча жамоалардан кучлироқ бўлган клубда, ўйлашимизча, бу борада муаммолар бўлмайди. Сабаби, кучли ярим ҳимоячиларининг кўплиги жиҳатидан клуб исталган Европа жамоаси билан баҳслаша олади. Бундан ташқари, клуб нимчорак финал йўлланмасини муддатидан аввал ҳал қилиб бўлганлиги боис, уларда бугун ортиқча босим ҳам йўқ. Германия чемпиони ҳозир фақат ўз мухлислари ҳамда ЕЧЛдаги ғалабали серияни давом эттириш учунгина ўйнайди.
Тахминий таркиблар: Нюбель; Алаба, Зюле, Эрнандес, Павар; Гнабри, Мюллер, Коман, Сане, Коста; Шупо-Мотинг.
Бош мураббийлар
Диего Симеоне: “Биз «Бавария» билан ўйнаймиз. Ҳозирда улар дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Тўғри, уларда муаммолар бўлиши мумкин, бироқ бу даражага таъсир қилмайди. Бизда ҳам айрим муаммолар мавжуд, лекин шундай бўлса ҳам, биз бугун ютишга мажбурмиз ва бунга ҳаракат қиламиз”.
Ҳанси Флик: «Биз ўйинни интизорлик билан кутмоқдамиз. Улар Испаниянинг айни дамдаги энг кучли жамоаларидан бири. Жадвалда 2-ўринда боришмоқда. Симеоне? У жуда зўр мураббий. Ҳар доим ўз жамоасининг ўсиши учун борини беради ва бунга эриша олади. Улар билан ўйнаш ёқимли».
Хулоса ўрнида
«Бавария»га қарши илк ўйинда «Атлетико» деярли ҳеч нарса қила олмаган эди, шу сабабли бугун ҳам, бизнингча, улардан жуда кўп нарса кутиш ноўрин бўлади. Флик ҳар бир ўйинга жиддий эътибор беришини ҳамда кучли тактик эканлигини ҳисобга олган ҳолда улар бугун асосий ўйинчиларсиз ҳам камида дуранг натижага эришишини тахмин қилмоқдамиз. Симеоне жамоасиниг асосий тўпурар ҳужумчилари ўйнай олмаслиги боис, уларда ҳам гол уриш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Фикримизча, голли дуранг қайд этилиш эҳтимоли катта. Албатта, бу шунчаки тахмин, барчасини майдондаги вазият ҳал қилади. Бирга кузатамиз.
Абдулла Маннонов тайёрлади
Фикрлар