"Қайсидир клубнинг устунлигини кўрмаяпман". Бахтиёр Ашурматов "Нефтчи"даги ўзгаришлар, Сидиқов масаласи ва жамоасига кимни олмоқчилиги ҳақида

Суперлиганинг янги мавсуми учун қуръа ташланди. Энди жуфтликлар аниқ бўлди. Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” “Нефтчи”га қарши майдонга тушади ва илк турданоқ водий дербисига гувоҳ бўламиз. Қуръадан кейин Ашурматов Sports.uz учун ўзининг таассуротлари, селекциядаги ҳолатлар ва яна бошқа масалалар хусусида гапирди.

Қуръа ҳақида

- Чемпионатда мухлислар ўз жамоаларига қайси рақиблар тушишини интизорлик билан кутиб туришганди. Ҳар бир жамоанинг ўйини ўз мухлислари учун қизиқарли ва ғалабаси учун дуо қилишади. Лекин биринчи турда клубларнинг бир-бирларига рўбаро келганликларини таҳлил қиладиган бўлсак, “Навбаҳор” – “Насаф” ва “Нефтчи” – “Қўқон-1912” ўртасидаги ўйинлар катта қизиқишга сабаб бўлади. Жанговар руҳда ўтади, деб ўйлайман. Барибир ҳамма клублар билан ўйнашимиз керак. “Нефтчи” про лигадан чиққанига қарамасдан, яхши селекция ишларини амалга оширди. Ўзбекистоннинг етакчи футболчиларини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Шаҳзод Убайдуллаевдек яхши савиядаги ҳужумчини ўз сафига жалб қилди. Чемпионатимиздаги яна бошқа маҳоратли ўйинчиларни ҳам таклиф қилди. Легионерларни ҳам олиб келди. Ўйлайманки, “Нефтчи” янги мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Биринчи турдаги учрашув эса мухлислар ва мутахассислар учун жуда қизиқарли тўқнашув бўлади, деб ўйлайман.

ашурматов_11

Илк турда қайси рақибни кутганди?

- Гапнинг очиғи, қуръадан олдин тахмин қилганим йўқ. Ким билан бўлса ҳам барибир ўйнашга тўғри келарди. “Нефтчи”нинг рақиб бўлганини нормал ҳолат, деб ўйлайман. Биринчи турда Яйпанда тўп сурамиз. Шу боис “Нефтчи”да ҳам, жамоамизда ҳам катта устунлик бўлмайди. Яйпан шундай жойда жойлашганки, фарғоналик ва қўқонлик ишқибозлар бемалол бу учрашувга етиб келадилар. Қайсидир клубнинг устунлигини кўрмаяпман. Барчаси 50х50. Ҳаммаси майдонда ҳал бўлади.

Қачон ўз стадионига қайтади?

- Ҳар бир мураббий ёки мухлислар жамоасини ўз майдонида ўйнашини истайди. Ҳозирги ҳолат қувонарли эмас, салбий томонлари бор. Чунки ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради, деган гап бекорга айтилмаган. Ўз уйингда мухлислар ташрифи ҳам кўпроқ бўлади. Ўйлайманки, тез вақт оралиғида бу муаммо ҳал бўлади. Насиб бўлса, ўз майдонимизда ишқибозларимиз қаршисида тўп суриш имконига эга бўламиз.

ашурматов2_3

Селекция тўғрисида

- Тўғриси, селекция жараёнида катта йўқотишларга дуч келдик. Асосий таркибдаги футболчилардан бир нечтаси жамоамизни тарк этишди. Лекин асосий ютуғимиз, етакчи футболчимиз Мурод Холмуҳаммедовни сақлаб қолдик. Қўқонда ўйини яхши қовушадиган Қувондиқ Рўзиевни қайтарганимиз ҳам селекциядаги ютуғимиз. Шунингдек, ҳозирда қўқонлик мухлисларнинг яна бир ёқимтой футболчиси Жавоҳир Сидиқов биз билан машғулотларда қатнашяпти. Шу кунларда унинг жамоамизда тўп суриш масаласи аниқ бўлиб қолади. Жавоҳир янги мавсумни таркибимизда ўтказса, ярим ҳимоямизда яхшигина рақобат ҳосил бўлади ва етарлича кучга эга бўлади. Биз кетганларнинг ўрнини муносиб тарзда тўлдиришга ҳаракат қилдик. Барибир Муҳаммаданас Ҳасанов, Шоҳназар Норбеков, Фарҳод Бекмуродов, Асад Собиржонов каби ўйинчилар катта ҳажмдаги ишни бажаришарди. Шу боис, улар асосий таркиб футболчилари эди. Юқорида айтганимдек, ўрнини муносиб тўлдиришга ҳаракат қилдик. Қувондиқ Рўзиев, Жавоҳир Сидиқов, Санъат Шихов, Дилшод Раҳматуллаев кабилар қўшилди. Агар Сидиқов масаласи ҳал бўлса, селекцияни тўхтатамиз. Бу йил ПФЛ томонидан ёши катта футболчиларга лимит қўйилган. 2000 йилгача туғилганлардан 20 тасини рўйхатдан ўтказиш мумкин ва қолгани ёшлар бўлиши керак. Шу сабабли айрим муаммоларга учраяпмиз. Чунки ўз академиямиз йўқ. Суъний равишда ёшартиришга тўғри келяпти. Айрим асосий таркибга тайёр бўлмаган ўйинчиларни лимитдан чиқиб кетмаслик учун жалб қилишга мажбур бўляпмиз. Яқин йилларда ўз академиямизга эътиборни кучайтиришимиз керак. Марказий ҳимоямизда Мурод Холмуҳаммедов билан Иван Йосович бор. Уларга рақобатчи Бобур Акбаров кетди. Шунинг учун ҳозир бизда танлаш имконияти йўқ. Айтайлик, бирортаси сариқ карточка туфайли ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келса, ўринма-ўрин чиқаришга рақобатбардош футболчимиз йўқ. Ҳозир шу ҳолат муаммо бўлиб турибди. Шу боис, битта марказий ҳимоячи олишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Мақсад қандай?

- Ҳали ҳам селекция жараёни давом этяпти, тайёргарлик кўриляпти. Чемпионат олдидан мухлислар билан учрашамиз. Жамоа раҳбарияти билан йиғилиш бўлиб ўтади. Шундан кейин ўйлайманки, жамоамиз олдига аниқ мақсад қўйилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!