"Қизилқум" "Металлург"дан бундай ўйинни кутмаганди, Ғофуров мен учун учрашувнинг энг яхши футболчиси". Эрнандес нега ПФЛга алоҳида раҳмат айтди?
Суперлигада 20-турга старт берилди. Навоийда “Қизилқум” “Металлург”ни қабул қилди. Учрашувдан аввал мезбонларнинг имконияти юқори баҳоланганди. Бироқ якун бошқача кўринишда бўлди. “Металлург” ягона гол эвазига “Қизилқум”ни ютиб кетди.
Бош мураббий Луисма Эрнандеснинг қўллаган тактикаси иш берди. Майдон эгаларидан икки нафар асосий футболчи охирги дақиқаларда майдондан четлатилди.
Учрашув анча кескин руҳда ўтди. Ўйин якунланганидан сўнг “Металлург”нинг испаниялик устози Sports.uz учун фикрлари билан ўртоқлашди.
- Муҳим ғалаба билан табриклайман. Ростини айтганда, учрашувдан аввал “Металлург”нинг ғалабасига ишонмаганлар кўп эди. Навоийда қўлга киритилган ғалабани кичик сенсацияга қиёслаш мумкинми?
- Буни битта гап билан изоҳлашим мумкин: бутун жамоа ва мураббийлар штаби жуда қаттиқ меҳнат қиляпмиз. Ҳар бир машғулотимиз шундай ўтяпти. Кўраётган бўлсангиз, уйимизда ва сафарда жиддий рақиблар устидан ғалаба қозондик. Буларнинг барчаси фақатгина қаттиқ меҳнат қилаётганимизнинг меваси.
- “Қизилқум”га қарши учрашувдан қандай таассурот қолди ва хулосангиз нималардан иборат?
- “Қизилқум” ҳозирги кунда чемпионатдаги кучли жамоалардан биттаси. Буни турнир жадвалидаги ўрнидан ҳам билсак бўлади. Бугунги учрашувга келсак, ҳимояда тартибли ўйнадик ва қарши ҳужумда имкониятимиздан тўғри фойдаланган ҳолда ғалабага эришдик, деб ўйлайман. Ғалабамизга яна бир сабаб, юқорида айтиб ўтганимдек, кучли меҳнат ва ғалабага бўлган ишонч. Жамоа ичидаги ҳар бир инсонда уч очко учун ишонч ва хоҳиш катта эди. Бу эса ўйиндаги ғалабамизнинг меваси десак адашмаган бўламан. Яна алоҳида ПФЛга раҳматимни айтмоқчиман. Бугунги ўйинга ВАРни ташкиллаштиргани учун миннатдорман. Ўтган сафарги интервьюларимда айтганимдек, ВАР ҳар доим тўғри қарор ва тўғри ўйинни таъминлаб беради. “Пахтакор” билан ўйинимизда ҳам ВАР бўлганида камида дурангга эришган бўлардик.
- Ўйин давомида иккала жамоа аъзолари ўртасида асабий вазиятларни кўп кўрдик. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ эди?
- Ўйлашимча, “Қизилқум” жамоаси “Металлург”дан шаклланган характердаги ўйинни кутмаганди. Шу сабабли ҳам ҳимояда тартибли ҳамда шиддатли ўйнаганимиз учун улар хиссиётларини назорат қила олмади. Асабийлик шу жойдан келиб чиқди, деб ўйлайман. Тўғри, баъзи-бир ҳолатларда бизнинг футболчиларимиз ҳам ўйиннинг темпидан келиб чиққан ҳолатда бироз қўпол ўйнашди. Ҳакам шунга яраша бизнинг йигитларга ҳам сариқ карточкаларни кўрсатди.
- Дарвозабон Акмал Ортиқов яхши ўйин кўрсатди ва бир неча вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Нима деб ўйлайсиз, Ортиқов учрашувнинг энг яхши футболчисими ёки фикрингиз бошқачами?
- Ўйиндаги кўп ҳолатларда ва ҳаттоки офсайд бўлишига ҳам қарамасдан дарвозабонимиз Акмал Ортиқов ўзини жуда яхши кўрсатди. Бугунги учрашувда намунали тарзда меҳнат қилди, десак адашмаган бўламиз. Нафақат Ортиқовга, балки дарвозабонлар жамоаси ва уларнинг мураббийига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Машғулотлар ва ўйин жараёнида жипслашган ҳолатда бизга ёрдам бериб келишяпти. Ўйиннинг энг яхши футболчисига келсак, шахсий фикрим шундайки, Анвар Ғофуров мен учун учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб ҳисоблайман.
- 2 октябрь куни турнинг марказий ўйинида “Пахтакор” “Насаф”ни қабул қилади. Фикрингизча, бу баҳсда ким ғолиб чиқади?
- Бу иккита гигант жамоа ўртасидаги ўйин бўлади. Учрашув ҳеч қанақа муаммосиз ўтади, деб ўйлайман. Яхши футбол кўришимиз мумкин. Иккала жамоанинг ҳам ўйин услуби менга ёқади. Омад иккаласига ҳам кулиб боқиши мумкин.
Фикрлар