"Қизилқум" навбатдаги ўйинда ҳам ғалаба қозонди
“Қизилқум” Туркия йиғини доирасида учинчи назорат учрашувини Украинанинг “Оболонь” клубига қарши ўтказиб, иродали ғалабага эришди.
Анталиядаги “IC Football center” мажмуасида ўтган мазкур беллашувга мураббийлар штаби аввалги икки баҳсда майдонга тушмаган, камроқ ўйин амалиётига эга футболчиларга имкон беришга қарор қилишди.
Учрашув дебютидаёқ вакилларимиз гол ўтказиб юборганига қарамай, кейинчалик ташаббусни ўз томонига оғдирди. 40-дақиқага келиб эса, ҳисоб тенглашди. Рақиб дарвозаси олдида чамаси 20 метрлардан белгиланган жарима зарбасини Ойбек Қиличев “жонли девор”дан ошириб дарвоза тўрига йўллади. Рақиб посбони тўпни нигоҳлари билан кузатиб қолди, холос – 1:1.
Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар кузатилди. 52-дақиқада киевликларнинг тезкор қарши ҳужумидан кейин яна Артём Макосин дарвозаси ишғол этилди - 1:2. Шунга қарамай, “Қизилқум” асосий эътиборни ҳужумларни самарали якунлашга қаратди ва натижада иккита гол киритиб, иродали ғалабани тантана қилди. Захирадан майдонга тушган Матэ Ватцадзе икки бор рақиб дарвозасини ишғол этишга эришди. Қизиғи, грузиялик ҳужумчи ҳар икки голини бурчакдан тўп узатилгач, боши билан киевликлар дарвозасига аниқ йўллашнинг уддасидан чиқди.
Мазкур беллашувни “Қизилқум” қуйидаги таркибда ўтказди: Артём Макосин, Олег Толмасов (Муҳсин Убайдуллаев), Файзулла Қамбаров, Азиз Усмонов, Миржалол Қосимов, Жасур Азимов, Жамшид Ҳасанов, Ойбек Қиличев, Элгужа Григалашвили (Беҳруз Саъдиллоев), Георги Кухианидзе, Қадамбой Нурметов (Матэ Ватцадзе).
“Қизилқум” матбуот хизмати.
Фикрлар