"Қизилқум"даги вазиятни Агамуродов ҳам нега ўнглай олмаётгани, таркибдаги рақобатнинг кучли эмаслиги, ички муҳитнинг бугунги ҳолати ва бошқалар ҳақида Воҳид Шодиевдан очиқ-ойдин фикрлар

Чемпионатимизда ғалабасиз одимлаётган учта клубдан бири бўлиб келаётган “Қизилқум” жамоасининг бугунги кундаги аҳволига чиндан ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Мутасаддилар вазиятдан чиқиш йўлларини излашяпти, ўзгаришлар қиляпти, аммо ҳозирча натижа кўринмаяпти.

Журналист сифатида ўзимиз четдан туриб бу ҳақида қандайдир мулоҳазалар ёзишимиз ҳам мумкин. Лекин бошқаларга бу шунчаки қуруқ гапдек туюлиши ҳам ҳеч гап эмас. Шуни инобатга олган ҳолда “Қизилқум”даги вазиятни таҳлил қилиш ва муваффақиятсизликнинг сабабларини ўрганиш учун ўша жамоадаги етакчилардан бири ҳисобланган ҳужумчи Воҳид Шодиевга таклиф киритганимизда у ўз муносабатларини очиқ-ойдин билдиришга розилик билдирди. 

Ўйинларнинг марказлашган ҳолда ўтгани яхшими ёки...

Яқинда ПФЛ Coca-Cola Суперлигасининг навбатдаги учта турини Тошкент ва Тошкент вилоятида марказлашган ҳолда ўтказиш таклифини илгари сурганди. Бироқ ҳозирча бундай режа амалга ошиши аниқ эмас. Хўш, бу ҳолатга “Қизилқум” ҳужумчиси Воҳид Шодиевнинг қарашлари қандай?

-  Биринчи навбатда соғлик муҳим. Қолгани кейин бўлаверади. Албатта, бир томондан қараганда, футболчиларга ҳам ўйинлар бўлиб тургани яхши. Бу орқали ўйинчилар спорт формасини сақлаб туришади. Барибир ҳам боя айтганимдек, аввало соғлик асосий ўринда туради.

Пандемия билан боғлиқ вазият футболчиларга қанчалик  таъсир кўрсатяпти?

Ҳозирда юртимизда коронавирус туфайли карантин чоралари янада кучайтирилганини барча яхши билиб турибди. Чемпионатимиз ўйинлари эса шундоқ ҳам мухлисларсиз ўтказилмоқда. Умуман айтганда, пандемия билан боғлиқ ҳолат футболчиларга қандай таъсир кўрсатмоқда? Шодиев бу масалада шундай жавоб қайтарди:

-  Барибир биз футболчиларга ҳам таъсир қилади. Чунки кўриб турибсиз, ҳамма учрашувлар мухлисларсиз ўтяпти. Стадионда ишқибозлар бўлмаса, майдонга худди ўртоқлик ўйинига тушгандек бўламиз-да. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши етишмаяпти. Масалан, Наманганга борганда стадион ишқибозлар билан тўлиб-тошарди. Гарчи ўз жамоасини қўллаб-қувватлашса-да, муҳими мухлислар тўла стадионда ўйнашнинг завқи бошқача бўлади.

шодиев6

“Қизилқум”нинг муваффақиятсизлигига нима сабаб бўлмоқда?

Чемпионатимизда 9-турдан кейин ҳам олдингидек “Бухоро”, “Андижон” ва “Қизилқум” ғалабасиз серияларини давом эттирмоқда. Бугунги мақоламиз қаҳрамони “Қизилқум” етакчиларидан бири бўлгани сабабли табиийки унинг жамоасидаги вазиятни таҳлил қиламиз. Нима учун навоийликлар мавсумни бу қадар ишончсиз ўтказишяпти? Жамоага нима етишмаяпти? Бу каби саволларга жавоб берар экан, Воҳид қуйидагиларни айтди:

-  Биринчи карантин эълон қилинган пайтида жамоадагилар яхши шуғуллана олишмади. Тўғри, бошқа клубларнинг ҳолати ҳам бир хил эди. Лекин бизда тайёргарлик керакли даражада бўлмади. Тўғри, тайёргарлик кўрилди, кўрилди эмас, аммо ҳамма ўз уйида имконияти даражасида шуғулланган. Аммо бу баҳона эмас. Юқорида айтганимдек, бошқа жамоалар ҳам карантин пайтида шундай вазиятда эдилар. Аммо бизнинг муваффақиятсиз ўйинларимизни сабаблари кўп. Мисол учун таркибда ҳам муаммолар бор. Йилнинг бошида эса жамоамизда моддий томондан ҳам етишмовчиликлар бўлганди. Натижада таркибга тажрибали ўйинчиларни таклиф қила олмадик. Барибир яхши футболчи яхши нарх сўрайди ва кучли клубларда ўйнагиси келади. Шунда ҳам барибир бор таркибдан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиб, вазиятни яхши тарафга ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Кўрган бўлсангиз, “Навбаҳор”га қарши тенгма-тенг курашдик. Ҳаттоки, айрим вазиятларда наманганликлардан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатдик. Озгина омад ҳам кулиб боқмаяпти. Ваҳоланки, ҳар бир баҳсда икки-учтадан голли имкониятларимиз бўляпти.

Намангандаги баҳсда пенальти бормиди?

Шодиев “Навбаҳор” билан учрашув ҳақида тўхталган чоғида ўйин тақдирини ҳал қилган пенальти ҳақида ҳам сўрадик. Чунки ўйиндан сўнг пенальти белгиланган вазият ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва кўпчиликда икки хил таассурот қолдирди. Бевосита ўша ўйин иштирокчиси бўлган Воҳид  мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди:

-  Пенальти белгиланган вазият 50х50 эди. Ҳакам ўша ҳолатда пенальти белгиласа ҳам, белгиламаса ҳам тўғри бўларди. Агар 11 метрлик нуқтани кўрсатмаганида ҳам унга ҳеч ким эътироз билдирмасди. Бу ҳакамнинг ўзини қарори. Аммо нима учун бундай қарорга келганини билмадим.

шодиев2

Агамуродов ҳам ҳозирча вазиятни ўзгартира олмаяпти. Нега?

“Қизилқум”нинг натижаларини яхшилаш учун бош мураббийликка Тачмурод Агамуродов таклиф қилинганди. Афсуски, ҳалигача ушбу мутахассис ҳам клубни жарликдан олиб чиқа олмаяпти. Кетма-кет мағлубиятлар серияси давом этмоқда. Ҳозирча унинг бошчилигида “Қизилқум” бир марта дуранг ўйнаган холос. Қолган баҳсларда эса ютқазиб келмоқда. Қизиқ, мураббийнинг тактикасини футболчилар яхши тушунишмаяптимикин? Ёки бу ерда бошқа гап борми? Табиийки, бу ҳақида ҳам Шодиевнинг фикрлари билан қизиқиб кўрдик.

-  Агамуродов яхши мутахассис. Олдин “Бухоро”да ҳам у билан бирга ишлаганман. Ўша пайтларда менинг терма жамоага чақирилишимда ҳам ушбу мураббийнинг меҳнати сингган. Тачмурод Шамаковични қаттиқ ҳурмат қиламан. Аммо вазият шундай тус олганида бу мураббийни айблаш  ноўрин. Тачмурод Шамаковичнинг ўзи айтганидек, мураббий талаб қилаётган кўрсатмаларни футболчилар бажариб бера олишмаяпти. Биринчи даврадан кейин таркибда ўзгаришлар бўлади ва бир қатор янги футболчилар келишади. Насиб бўлса, жамоа яхши томонга ўзгариши керак. Кўз тегмасин, ҳозирда моддий томондан ҳам аҳвол ижобий тарафга ўзгарган. Энди жамоанинг яхши савиядаги ўйинчиларни ҳам таклиф қилишга қурби етади. Юқори ўринлар учун кураша олмасак-да, аммо Суперлигада рақобатбардош жамоага айлана оламиз.

Таркибдаги рақобат кучли эмас

Унинг гапида жон бор. Чиндан ҳам “Қизилқум”нинг кучлироқ ўйин кўрсатишига таркибдаги футболчиларинг салоҳияти етарли эмас. Шу сабабли мураббийлар ҳам таркибдаги бор ўйинчилардан фойдаланишга мажбурлар. Бундан чиқди, айни чоғда таркибдаги рақобат ҳам етарли даражада эмас. Буни Шодиев ҳам тасдиқлади.

-  Ҳа, жамоамиздаги рақобат ҳам етарли даражада эмас. Бундан ташқари, футболчиларимизда ҳам жароҳатлар кўп учрамоқда. Масалан, бир ўйинда иккита ўйинчимиз жароҳат олса, кейингисида яна бошқалари сафдан чиқишяпти.

Аслида клубдаги ички муҳит қай аҳволда?

Футболда ғалаба ёқимли туюлади, мағлубият эса аксинча. Доим ютқазаверилса ҳам бу футболчиларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда жамоадаги муҳитга ҳам путур етказиб қўйиши ҳеч гап эмас. “Қизилқум” эса айнан мағлубиятлар гирдобига тушиб қолганини ҳисобга олсак, у ердаги муҳит қандай аҳволда? Воҳид Шодиев бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади.

-  Жамоамизда муҳит яхши. “Қизилқум”ни яраланган шерга қиёслаш мумкин. Ҳаммамиз бир оиладекмиз. Ички муҳит қониқарли ҳолатда. Мен ва яна айрим ёши катта ўйинчилар жамоадаги муҳитнинг бузилишига йўл қўймаймиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчилар бир-бирини ҳурмат қилишади. Мағлубиятлар жамоанинг бузилишига эмас, балки янада жипслашиб, кучайишига туртки беряпти. Эътибор берсангиз, ўйиндан-ўйинга яхшироқ ҳолатга кириб боряпмиз. Лекин ўша омад деганлари биздан юз ўгиряпти.

шодиев7

“Қизилқум” қачон ғалаба қозонади?

Жамоанинг ўйини чакки бўлмаса, унда қачон “Қизилқум”нинг биринчи ғалабасини кўрамиз? Ахир вақт ўтяпти, ўйинлар ўтяпти, ҳадемай биринчи давра ҳам тугайди, шундай эмасми? Аммо ғалабадан дарак йўқ. Бу борада Воҳид Шодиев кейинги ўйиндан умид қилаётганини айтди.

-  Кейинги турда “Бухоро” билан ўйинда ғалаба қозонишга умид қиламиз. Гарчи “Бухоро” билан ўйинда деб айтяпман-ку, лекин улар ҳам биз каби турнир жадвалида охирги поғоналарда боришяпти ва уларга ҳам ғалаба керак. Ўз навбатида бизга ҳам. “Бухоро” билан жуда қизиқарли учрашув бўлади. Жадвалда ёнма-ён бораётган жамоалар ўртасидаги кураш жиддий кечади. Бир-бирига асосий рақобатчилар саналади.

Воҳид Шодиев жамоасига қандай ёрдам бермоқда?

Шодиев 34 ёшга яқинлашиб қолди. Аммо у ҳужумчи бўлгани сабабли барибир ундан гол кутишади. Воҳид эса кўпинча захирадан майдонга тушиб жамоасининг ўйинини кучайтиришга уринмоқда. Қизиқ, Шодиев гол ура олмаётган бўлса, қайси томонлама жамоасига ёрдам беришга уринмоқда?

-  Жамоада ёш футболчиларимиз кўп. Машғулот жараёнларида ва ўйин давомида уларга маслаҳатлар бериб, тўғри йўлни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳам ўз вақтида ёш ўйинчи бўлганмиз ва қайсидир ҳужумчилардан ўрнак олганмиз. Бу билан ёшларни ўзимдан ўрнак олишлари керак, демоқчи эмасман. Барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоани қўллаб-қувватлашимиз керак. Майдонга тушганда ҳам қандай бўлмасин жамоа учун ҳаракат қиляпмиз. Кимни майдонга туширишни мураббий билади. Аммо мен ҳар доим майдонга тушишга тайёр бўлиб тураман. Бизда бу ёш ўйинчи, бунисини ёши ўтиб қолган, деган тушунча йўқ. Биз бир жамоамиз ва барча учрашувларга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ҳар бир футболчи ўз ишини қилади ва олаётган ойлик маошини ҳалоллаб олиши керак. Биз эса меҳнат қилишда давом этамиз. Мен эса ҳали қўл кўтарганим йўқ ва жамоага ёрдам бериш учун ҳаракат қиламан, ёрдам бериш қўлимдан келади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!