"Қизилқум"нинг мақсади жиддий. Клуб энди Олег Зотеевни ҳам кўндирди

Навоийнинг “Қизилқум” клуби ҳам селекцияда бошқалардан асло қолишаётгани йўқ. Шу кунга қадар бу жамоага бир қатор кўзга кўринган, тажрибали ўйинчилар кўчиб ўтди. Сербиялик Никола Лазаревич эса бош мураббийга айланди. Таркиб эса кучайтириляпти ва бу ҳол давом эттирилмоқда.

Афтидан, “Қизилқум” клуби сиз-у, бизни яна бир қатор жиддий трансферлари билан ҳам эътиборимизни ўзига тортадиган кўринади. Гап шундаки, навоийликлар сафига ўтган йили Жанубий Корея Кубоги финалида гол урган ва якунда жамоаси билан ғолиб чиққан ҳамюртимиз Олег Зотеев ҳам қўшилди.

олег1_2

“Чоннам Драгонс” сафида икки йил тўп сурган легионеримиз шартномаси тугагани боис клубни тарк этганди. Унинг олдида эса қатор вариантлар бор эди ва легионерга айланиши ёки Суперлигага қайтиши эҳтимолдан ҳоли эмасди.

Кўриниб турибдики, бу борада “Қизилқум” бошқаларга нисбатан фаолроқ ҳаракат қилди ва Зотеевни ўз сафига қўшиб олиш учун кўндириш йўлини топган. Айни чоғда Олег навоийликларнинг машғулотларида иштирок этмоқда. Биздаги маълумотларга қараганда, футболчи клуб билан келишиб бўлган. Табиийки, унинг таркибга қўшилиши ҳам жамоа ўйинини кучайтириши шубҳасиз. “Қизилқум” эса селекция ишларини яна давом эттирмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!