"Қизилқум"нинг "Навбаҳор"га қарши қандай режаси бор ёхуд бош мураббий Жамшид Саидов жамоасининг тайёргарлиги ва таркибдаги ўзгаришлар хусусида
Навоийнинг “Қизилқум” клуби ҳам ёзги йиғинини якунлаб, энди бор эътиборини иккинчи давранинг 14-турида бўладиган “Навбаҳор”га қарши учрашувга қаратган. Ушбу учрашув “Қизилқум” майдонида ўтказилади.
Жамоа устози Жамшид Саидов олдиндан кутилганидек ёзги тайёргарлик пайтида таркибга бир қатор янги футболчиларни қўшиб олди.
Sports.uz журналисти “Қизилқум” бош мураббийи билан иккинчи давра олдидан суҳбатлашди.
- “Қизилқум”нинг ёзги йиғинидан кўнглингиз тўлдими? Барчаси режа бўйича кечдими?
- Биз ёзги йиғинимизни 7 июлдан Дукентда бошладик. Бу ерда шароитлар яхши, тайёргарлигимиз ҳам кўнгилдагидек бўлди. Сафимизга бир қатор янги ўйинчилар қўшилишди. Македониялик ҳужумчи Симоновскийни олдик. Олдин жамоамизда ўйнаб кетган грузиялик Кухианидзени қайтардик ва яна бир грузин футболчиси Акаки Шулая билан ҳам келишувга эришдик. Туркманистонлик Бахтиёр Гургенов ҳам келди. “Насаф”дан Жўрабек Манноновни таклиф қилдик. “Олимпик”дан асли бухоролик бўлган Муҳаммадали Ғиёсовни олдик. Функционал тайёргарлигимиз яхши ўтди. Футболчилар бир-бирини янада яхши тушуниб олишса бўлгани. Ҳаммаси аста-секин яхши бўлади. Назорат учрашувларида барча футболчиларга имконият тақдим этдик. Оптимал таркибни Худо хоҳласа 30 июль куни кўрасизлар. Биринчи ўйинни “Навбаҳор”га қарши ўтказамиз ва бу албатта қийин бўлади. Иккита фарқли жамоалар курашади. “Навбаҳор” чемпионлик учун курашаётган бўлса, “Қизилқум” Суперлигада жон сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда. Ўйлайманки, иккинчи давра жуда қизиқ бўлади. Негаки, 4-5 та жамоа чемпионлик учун интилмоқда. Турнир жадвалидаги кураш ҳам жуда қизғин кечади.
- Селекция бўйича барча режа қилинган футболчиларни олдингизми ёки кимдир қолиб кетдими?
- ПФЛ Регламенти бўйича биз 5 нафар футболчини рўйхатдан ўтказа оламиз. Қолгани ёшлар билан таркиб тўлдирилаверади. Ўйлайманки, яхши селекция олиб бордик. Бу ишлардан қониқдим. Барчаси режамиз бўйича кетяпти. Биринчи даврага нисбатан баъзи позицияларимизни кучайтирдик. Иккинчи даврада нима бўлишини вақт кўрсатади.
- Клубдан кетган футболчилар ҳақида ҳам сўрамоқчиман. Кўпроқ қайси ўйинчининг тарк этганини “Қизилқум” учун жиддий йўқотиш деб айта оласиз?
- Бунгача Тачмурод Агамуродов ишлаётганди. Мен келгунга қадар Тачмурод Шамакович деярли 7 нафар футболчи билан хайрлашганди. Тўғриси, уларни эшитгандим, аммо яхши билмасдим. Ўйинини ўзим кўрганим йўқ, шунинг учун ҳеч нима дея олмайман. Агамуродов уларни кўрган, билади. Мураббийга ишонаман. Мен ишлагандан кейин фақатгина Жасур Холтўраевга жавоб бердик. Уларнинг ўрнига янги футболчилар билан таркибни кучайтирдик.
- “Навбаҳор”га қарши учрашув жамоангиз учун жуда муҳим. Биринчи даврада Намангандаги баҳсда мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ҳар қандай клубга иккинчи даврани ғалаба билан бошлаш муҳим. Бўлажак учрашув олдидан қандай режангиз бор?
- Бу – футбол, олдиндан нима бўлишини айтиб бўлмайди. Агар ҳаммасини билганимда эди (кулади). Албатта, ўз майдонимизда ўйнаймиз, шунга яраша футболчилар максимал даражада ҳаракат қиладилар. Улар бор кучларини берадилар. Йигитлар жисмоний томондан, функционал ва тактик жиҳатдан ҳам тайёрлар. Футболчиларни руҳий тарафдан тайёрлай олсак бўлди. Бу – футбол бўлгани учун олдиндан нима бўлишини айтиб бўлмайди. Бундай рақибларга қарши учрашувларда мувозанатни сақлаш ниҳоятда муҳим. Учрашув бошидан то охирига қадар мувозанатни сақлаш керак бўлади. Ана шунда яхши натижага эришиш мумкин.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар