"Қизилқум"нинг сербиялик легионери жамоадан нега кетмоқчи? Унга Саудия Арабистонидан ҳам таклиф бор! (Интервью)
"Қизилқум" легионери Александр Станисавлевич жамоадан кетиши ҳақида хабарлар тарқалди. SPORTS.uz сайти журналисти Шоҳрух Зоиров ушбу гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида футболчининг ўзи билан боғланди ва шу каби қизиқарли мавзуларда суҳбат уюштирди.
- Хайрли кун, Александр! Биз сизнинг "Қизилқум"дан кетмоқчи эканингиз ва айрим жамоалар билан музокаралар ўтказаётганингиз ҳақида маълумотлар олдик. Шу ҳақда нималар дея оласиз?
- Ҳа, кўп клублар билан мулоқотда бўлиб турибман. Аммо ҳали якуний қарорга келганимча йўқ. "Насаф" ва "Сурхон"дан ташқари яна таклифлар келиб тушмоқда. Тез орада бир хулосага келаман.
- Нима учун ҳозирги жамоангизни тарк этмоқчисиз? Молиявий муаммолар борлиги қанчалик ҳақиқат?
- Мен ўз олдимга катта мақсадлар қўйганман. Ҳалқаро мусобақада, хусусан, ОЧЛда иштирок этадиган клуб сафида тўп тепмоқчиман.
Молиявий масалага келадиган бўлсак, менда бу борада муаммо йўқ. Маошимни ўз вақтида олдим. Пул учун жамоани тарк этмоқчи эмасман. Бошқа мақсадлар сабабли шу қарорга келдим.
- Хориждан ҳам таклифлар келиб тушяптими?
- Саудия Арабистонидан қизиқиш бўлганини айтишди. Бироқ мен Ўзбекистонда қолмоқчиман. Келаси мавсум ҳам Суперлигада тўп тепишни режалаштирганман.
- "Насаф" бош мураббийи билан телефонда гаплашганингиз тўғрисидаги маълумотларга қандай изоҳ бера оласиз?
- Бу ҳақда ҳозир батафсил гапирмоқчи эмасман. Шуни айтишим мумкинки, ростан "Насаф"дагилар менга алоқага чиқишди.
- Тушунимизга қараганда, сиз "Сурхон" билан шартнома имзоламайсиз. Сабаби, клуб ҳалқаро мусобақаларда иштирок этмайди...
- Балки шундайдир. Шунга қарамай, вазият тубдан ўзгариб, мазкур вариантни танлашим ҳам мумкин. Очиғи, ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Ҳозирда келаси мавсумга тайёргарлик олиб бормоқдаман. Шунингдек, оилам даврасида ҳордиқ оляпман.
- Тушунарли! Вақт ажратиб, жавоб берганингиз учун раҳмат! Келгуси фаолиятингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз!!!
- Сизга ҳам раҳмат! Саломат бўлинг!!!
Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.
Фикрлар