Қониқарсиз натижалар туфайли "Қўқон-1912" ўз мухлислари билан учрашди. Клуб президенти бош мураббий ҳақида гапирди
Қўқон – ўзбек футболининг ватани. Бу шаҳарда футболни яхши кўришади. Бугун Қўқондаги “Марказий” стадионда “Қўқон-1912” жамоасининг раҳбарлари, мураббийлар ҳамда футболчилар жамоанинг ашаддий, жонкуяр мухлислари билан учрашишди. Учрашувдан кўзланган мақсад жамоадаги муҳит, сўнгги ўйинлардаги қониқарсиз натижалар ҳақида очиқчасига сўзлашиш эди.
Учрашувда дастлаб “Қўқон-1912” жамоасининг президенти Бахтиёр ака Толипов сўз олиб, барчани рамазон ойи ва бугунги жума айёми билан табриклади. Жамоа раҳбари барча мухлисларга футболчиларни ҳар қандай вазиятда қўллаб турганликлари учун миннатдорлик билдириб, қисқача стадионда мухлисларнинг ўзларини тутишлари ва карантин қоидаларига риоя этиш масаласига тўхталиб ўтди.
- “Намангандаги тартибсизлик бизга сабоқ бўлиши лозим. Қўқон халқи ўзининг юксак маданияти билан бутун дунёга намуна бўлиб келган. Футболчилар сизларни хурсанд қилиш учун бор куч ва имкониятларини сарфлашмоқда ва бундан буёғига янада қаттиқроқ ишлашади. Бунинг учун сизлардан жамоамизни чиройли тарзда қўллаб-қувватлаб туриш лозим бўлади. Қолаверса, юртимизда карантин қоидалари яна кучайтирилди. Навбатдаги ўйиндан бошлаб стадионга албатта ниқоб билан келишларинг ҳамда оралиқ масофани сақлаб ўтиришларингни илтимос қиламан.
Бугунги учрашувга бироз даволанишда бўлганлиги сабабли Бахтиёржон Ашурматов етиб кела олмади. Биз барча талаб истакларингни бажо келтиришга қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Бош мураббийимизга ишонамиз, Ашурматов жамоани қийин холатдан олиб чиқа олади ва навбатдаги ўйинларда йигитлар албатта сизларни хурсанд қилишади” - деди, Толипов.
Шундан сўнг, ухлислар ўзларини қизиқтирган саволлар билан жамоа раҳбарига, мураббийларга юзланишди. Саволларга жамоа раҳбари Бахтиёр ака Толипов ҳамда катта мураббий Зоҳид Нурматов батафсил жавоб бердилар. Учрашув қизғин мунозаралар ва савол-жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди.
Жамоамизнинг ёши улуғ мухлислари йигитларга олдинда кутиб турган ўйинларда омад тилаб, бош мураббийимизга эса яратгандан шифо сўраб дуолар қилишди.
"Қўқон-1912" матбуот хизмати.
Фикрлар