"Қўқон-1912" "Андижон"га қарши ўйин орқали Тошкент йиғинини якунлади
Бугун Тошкентдаги “Тўқимачи” стадионида “Қўқон-1912” ҳамда “Андижон” жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент йиғинининг сўнгги учрашувида Бахтиёр Ашурматов қўл остидаги деярли барча футболчиларги ўйнаш имкониятини тақдим қилди. Об-ҳавонинг ўта иссиқ бўлишига қарамасдан ҳар икки жамоа футболчилари майдонда бор маҳоратларини кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилишди.
Ҳар икки жамоа бош мураббийларининг бу ўйиндан кўзлаган мақсадлари футболчиларни ўйин амалиёти билан таъминлаш, уларнинг иккинчи давра ўйинларига қай даражада тайёр эканликларини текшириб олиш эди. Бугунги ўйинда футболчиларнинг жароҳат олмасликлари муҳим вазифалардан бири бўлди.
Учрашув давомида “шунқорлар” бир қатор голли вазиятлар ярата олишди. Айниқса, Шоҳназар Норбеков, Якуба Бамбада жуда қулай вазиятлар юзага келган эди. Айрим вазиятларда рақиб посбони яхши ҳаракат қилган бўлса, айрим вазиятларда омад юз ўгирди.
Андижонлик футболчиларда ҳам қулай имкониятлар бўлди. Бугунги дербида дарвозани қўриқлаган Исломжон Абдуллаев ҳамда Хуршид Хўжаевлар ўз постларида ишончли ўйнаб, рақибларга имкон қолдиришмади. Шундай қилиб учрашув жанговор дуранг натижа билан якунланди.
Энди “Қўқон-1912” жамоаси “Навбаҳор” билан бўладиган баҳсга тайёргарлик кўриш учун Қўқон шаҳрига жўнаб кетади.
“Қўқон-1912” матбуот хизмати.
Фикрлар