
"Қўқон-1912" футболчиси: "Бор эътиборимни Суперлигада яхши натижа кўрсатишга қаратганман"
«Қўқон-1912» жамоасининг асосий футболчиси ва етакчиларидан бири Иқбол Маликжонов жамоамиз матбуот хизматига қисқа интервью берди.
- «Қўқон-1912» жамоасининг жорий мавсумдаги натижаларини қандай баҳолайсиз? Жамоага Про лигадан тўғридан тўғри Суперлигага йўл олишига нима етишмади? «Металлург»га қарши учрашув ҳақида фикрингиз?
- Жамоамизга мавсум давомида "стабиллик" етишмади, деб ўйлайман. Менимча, агар мавсум бошида ва ўрталарида чемпионат охирида бўлганидек ўйнаганимизда ўтиш ўйинига қолиб кетмас эдик. «Металлург»га қарши ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўрдик, мураббийларимиз рақибни жуда яхши ўрганиб чиқишди. Кучли иштиёқ ва мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари билан ғалаба қозондик.
- Сизни кўпчилик ярим ҳимоячи сифатида билади. Бироқ жорий мавсум асосан қанот ҳимоячиси сифатида ҳаракат қилдингиз. Бу позицияда қийинчиликлар бўлмадими? Умуман олганда, жорий мавсумдаги ўйинингиздан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз?
- Ўнг қанот ҳимоясида олдин ҳам ўйнаганман. Бу жой менга бегона эмас. қайси чизиқда жамоамга кўпроқ фойдам тегса, ўша позицияда ўйнашга тайёрман.
- Ўтган йилги «Қўқон-1912» жамоаси билан айни вақтдаги жамоанинг фарқи нимада?
- Ўтган йилги таркибимиз ҳам яхши эди, деб ўйлайман. Шунчаки, ўтган мавсум бизга озгина омад етишмаганди. Бу йил эса янгиланган таркиб билан Суперлига йўлланмасини қўлга кирита олдик.
- Кейинги режалар қандай?
- «Қўқон-1912» жамоаси билан яна бир йиллик шартномам бор. Бор эътиборимни янги мавсумда «Қўқон-1912» жамоаси билан Суперлигада яхши натижа кўрсатишга қаратганман.
Фикрлар