"Қўқон-1912" футболчиси жамоасининг ўз майдонида эмас, балки сафарда ютаётганига ва "Андижон"дан тушган таклифга муносабат билдирди
“Қўқон-1912” жамоаси айни пайтда Чимёнда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Қўқонликлар ортда қолган 12 та ўйинда 15 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 9-ўринни банд этиб турибди.
Аммо бош мураббий Бахтиёр Ашурматов ва унинг жамоасида юқори ўринларга кўтарилиш учун имконият бор. Негаки, жамоа таркибидаги футболчиларнинг салоҳияти яхши даражада.
Масалан, 26 ёшли истеъдодли ярим ҳимоячи Сардор Азимов ҳам жамоадаги муҳим ўйинчилардан бири. У шу кунгача 9 та ўйиндан майдонга тушди ва 1 та гол урди. Sports.uz мухбири ушбу ўйинчининг фикрлари билан қизиқди.
Иккинчи даврага тайёргарлик хусусида
- Ҳозир Чимён тоғ ёнбағридамиз. Бу ерда астойдил шуғулланяпмиз. Асосий эътиборни жисмоний тайёргарлигимизни оширишга қаратганмиз. Чунки иккинчи давра учун жисмоний тайёргарлигимизни янада яхшилаб олишимиз лозим. Шу орқали иккинчи даврага яхши ҳолатда кириб бормоқчимиз. Футболчиларнинг кайфияти аъло даражада. Тоғдаги машғулотларимиз анча самарали ўтяпти. Бу ерда кунига икки маҳалдан мураббийларимизнинг кўрсатмаларига асосан шуғулланяпмиз.
Биринчи даврадаги иштирок ҳақида
- Нимагадир ўтган йилгига қараганда, бу йил ўз майдонимизда ғалаба қозона олмаяпмиз. Нима учун бундай бўлаётганини билмайман. Меҳмонда бўлса, аксинча яхши натижалар кўрсатиб келяпмиз. Сафарда тўртта учрашувда ютдик. Ўз майдонимизда “Қизилқум” ва “Бунёдкор” билан дуранг ўйнадик. Кўриб турганингиздек, Қўқонда икки очкони қўлга киритибмиз. Умуман, тўплаган 15 очкодан 13 тасини меҳмонда қўлга киритдик. Ўз майдонимизда нимадир етишмаяптими ёки ҳаяжонланганимиздан шошиб қоляпмизми? Тезроқ гол уриб натижага эришишни истаётганимиз учун балки ўйинимиз чиқмаётгандир. Сафардаги учрашувларда рақибнинг хатоларини кутиб, қарши ҳужумларда гол урдик ва ҳимояда мураббийларнинг кўрсатмалари асосида мустаҳкам ўйнадик. Тартибли ўйинни йўлга қўя оляпмиз. Аммо ўз майдонимизда негадир шошиб қоляпмиз. Оқибатда рақиблар бизнинг хатоларимиздан фойдаланиб кетяпти.
“Қўқон-1912” сафар жамоасими?
- Фикримча, ҳали “Қўқон-1912” сафар жамоаси эмас. Олдинда иккинчи давра турибди. Ўзингиз ҳам кўряпсиз, Суперлигада кутилмаган натижалар кўпайиб кетяпти. Масалан, Тошкентда “Локомотив”ни ютишимизни ҳеч ким кутмаганди. Ўз майдонимизда “Металлург”га ютқазишимизни ҳам сира кутмагандик. Улар охирги дақиқада гол уриб ютиб кетишди. Иккинчи даврада ўз уйимизда йўқотилган очколар ўрнини тўлдирамиз.
“Андижон”нинг таклифи тўғрисида
- Ҳа, “Андижон” клубидан таклиф бўлди. Андижонлик футболчиларни йиғяпмиз, шунга нима дейсиз деди. Мени “Қўқон-1912” билан бир йиллик шартномам борлигини ва бирор нима дея олмаслигимни айтдим. Адашмасам, икки марта қўнғироқ қилишди. Жамоам билан шартномам борлиги сабабли мени у ерга қўйиб юборишмаса керак, буни ўзларига ҳам айтдим. Бу нарса бош мураббийимизга ҳам боғлиқ.
Ўзига қолса, клубдан кетадими?
- Умуман олганда, “Қўқон-1912” билан амалдаги шартномам тугатиб қўймоқчиман. Чунки “Андижон”га бориб мослашиш учун ҳам яна вақт керак. Олти ой тезда ўтиб кетади. Қўқонда бир ярим йилдан бери ўйнаяпман ва иккинчи йили кетяпти. Бу жамоага кўникиб кетганман, ҳамма билан муносабатим яхши. “Қўқон-1912”да ўзимни анча эркин ҳис қиламан. Мени характеримни ҳам яхши билишади.
Яна қандай таклифлар бор?
- Менга бошқа клублардан жиддий таклиф бўлмади. Шунчаки, айримлари шартноманг борми деб қўйишди. Аммо “Андижон”нинг таклифи жиддийроқ бўлди. Улар клубни Суперлигада сақлаб қолишмоқчи. Бироқ шартномам бўла туриб “Қўқон-1912”дан кетишга ҳаққим йўқ. Бу профессионалликка ҳам тўғри келмайди. Бўлмаса, раҳбарлар билан гаплашинглар, деб айтдим.
“Қўқон-1912” қайси ўрин учун курашади?
- Аслида бизнинг вазифамиз учталикка кириш. Вазиятга реал қарасак, 4- ёки 5-ўринни эгалласак керак. Жамоамизнинг имкониятлари яхши. Чемпионатдаги кураш ва интрига ҳам кучли бўляпти. Ҳар бир ўринга жамоалар ўртасидаги кураш анча жиддий бўляпти. Кўряпсиз-ку, кимдир ютқазса пастга тушиб кетяпти ёки ютса юқорига кўтарилиб кетмоқда. Шунинг учун ҳозир барча клублар иккинчи даврага жиддий тайёргарлик кўришяпти.
Фикрлар