"Қўқон-1912" ҳам машғулотларни бошлади, таркибда эса янгилар бор

Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” жамоаси 2021 йилги футбол мавсуми учун тайёргарликни бошлади. Жамоа аъзолари 4 январдан Қўқон шаҳрида йиғилди. Гарчи кеча жамоанинг барча аъзолари Қўқон шаҳрига етиб келмаган бўлса-да, мураббийлар дастлабки машғулотни ўтказди.

Қўқондаги 2-БЎСМга қарашли стадионда бўлиб ўтган машғулотларда жамоа таркибига янги қўшилган ҳужумчи - “Машъал”нинг собиқ аъзоси Мўмин Мелиев ҳамда ўтган мавсумни “Андижон” жамоасида ўтказган Фарҳод Бекмуродов  ҳам иштирок этди.

Шунингдек, жамоа сафида ўтган мавсумни “Турон” жамоасида ўтказган ҳимоячи Шоҳруҳ Холматов, “Андижон”да тўп сурган Азамат Исроилов ва дарвозабон Элдор Адҳамов ҳам машғулотларда иштирок этишмоқда. Бу футболчилар жамоа кўригида бўлиб туришибди.

“Қўқон-1912”нинг айрим футболчилари бугун Қўқонга етиб келишади. Жамоанинг етакчи футболчилари - Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Қувондиқ Рўзиев ва Шоҳназар Норбеков эса бош мураббийнинг рухсатига кўра, бироз кечроқ жамоа ихтиёрига етиб келади. Суҳроб Бердиев ҳамда Ҳамидилло Абдуҳамидов эса даволаниш жараёнларини давом эттирмоқда, - дея хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!