"Қўқон-1912" клуби матбуот котиби: Янги мавсумдан ҳалол футбол ва шунга ярашадиган мухлислик маданиятини кутяпман

Хабарингиз бор, кечадан Ўзбекистон Суперлигаси-2020 старт олди. Жамоалар чемпионатга юртимизда ва имконияти борлар хорижда тайёргарлик кўришди.

Мураббий ва футболчиларнинг фикрларини йил бўйи ўқиб, кузатиб боришимиз мумкин. Аммо ўша жамоада фаолият юритаётган матбуот котибларини сиз деярли тингламагансиз. Шу боис биз янги мавсум аввалидан матбуот котибларининг фикрларини билиш учун уларга 3 та савол билан мурожаат қилдик.

1. Жамоанинг тайёргарлик жараёни (қаерларда йиғинлар ташкил этилгани ва ўртоқлик ўйинлари) ҳақида

2. Янги мавсумдан нималар кутмоқдасиз?

3. Клуб олдига қандай вазифа қўйилди?

Акрамжон Мамадалиев (“Қўқон-1912”)

1. “Қўқон-1912” жамоасининг 2020 йилдаги тайёргарлик жараёнлари 3 босқичдан иборат бўлди. Дастлаб 5-22 январь кунлари Тошкент шаҳрида ўқув-йиғин машғулотлари олиб борилди. Бунда асосан таркибни шакллантириш учун кўплаб футболчилар жамоамиз мураббийлари кўригидан ўтказилди. Йиғин давомида 5 та назорат баҳсларида майдонга тушдик. Қувонарлиси, барча учрашувларда Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “шунқорлар” ғалаба қозонишди. Дастлаб Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Сўнгра “Сўғдиёна”, “Андижон”, “Оқ-тепа”, “Навбаҳор” клублари мағлуб этилди.

Тайёргарликнинг 2-босқичи Фарғона шаҳрига кўчди. Бу ерда жамоамиз “Хоким кубоги-2020” турнирида иштирок этиб, ярим финалда “Нефтчи” жамоасига пенальтилар сериясида имкониятни бой беришди.

Бу мусобақа биз учун жуда фойдали бўлди, деб бемалол айта оламиз, чунки учрашувлар давомида мураббийларимиз, янги масумда кимлар “Қўқон-1912” сафида тўп тепишини деярли аниқлаб олдилар.

Навбатдаги йиғин 9-21 февраль кунлари яна Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Жамоамиз 4 та ўртоқлик ўйинларида имкониятни чамалаб олдик. “Машъал” ва “Бунёдкор” таслим этилди. “Сўғдиёна” ҳамда “Локомотив” билан муроса йўли танланди.

Бахтиёр Ашурматов шогирдлари мавсумга тайёргарлик жараёнларида ўтказган ўртоқлик ўйинларининг биронтасида ҳам мағлубиятга учрамади. 7 ғалаба ва 2 дуранг. Манимча, бош мураббий футболчиларга ғолиблик руҳиятини сингдира олди. Бу эса янги мавсум аввалидан жуда фойдали, деб ўйлайман.

“Пахтакор” клуби матбуот котиби янги мавсумдан нималар кутаётгани ҳақида

 

2. Келаётган мавсумдан қўқонлик барча мухлислар кутаётган ғалабаларни кутяпман. Жамоамиздан шиддатли, агрессив, ҳужумкор ўйин кутяпман. Қўқонга келадиган барча футболчиларни “Марказий” стадионга чиқаётганларида мухлисларимизнинг ҳайқириқларидан вужудлари жунбушга келишларини кутяпман. Ҳалол футбол ва шунга ярашадиган мухлислик маданиятини кутяпман. Ўзбекистон чемпионатида юқори ўринлар учун курашадиган жамоалар қаторига “Қўқон-1912”нинг ҳам қўшилишини кутяпман. Ҳозирги кунда жамоамизда йиғилган футболчилар ҳамда мураббийлар штабининг салоҳияти бемалол ҳар қандай рақиб билан курашишга етади, деб ҳисоблайман.

501557685082

3. Жамоамиз раҳбарияти бу йил юқори мақсадларни кўзлаган. Шу боис клубга Бахтиёр Ашурматов бош мураббий этиб тайинланди. Мақсадимиз мухлислар ишончини қайтариш, юқори ўринлар учун кураша оладиган, рақобатбардош жамоани шакллантириш, ўринбосарлар таркибига маҳаллий ёш футболчиларни таклиф қилиб, босқичма-босқич таркибни ёшартириш. Шу кунларда жамоамиз аъзоларининг вилоят ҳамда Қўқон шаҳар раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтади. Унда аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилади.

Битта маълумотни мухлисларимизга айтиб ўтмоқчиман. Биз таркибимизга қўшилган барча футболчиларни ўртоқлик ўйинлари орқали таништириб бордик. Жамоада селекция ишлари ҳали ўз якунига етмади. Яқин кунларда таркибимизга яна бир нечта таниқли ва кучли футболчилар қўшилиши кутилмоқда. Бу футболчилар билан музокаралар охирига етмагани учун ҳозирча уларнинг номларини сир тутиб турамиз. Шуниси аниқки, у футболчиларни ҳамма танийди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!