"Қўқон-1912" таркибида яна ўзгаришлар бор. Козак кетди, "Қизилқум" футболчиси қўшилди
Мавсумга тайёргарликнинг навбатдаги босқичи бошланди. Таркибда ўзгаришлар бор.
"Қўқон-1912" янги мавсумга тайёргарликни босқичма-босқич олиб бормоқда. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари бугун Қўқон шаҳрида тўпланиб, навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини бошлаб юборди. Бугунги машғулотлар Учкўприкдаги марказий стадионда бўлиб ўтди. Таркиб борасида ҳам баъзи янгиликлар бор.
Тошкентдаги йиғинда иштирок этган Владимир Козак жамоа лагерини тарк этган. Сербиялик легионер Иван Йосович бугундан машғулотларга қўшилди. Жамоамиз мухлисларига яхши таниш бўлган футболчи Жамшид Ҳасанов бу йилги мавсумни Қўқонда ўтказиш учун "шунқорлар" йиғинига келиб қўшилди. Ҳасанов ўтган мавсумни Навоийнинг "Қизилқум" жамоасида ўтказган эди.
"Қўқон-1912" жамоаси эртага Фарғона шаҳрида бўлиб ўтаётган "Ҳоким кубоги-2022" мусобақасидаги иштирокини бошлайди. Жамоамиз Қиргулидаги "Нефтчи СК" стадионида Ошнинг "Олой" жамоаси билан куч синашади. Бу учрашув эртага, 26 январь куни, соат 14:00 да бошланади.
"Қўқон-1912" матбуот хизмати.
Фикрлар