"Қўқон-1912"га ярашмайдиган ҳолат. Акс ҳолда...
Бора-бора чемпионатимиздаги кураш ва интрига қизғин тус ола бошлаяпти. Ўйинлардаги шиддат ҳам ўсиб боряпти. Мухлислар эса бир-биридан қизиқарли ҳамда кескин беллашувларга гувоҳ бўлишяпти. Турнир жадвалида ҳам таъбир жоиз бўлса, кутилмаган клублар пешқадамлик қилишяпти. Демак, бу йилги Суперлига сиз билан бизга ҳали яна кўп сюрпризларни тақдим этса ажаб эмас.
Ҳозирги турнир жадвалига назар ташласак, биринчи навбатда клубларнинг эгаллаб турган ўрни ҳаммамизни қизиқтиради. Биз эса ўша жадвалга қараб, яна бир жиҳат эътиборимизни тортиб қолди. Гап шундаки, Бахтиёр Ашурматов бошчилик қилаётган “Қўқон-1912” жамоаси ҳозир бироз қийин вазиятга тушиб қолгандек. Чунки улар охирги учта учрашувда кетма-кет мағлубиятга учради. Охирги бор 4-турда “Металлург” 1:0 ҳисобида мағлуб этилганди. Шундан сўнг, меҳмонда АГМКга 3:0, уйида “Насаф”га 0:1 ва яна сафарда “Сурхон”га 1:0 ҳисобларида ютқазиб қўйди.
Чемпионатимизда рақобатбардош жамоа сифатида яхши танилган бу клубнинг мағлубиятлар гирдобига тушиб қолишининг ўзига яраша сабаблари мавжуд, албатта. Бизга етиб келган хабарларга қараганда, клубда молиявий жиҳатдан бироз муаммолар бор. Лекин бу каби муаммо деярли барча клубларимизда вақти-вақти билан учраб туради. Аммо унутмаслик керакки, жамоанинг барқарорликка эришишида молиявий ҳолат ҳам шунга яраша бўлиши мақсадга мувофиқ.
7 турдан кейин қўқонликлар ҳақида маълум хулосаларга келиш мумкин. Негаки, кетма-кет мағлубиятлар туфайли “шунқорлар” аутсайдерлар қаторига тушиб қоляпти. Албатта, бу борада яққол аутсайдер ҳисобланмаса-да, аммо шунга яқин. Бу масалада клубнинг статистик рақамлари ҳам салбий. 7 та ўйинда 2 та ғалаба ва 5 та мағлубият. Дуранг йўқ. Биз учун янада ажабланарлиси шуки, “Қўқон-1912” 7 та учрашувда рақиблар дарвозасига бор-йўғи 2 та гол урди, холос. Демак, ўз-ўзидан маълумки, жамоа ғалаба қозонган ҳар иккала учрашувида ҳам 1:0 ҳисобида устун келган. 2-турда “Олимпик” билан ўтказилган учрашувда Жавоҳир Сидиқовнинг голи қўқонликларга илк уч очкони тақдим этган бўлса, 4-турда “Металлург”ни қабул қилган ҳолда Шаҳзод Нурматовнинг голи эвазига ғалаба қозонишганди. Шундан бери Ашурматов жамоасида мағлубият кузатиляпти.
Бош мураббий жамоа ўйинини янада кучайтириши ва сермаҳсулликни ошириши унинг учун амалга ошириши керак бўлган муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ахир 7 та ўйин 2 та гол – бу “Қўқон-1912”дек жамоа учун ниҳоятда кам. Суперлига клублари орасида бошқаларда бундай салбий кўрсаткич йўқ. Айтмоқчи бўлганимиз, энг оз гол қўқонликларга тегишли бўлиб турибди. Маълумот учун шуни қўшимча қилмоқчимизки, энг кўп гол ҳозирча “Қизилқум” билан "Бунёдкор"га тегишли. Бу жамоалар ҳисобида 11 тадан гол бор. Ундан кейин “Сўғдиёна” жамоаси боряпти. Ушбу клуб 10 та гол уришга улгурди.
“Қўқон-1912” жамоасининг ўйинидаги асосий муаммолардан бири ҳужум ва ҳимоя чизиғи билан боғлиқ эканини қўшимча қилиш даркор. Чунки 7 та ўйинда 8 та гол ўтказиб юборилди. Жамоанинг жуда кам гол ураётгани мураббийларни ўйлантираётгани аниқ. Ҳужумдаги самарадорликни оширмаса бўлмаслигини Ашурматов ҳам яхши тушуниб турибди. Бироқ бир жиҳатни ҳам унутмаслик керак, “Қўқон-1912”ни кам гол уряпти, деб койиш ҳам у қадар тўғри эмас. Боиси, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичидаги учта учрашувда энг кўп голни айнан Бахтиёр Ашурматов жамоаси киритди. Яъни, про лига ва биринчи лигадаги рақиблари дарвозаларига жами 12 та гол урилди. Бу борада бошқа гуруҳлардаги киритилган голлар бўйича солиштирганда жуда яхши кўрсаткич. Лекин клуб Кубокдаги сермаҳсуллигини чемпионатда кўрсатишга қийналяпти. Агар Суперлигада мана шундай голларини кўпайтирмас экан, яна муаммоларга дуч келиши аниқ.
Ҳужум чизиғида кимлар бор? Шаҳзод Нурматов, Билолхон Тошмирзаев, Мўминжон Мелиев ва Мурод Комилов кабилар олдинги чизиқда ҳаракат қиляпти. Жамшид Ҳасанов бўлса ҳужумкор ярим ҳимоячи саналади. Уларга ҳурматни сақлаган ҳолда голсиз сериялардан келиб чиқиб шундай хулосага келиняптики, “Қўқон-1912”га тажрибалироқ, голга чанқоқ ҳужумчи етишмаяпти. Ёки бўлмаса, юқорида номлари келтирилган ҳужумчилардан янада фаолроқ бўлиш талаб этилади. Акс ҳолда Ашурматов олдинги чизиқда яна қўшимча муаммоларга дуч келиши мумкин.
Бундан ташқари, жамоа сардори Мурод Холмуҳаммедовнинг жароҳати сабабли ёрдам бера олмаётгани ҳам таъсир қилаётгандир. Ҳар ҳолда ҳимоячи бўлишига қарамай, ўтган йиллари стандартлардан бўлса ҳам гол уришни қойиллатаётганди. 11 май санасида “Қўқон-1912”ни Тошкентда “Локомотив”га қарши ўйин кутяпти. Ашурматов жамоасига гол жуда муҳим...
Фикрлар