"Қўқондан тушган таклифни мен учун яхши чақириқ деб ҳисоблайман" - Андрей Шипилов янги чорлов, "Зенит"даги тажриба, селекция ва янги мақсадлар ҳақида

  • 15 Dec 08:49
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
CHERY AUTO

Хабарингиз бўлса керак, бир неча кун олдин “Қўқон-1912” клубига Андрей Шипилов бош мураббий этиб тайинланди.

Tecno

Мухлисларимизга яхши таниш бўлган мутахассис бир неча йиллик танаффусдан сўнг яна мураббийлик фаолиятига қайтди. Sports.uz журналисти эса Андрей Сергеевичдан интервью олди.

- Андрей Сергеевич, сизни “Қўқон-1912” бош мураббийи лавозимига тайинланганингиз билан табриклайман. Ушбу клубдан илк таклиф қачон бўлди ва уни қабул қилишингиз нима билан боғлиқ эди?

- Табригингиз учун катта раҳмат. Биласизми, ҳаммаси худди кутилмагандек рўй берди. Шунчаки, аниқ бир суҳбат ёки режалаштириш асосида бўлмади. Тахминан соат 16:30 лар атрофида шартномани имзоладим ва Қўқонга келдим. У ерда мулоқот қилдик, гаплашдик. Суҳбат узоқ давом этмади. Мен ҳеч кимни алдамоқчи эмасман. Ҳаммаси жуда тинч ва осойишта муҳитда ўтди. Мулоқотимиз ҳам яхши бўлди. Кейин раҳбарият билан учрашув ижобий тарзда ўтди ва кўпроқ суҳбатлашдик. Вақт кеч бўлишига қарамай, раҳбарият профессионалларга хос тарзда мен билан мулоқот олиб борди. Учрашувдан яхши таассуротлар олдим.

- Охирги марта “Динамо”да ишладингиз. Шундан кейин ҳеч қаерда мураббийлик қилганингиз йўқ. Ўтган уч йил давомида нима билан машғул бўлдингиз?

- Ҳа, Ўзбекистондаги охирги иш фаолиятим Самарқандда бўлган. Ростини айтсам, “Динамо”да ҳаммасини яхши натижалар билан якунлай олмаганмиз. Режаларимиз ҳам, истакларимиз ҳам амалга ошмаган. Чунки мен у ерга бош мураббий сифатида эмас, спорт директори тариқасида боргандим. Шу сабабли турли хил фикрлар бор. Лекин менимча, бу табиий ҳолат. Ҳамма ерда ҳам бирданига ишлаб кета олмайсан. Бу - футбол. Футболда эса ҳатто машҳур мураббийлар ҳам бир нечта клублар билан омадсизликка учрайди. Менинг ҳам ана шундай тарихим бўлган.

Албатта, уч йиллик танаффус катта бўлди. Лекин мен бу вақтни бекорга ўтди, деб ҳисобламайман. 6 ёшимдан бери футболдаман ва деярли умуман танаффус қилмаганман. Таътилсиз ишлаганман. Ўша даврлар ҳам яхши ўтди. Аммо оилам учун у қадар яхши бўлмади. Сабаби, болаларим менсиз катта бўлишди, ўқишга киришди, битиришди. Бошқа шаҳарларга кетишди. Ўтган уч йилда мен оилам, ўғилларимга кўпроқ эътибор қаратдим. Уч нафар ўғлим бор. Шу боис 20 йилдан бери икки давлатда яшаб келаман. Катта фарзандларим Санкт-Петербургда яшашади. Менинг севимли шаҳрим албатта Тошкент. Тошкентни ҳамма нарсадан кўпроқ яхши кўраман. Албатта, Петербург ҳам севимли шаҳрим. Иккаласи мен учун қадрли. Оилам билан бирга ҳаётдан завқ олдик. Албатта, ишимни ҳам унутмадим. Тажрибамни ошириш билан шуғулландим. “Зенит” клубида амалиёт ўтадим. Клуб раҳбариятига ва шахсан бош мураббий Сергей Богданович Семак, шунингдек, Анатолий Тимошукка, барча мураббийлар штабига ҳамда футболчиларга катта раҳмат. Жуда илиқ қабул қилишди, бир ой улар билан бирга бўлдим. Кунига икки маҳалдан машғулотларга борардим. Уйим уларни базасига яқин эди. Санкт-Петербургдаги академияларни кўрдим. Мутахассислар билан суҳбатлашардим. “Зенит” ёшлар жамоаси ўйинларини ҳам кузатдим. Сергей Семак билан кўп мулоқот қилдим. Машғулотдан аввал 20 дақиқа, машғулотдан кейин ҳам 15-20 дақиқа гаплашардик. Бутун база, инфраструктурани кўрсатишди, миннатдорман. Ҳар гал Петербургга борсам айрим футболчилар билан ҳам кўришиб тураман.

Ўтган уч йилда нимадир йўқотдим, деб ўйламайман. Футбол ичидаман ва ҳаётим футболга бағишланган. Параллел равишда бошқа бирорта бизнес билан шуғулланмаганман. Менинг бизнесим - оилам, фарзандларим ва футбол. Бу менинг тамойилларим, ўзимни бахтли ҳис қиламан. Қўқондан тушган таклифни мен учун яхши чақириқ деб ҳисоблайман. У ерда бўлиб ёқимли таассуротлар олдим. Машғулотлар учун яхши шароитлар бор. Фитнес, спорт заллари, машғулот майдонлари бор, яхши сифатда. Бошқа клубларга қараганда бу ерда яхшироқ. Мен ишлаган клубларда шароитлар у қадар яхши эмасди. “Қўқон-1912” эса мени ажаблантирди. Жуда яхши ҳолатда экан. Бу мендан олдинги ишлаган мураббийларни хизмати деб ҳисоблайман. Шу боис биз яхши ҳаракат қилиб, меҳнат қиламиз. Янги чемпионатда Қўқонда кучли, амбицияларга бой жамоа яратишга интиламиз. Буни ҳамма билиб турибди. Мақсадимиз топ клубларимизга ва топ мураббийларга муносиб рақобат қиладиган жамоа барпо қилиш.

- “Қўқон-1912”ни янги мавсумда совринли ўринлар учун курашиши ростми? Олдингизга қандай вазифа қўйилди?

- 2026 йилда совринли ўринлар ҳақида гап кетар экан, мен вилоят раҳбарияти ва клуб мутасаддилари билан суҳбатлашдим. Асосий вазифа жанговар жамоа тузиш. “Қўқон-1912” 2025 йилда про лигадан чиқиб Суперлигада ўйнади. Эгаллаган ўрни эса уларнинг ҳақиқий салоҳиятини билдирмайди. Бу жамоанинг ўрни юқорироқда эди. Баҳром Ҳайдаров тўғри иш қилган. Ахир ишлаган одамгина хатога йўл қўяди-да. Ҳеч нарса қилмай ўтирган киши эса фақат танқид қилади. Шу боис айтгим келади: 2025 йилда ишлаган мураббийлар улкан ва оғир меҳнат қилишган. Жамоа ҳам кучли ва рақобатбардош эди. Шундай экан, 2026 йилдаги вазифаларимиз натижаларни янада яхшилаш. Янги мавсумда бу йилгисидан яхшироқ бўлишимиз керак. Чунки регресс бўлмаслик учун албатта прогресс бўлиш керак.

- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради?

- Мураббийлар штаби, менинг ёрдамчиларим ҳақида гапирадиган бўлсам, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий билан мулоқот ўтказяпмиз. Клуб мен билан бир вақтнинг ўзида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий билан ҳам шартнома имзолади. Аммо ҳозирча унинг номини айтмай тураман. Шунингдек, аналитик ва яна бир ёрдамчи мураббийни таклиф қилишга ҳаракат қиламан. Тез орада бу борада ҳам маълумот пайдо бўлади. Дарвозабонлар мураббийи эса аввалгидек ўз ўрнида қолади. Менежер, администратор, шифокор, массажчилар - ҳаммаси жойида қолишади. Улар футболда биринчи йил ишлашмаяпти, барчаси тажрибали ва маҳаллий йигитлар. Улар янада ўсиши керак. Нима учун қаердандир мутахассисларни олиб келиш керак? Жамоада аллақачон ўз ишини яхши мутахассислари бор экан. Бундай лавозимларни ўзгартиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Фақатгина ёрдамчи мураббийлар керак бўлиши мумкин. Мен администрацияни ўзгартирмайман, бу мени услубим эмас.  

- Селекция ишлари қандай олиб борилади? Таркиб сезиларли даражада кучайтириладими?

- Таркиб ҳақида тўхталадиган бўлсам, уч нафар дарвозабон ва уларнинг барчаси ўтган йилги таркибдан. Улар биз билан шартнома тузишди ва клубда қолишади. Ўйлайманки, Қўқонда яна бир истеъдодли йигит бор, ўсиб келяпти. У ўзбек футболи учун келажаги бор дарвозабон, деб ўйлайман. Тўғри тайёргарлик билан яқин кунларда у терма жамоага ҳам жалб қилинади. Шу сабабли уни яхши биламан. Бекободда ишлаётганимда ҳам менга уни таклиф қилишганди. Мен ўша пайтда унга шароит яратиб бера олмагандим. Уни Иванков тавсия қилганди. Мен эса яхши ният билан уни жамоага олиб, кейин шароит бўлмагани учун бошқа жойга беришга мажбур бўлганман. Кўриб турибсизки, ўша қарор фаолиятига ижобий таъсир қилди. Унинг ўзи ҳам бу тарихни яхши билади.  

Ҳимоя чизиғи яхши шакллантирилган. Биз шунчаки ҳар бир позицияда ўйнайдиган футболчиларни ўша жойга мос бўлишини, жамоада соғлом рақобат бўлишини, иккита кучли таркиб йиғишга ҳаракат қиялпмиз. Тўғри, бу жуда қийин. Кўпинча бундай ишларни топ клублар қилишади. Ҳозир ҳисоблаб чиқсак, 5-6 нафар маҳаллий йигитлар бор. Бу яхши. Грузин легионерлари ҳам ўзларини яхши томондан кўрсатишди, украиналик ўйинчи ҳам бор. Деярли жамоанинг 60-65 фоизини сақлаб қоламиз. 5-7 нафар рақобатбардош ўйинчиларни топишга ҳаракат қиламиз. Ўзбек паспортига эга бўлган ўйинчиларни олиш ниятидамиз. Легионерлар вариантини ҳам кўриб чиқамиз. Кўпроқ тажрибали ўйинчиларга эътибор қаратамиз. 17-18 ёшли умидли ёшларни ҳам топсак яхши бўларди. Биз селекцияни номларга қараб эмас, майдондаги ҳаракатларига қараб оламиз ва биринчи навбатда инсонийлик фазилатларини баҳолаймиз. Уни дунёқараши, ҳаётга муносабати, интеллектуал даражаси қандай? Машғулотларда қанақа ҳаракат қилади? Шуларни ҳам инобатга оламиз. Футболчилик маҳоратидан олдин албатта мана шундай жиҳатлари ҳам биз учун жуда муҳим.    

- Қишки ўқув-машғулот йиғинлари учун режалар қандай?

- Тайёргарлик режасига келсак, машғулотларни 20 декабрдан бошлаймиз. Қўқонда 28-санагача шуғулланамиз. Шундан сўнг 4-5 кунлик дамга чиқамиз. 3 январда яна Қўқонда йиғиламиз. Икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғини учун Тожикистонга йўл оламиз. У ерда яхши шароитлар бор. Тожикистонда иккита назорат учрашувини ўтказишни режалаштирганмиз. Қўқонда эса ҳозирча ўйин ташкил қилишни ўйламаяпмиз. Фақат тайёргарликка эътибор қаратамиз. Янги йилдан кейин тўлиқ куч билан ишга киришамиз. 2026 йил учун тайёргарликни шу ердан бошлаймиз. Тожикистонда икки ҳафта шуғуллангач, сўнгра уч ҳафталик йиғин учун Туркияга кетамиз. У ерга иккита тенг кучли таркиб билан бориш ва кучли рақибларга қарши назорат ўйинлари ўтказиш режамизда бор. Яхши ўйин амалиёти бўлиши керак. Ҳозирча шулар. Қолганини аниқ айта олмайман. Чунки чемпионатимиз қачондан бошланиши номаълум. Биз 15 февралда қайтамиз. 2-3 кун дам оламиз ва тақвимдаги расмий маълумотга қараб тайёргарликни давом эттирамиз.  

 

Comments

You must be logged in to commet!