Қора кўзларимизнинг қадри баланд ғалабасидан кейин Осиё чемпионлигининг хиди келяпти!
Бир куннинг ўзига ҳам миллий терма жамоамиз, ҳам U-23 терма жамоамизнинг ўйини тўғри келиб қолди. Наманган ва Тошкентдаги стадионлар мухлислар билан янада файзга тўлди. Телевизор қаршисидаги миллионлаб инсонлар эса иккала учрашувни аралаштириб кўрган бўлса керак. Миллий терма жамоамиз Мальдивга 4 та гол уриб, муддатидан олдин гуруҳдан чиқиш вазифасини ҳал қилди. Бу ортиқча муҳокамаларга сабаб бўладиган масала ҳам эмас. Лекин йигитларни табриклаймиз.
U-23 терма жамоамиз эса, Осиё Кубоги чорак финалида Ироққа қарши шундай ўйин ўтказдики, бу энди ўзбек футболи тарихида из қолдиради, ишонаверинг. Ҳа, биз ғалаба қозониб, ҳали Осиё чемпионига айланганимиз йўқ. Аммо бу мутлақо бошқача ғалаба, унинг мазмун-моҳияти, қадри шу қадар баланд бўлдики, асти қўяверасиз. 120 дақиқа давомида футболчиларимиз чинакам драматик ўйин ўтказишди. Жуда катта воқеаларга бой ўйин ҳали кўп эсланади.
“Пахтакор” стадиони мана шундай аншлаг бўлганини, мухлислар билан лиқ тўлганини қачон кўргандик? Ҳа, улар Ўзбекистонни қитъа миқёсидаги ғалабаларини соғинишган. Бу миллий терма бўладими, U-23ми ёки ёшларми фарқи йўқ. Муҳими, майдонда ўзимизни қора кўзлар ўйнаяпти. Стадиондаги муҳит фантастик даражада. Бундай муҳит ўйнамайдиган ўйинчини ҳам ўйнатиб юборади. Жуда кучли ҳиссиёт, ғалабага бўлган кучли хоҳиш – бу ушбу ўйиннинг асосий мезонлардан бири бўлди. Лекин ўзбегимнинг бундай ғалабасидан кейин Осиё чемпионлигининг ҳиди келяпти.
Ҳаммаси нимадан бошланди? Ҳа, ўша Абдувоҳид Неъматовнинг майдондан четлатилиши-ю, дарвозамиз томон белгиланган пенальтидан. Агар ўша вазият юз бермаганида ва Неъматов майдонда қолганида ўйин шундай тарзда қайноқ даражада ўтармиди? Балки Неъматовнинг четлатилиши биз учун фақат яхшиликка хизмат қилгандир. Чунки йигитлар гол ўтказгач, бошқача қиёфага кириб, рақибни шу қадар “қийноқ”қа солдики, Ироқни ўзи ҳам жамоамизнинг бундай шижоатидан қўрқиб кетди. Абдувоҳид, ғалабадан сенинг ҳам ҳиссанг бор!
Мана, бизнинг футболчилар! Улар нималарга қодирлигини бутун дунёга кўрсатишди. Бундай катта ўйинни, бўлиб ҳам футболчиларимизнинг мотивацияга тўлиб-тошган ҳаракатларини анчадан бери кузатмагандик. Ҳақиқий адреналин! “Пахтакор” стадиони шунақа: мухлислар билан лиқ тўладиган бўлса, у ерда ҳар қандай рақиб жамоа ҳам нима қилишини билмай қолади. Ўйинда терма жамоамиз футболчилари ўзларининг янги қирраларини очишди. Ҳар бири майдонда қўшимча уч баробар куч билан ўйнади. Бу нима учун? Ҳаммаси Ватан учун, ҳалқ учун! Буни унутмаслик керак. Биз анчадан бери бундай ўйинни ва ғалабани кўрмагандик. Ўзбек йигитлари қийин вазиятда нималарга қодирлигини, характери кучлилигини, метин ирода эгалари эканини шундай намойиш этишдики, майдонда ўзи ким бир киши кам бўлиб қолганига ҳам ҳайрон қоласан киши.
Биз шунча меҳнатга яраша албатта ғалабага лойиқ эдик. Ироқ пенальтилар сериясигача чўзишни истади. Лекин бизникилар бунга ҳам тайёрлигини кўрсатди. Омад кучлиларга кулиб боқади. Худо ҳам қора кўзларимизни қилган меҳнатларига яраша мукофотлади. Кучли жамоа, лойиқ жамоа ютди ва бу биз эдик!
Тимур Кападзега ҳам раҳмат. Яхши жамоани шакллантирди. Унинг жамоа ўйинида имзоси бор. Лекин Ироққа қарши учрашув унинг шу кунгача мураббийлик фаолиятидаги энг оғир, кучли ҳиссиётга бой ўйини бўлди, бизнингча. Кападзе мураббий сифатида кучли характер эгасига айланибди. Шубҳасиз, барча олқишлар у ва унинг жамоасига. Бутун халқимиз олқишлаяпти. Бу каби қиймати баланд ғалабадан кейин ҳар қанча хурсандчилик қилсак ярашади. Ўзбекистон ўз ўйини билан Осиё чемпионлигини қўлга киритишга муносиблигини амалда кўрсата олди. Доим мана шундай қитъа мусобақаларида ярим финалдан олдинги чорак финал жуда машаққатли ва оғир ўтади. Бизникилар бундан муносиб ўтиб олишди. Ўзбекистон Осиё чемпиони бўлишга ҳақли. Футболчиларимизни кўзи “ёняпти”, улардаги иштиёқни сўндириб бўлмайди. Мухлислар ҳам бу каби залворли ғалабаларни жуда соғинишганди-да! Биз ушбу хурсандчиликларимиз бардавом бўлишига ишонамиз. Олдинда эса ярим финал! Биз рақиб танламаймиз...
Фикрлар