Қозоғистонда Европани забт этадиган суперклуб тузиляпти

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

"Ордабаси" футбол клуби президенти Дархан Кизайбаев жамоа брендини халқаро миқёсда танитиш бўйича режалари ҳақида гапириб ўтди. 

- Биз клуб раҳбариятига келган кундан бошлаб, ўз олдимизга катта мақсадлар қўйдик. Шу боис дастлабки кунларданоқ: “Чемпион бўламиз”, деган орзу билан иш бошладик. Чунки келгуси 3–4 йил ичида “Ордабаси”ни Қозоғистондаги ҳақиқий суперклубга айлантиришни истаймиз, — дейди Дархан Кизайбаев.

Клуб раҳбарининг таъкидлашича, мақсад фақат ички чемпионат билан чекланмайди.

- Биз шундай клубни яратмоқчимизки, у Европада ҳам муносиб ўйнай олсин, бутун Марказий Осиё, қолаверса, бошқа мамлакатларда ҳам танилсин. Асосий мақсадимиз — Шимкентдаги “Ордабаси”ни суперклуб даражасига олиб чиқиш. Шундай бўлсинки, Шимкент номи айтилганда одамлар дарҳол “Ордабаси”ни эсласин, шаҳар аҳолиси эса фахр билан: “Бу — бизнинг клуб, Ордабаси”, деб айта олсин, — дея қўшимча қилади клуб президенти.

Унинг сўзларига кўра, келгусида жамоа жаҳон миқёсида ҳам танилиши керак.

- Ҳозирча Европада албатта ғолиб бўламиз, деб баландпарвоз гапиришни истамаймиз. Лекин у ерда “Қайрат” ва “Астана” каби даражада ўйнашни, Чемпионлар лигасига чиқишни, бутун Қозоғистон биз учун қайғуришини хоҳлаймиз, — дейди Кизайбаев.

Эслатиб ўтамиз, "Ордабаси" жорий йилнинг 16 февраль куни хусусий бошқарувга ўтган эди. Шимкент шаҳри ҳокимлиги ва тадбиркор Шахмурат Муталип клубни хусусийлаштириш бўйича меморандум имзолаган, май ойида эса жамоа расман сотувга қўйилган. 

Ҳозирги пайтда "Ордабаси" 28 очко билан Қозоғистон Премьер-лигаси турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!