Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва ҳатто Туркманистон клублари келиши кутилаётган Лига кубоги қачон старт олади? Турнир формати сизни ҳайрон қолдириши аниқ!

Хабарингиз бор, ЎзПФЛ қўшни республика клубларини ҳам қамраб олиши кутилаётган Лига Кубоги мусобақасини ўтказишни режалаштирган. Ушбу турнир ҳақида эса, айтарли маълумот йўқ. Шу боис, Профессионал футбол лигасига мурожаат этиб, мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Лига расмий вакили – Зоҳиржон Акрамхоновнинг айтишича, бу турнир тез орада жуда катта масштабдаги мусобақага айланиб кетади.

kto34kot34

Мусобақа қачон старт олади? Унинг ўтказилиши борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?

-  Аввало, бу материални тайёрлаётган SPORTS.uz сайтига ташаккур. Мусобақани ишқибозлар учун қандай кўринишда бўлишини маълум қилсак бўлади. Жорий мавсум учун эълон қилинган тақвимда, биз Лига Кубоги учун бўш кунлар қолдирганмиз. Яъни, турнирни қайси кунларда бўлиб ўтишини режалаштириб бўлдик.

Ўзимизни клублардан ташқари, яна қандай жамоаларни мусобақада кутсак бўлади?

-  Айни дамда, Тожикистон ва Қирғизистон клублари билан келишувга эришиб бўлдик. Туркманистон ва Қозоғистон жамоалари ҳам бу рўйхатдан ўрин эгаллаши кутилмоқда. Уларга таклиф киритилган. Катта эҳтимол, 3 ё 4 клуби мусобақада иштирок этишини тахмин қиляпмиз. Турнир бироз ўзгачароқ тарзда ўтади. Лига форматида. Қўшниларимиз, ҳудудидан келиб чиқиб, Ўзбекистонни ўзи учун энг яқин бўлган шаҳрида баҳс олиб бориши ва ортиқча муаммосиз ватанига қайтиб кетишини таъминлаймиз. Масалан, Тожикистоннинг Сурхандарё вилоятига яқин жамоаси воҳада, Тошкентга яқинроқ шаҳри вакили пойтахтда ўйин ўтказади. Ҳар бир клуб мусобақа давомида 6 та ўйинда иштирок этади. Яъний, 3 та ФИФА кунида 2 тадан 6 ўйин.

Демак, турнирнинг географик харитаси бутун Ўрта Осиёни қамраб олади?

-  Худди шундай. Барча иштирокчилар аниқ бўлгач, уларни вакилларини Тошкентда йиғиб, расмий маълумотни албатта тақдим этамиз. Бундай турнирни биринчи маротаба ўтказганимиз боис, ҳозирча ҳудудларга бўлинишга тўғри келади. Қирғиз Республикаси вакиллари Водийда тепиши нормал қабул қилинади. Биз, биринчи навбатда ортиқча харажат клубларни қийнаб қўймаслигини режа қилганмиз. Кейинги мавсумларда балки янада такоммилаштирилган форматни тақдим этармиз.

ozng323

Қозоғистон клублари ҳақида гап кетар экан,улар УЕФА вакили эканлиги муаммо туғдирмайдими?

-  Йўқ. Биз, ФИФА кунларида ташкил этганимиз боис, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. Ҳозир, 3 ё 4 Қозоғистон вакили келишини тахмин қилиб турибмиз. Қолган қўшниларимизни асосий лигасидаги барча жамоаси иштирок этмоқчи эканлигини эълон қилган. Биз нафақат Суперлигамиз, балки Про Лигамиздаги 3-4 жамоани ҳам бу мусобақада иштирок этишига рухсат бермоқчимиз. Бошлаб олишимиз керак. ОФКда мусобақалар кўпайиб кетгани боис, тақвимдан келиб чиқиб қилдик. Кейинги мавсумни уй-сафар тизимида ўтказамиз. Ҳозирча, барча ўйинлар Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Жамоалар сонини ҳозир сизга аниқ айта олмайман. Яқинда ўзим Қозоғистонда бўлиб қайтдим. У ерда, бизни ички биринчилигмизни футбол мухлислари кузатиб боришини эшитиб, хайрон қолдим. Хурсанд бўлдим. У ердаги клубларни ўзи бу ташаббус билан чиққани, икки ҳисса ёқимли.

goalll2

Ўйинлар трансляцияси масаласи кўриб чиқилдими? Бу бутун Ўрта Осиё учун эфирга кетадиган маҳсулот бўлиши аниқ?

-  Албатта! Бу бу мусобақага бўлган қизиқиш жуда катта. Шу боис, трансляция қилиниши аниқ. Насиб қилса, режаларимиз катта. Ҳозирча, бундан ортиқ маълумотни бера олмайман. Барчаси, Тошкентда бўлиб ўтадиган турнир иштирокчилари ўртасидаги йиғилишимиздан сўнг, эълон қилинади.

P.S. Суҳбатдан сўнг, шуни англадим-ки, яқин 3-4 йил ичида Лига Кубоги Ўзбекистон клублари учун кичик ўзига ҳос халқаро майдон даражасига кўтарилишга қодир турнирга айланади. Яхши спарринг рақиблар, замонавий формат ва янги аудиторияга эга бўлиш имконияти. Менимча, “Дордой” – “Нефтчи”, “Ордабаси” – ОКМК, “Аҳал” – “Насаф”, “Пахтакор” – “Қайрат”, “Навбаҳор” – “Истиқлол” сингари ўйинлар афишаси сизни ҳам мусобақага бўлган эътиборингизни оширмай қолмайди. Нима ҳам дер эдик. Лига Кубогини сабрсизлик билан кутамиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ishoq Ruziev
14/04/2023 21:41
Biz bu musobaqani kutmoqdamiz