Қудратилло Абдуқаҳҳоров: Менга АҚШдаги машғулотлар ёқмади!

 

Профессионал бокснинг WBC Silver – кумуш камари соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров (12-0-0, 8 КО) яқинда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида "Механик" лақабли мезбон боксчи Дмитрий Михайленкони мағлубиятга учратди.

Анъанага мувофиқ, Қудратилло SPORTS.uz ахборот порталига ташриф буюриб, бокс мухлислари учун интервью берди. Бу гал боксчимизга унинг мураббийи Илгар Алиев ҳамроҳлик қилгани боис суҳбат анча қизиди.

- Қудратилло Россиядаги жанг таассуротлари ҳақида гапириб беринг...

- Ассалому алейкум. Екатеринбургда WBC Silver – кумуш камаримни Дмитрий Михайленкодан ҳимоя қилдим. Бу тажрибали боксчи илгари бу совринга эгалик қилган. Бироқ, 2016 йили зимбабвелик Чарльз Манючига унвонини бой берганди. Мен эса африкалик боксчини мағлуб этиб, нуфузли камарни қўлга киритдим.

Дмитрий ўз совринини қайтариб олиш учун бор имкониятини ишга солишини билардим. Аренага келган мухлислар ҳам ўз боксчисини қўллаб-қувватлаб турди. Биринчи раунддаёқ кучли зарба ўтказиб юбордим. Қолаверса, Михайленко бокс тили билан айтганда, биринчи рақамда ишлар экан. Тинимсиз олдинга ўтди, ҳужумга киришди. Бу усул мен учун ноқулай. Мен асосан ҳимояда туриб, тезкор қарши ҳужум билан жавоб қайтардим. Мураббийлар танлаган тактика иш берди ва ғалабага эришдим.

- Ҳакам сиздан нега очко олиб ташлади?

- Жанг олдидан рефери ҳар иккимизни огоҳлантириб, агар бош билан тўқнашиб кетсак, кимдир жароҳат олса, рақибдан очко олинишини айтганди. Учрашувда шундай бўлди. Бошимиз тўқнашиб, рақибнинг пешонаси ёрилди. Ҳакам ўзи айтганидек, мендан очко олиб ташлади. Бунга ортиқча эътибор қаратмадим ва ишлашда давом этдим.

- Илгар, Россияда мезбон боксчи билан жанг ўтказиш таклифини қабул қилишдан қўрқмадингизми? Чунки профессионал боксда мезбонга ён босиш ҳолати кўп учрайди.

- Тўғрисини айтсам, соврин учун бўладиган беллашувларда ташкилотчилар ҳакамларнинг холис ишлашини таъминлашади. Чунки халқаро бокс ташкилотлари кузатувчилари бевосита аренада жанг ўтишини ва ҳакамлар ишини назорат қилади. Ҳеч қайси ташкилотчи ўз обрўсига путур етишини истамайди ва чемпионлик жангларида ғирромлик бўлмайди, ҳисоб. Шунга қўрқмасдан жангга розилик бердик. Қолаверса, Қудратиллонинг имкониятларини яхши билардик.

- Қудратилло, жангга АҚШда тайёргарлик кўрганингиз фойда бердими?

- Нотўғри тушунманг-ку, АҚШда бир ярим ой шуғулланиб, юқори спорт формамга киролмадим. У ерда тажрибали мураббий Кенни Адамс машғулотларида қатнашдим. Бу мутахассис гарчи кўплаб чемпионларни тарбиялаган бўлса-да, ишлаш услуби эскиргани маълум бўлди. Биз асосан машғулотларда тезликка ишлар эдик. Кросс, спарринг, жисмоний тайёргарлик машғулотлари, лапа ва қоп уриш машқларини галма-гал белгиланган режимда бажарардик. АҚШда асосий эътибор ҳар куни кросс югуриш ва тренажёр залида оғир тошларни кўтаришга қаратилди. Бунда тезкорлик йўқолади. Кенни Адамснинг машғулотлари менга тўғри келмади.

- Илгар, бу борада сиз нима дейсиз?

- Тўғриси, Кенни Адамс 76 ёшли мураббий. Илгари зўр боксчиларни тайёрлаган. Лекин ҳозир унинг ёши ўтиб қолгани рост. Буни ўзи ҳам тан олди. АҚШда “TOP RANK” промоутерлик компанияси ва Флойд Мэйвезер залида спарринг ўтказдик. Қудратилло АҚШдаги машғулотларда юқори спорт формасига киролмаган бўлса-да, жангда яхши ишлади ва ҳаққоний ғалабани нишонладик.

- Қудратилло, АҚШдаги машғулотларнинг бирор фойдаси бўлгандир...

- Менга Америкадаги спарринглар ёқди. Рақиблар ҳақиқатан кучли эди. Ўша ерда ҳимоямда камчиликлар борлигини билдим. Қолаверса, озиқ-овқатдан муаммо бўлгани йўқ. Одатда, Филиппиндаги ўқув-машғулот йиғинларида овқатланишда қийинчилик бўларди. АҚШда ҳамюртларимиз кўп экан. Улар бизни қўллаб, хабар олиб туришди. Айниқса, Мэйвезер билан ишлаётган Санжар Раҳмонов ва тажрибали енгилмас боксчимиз Равшан Худойназаров бизга кўп ёрдам берди. Вазиятдан фойдаланиб, уларга раҳмат айтаман.

- Михайленко билан бўлган баҳсдан кейин кўпчилик жанг усулингизни аргентиналик боксчи Маркос Майдананикига ўхшатди. Унга тақлид қиласизми?

- Тўғриси, мен Майданани танимайман, жангларини кўрмаганман. Унга қандай тақлид қилишим мумкин? Балки жанг услубимда қандайдир ўхшашликлар бордир.

- Илгар, шогирдингиз мухлису мутахассислар эътиборига тушгани ҳақидаги маълумотларга муносабатингиз қандай?

- Қудратиллонинг натижалари туфайли унга бўлган қизиқиш тобора ортмоқда. Кучли боксчилардан жангга таклиф олаяпмиз. Яқинда жаҳон рейтинги етакчиси, жаҳон чемпиони Сауль Алварес жамоаси Қудратиллони спарринг рақиб сифатида рингга таклиф қилди. Биз бунга рад жавобини бердик.

- Нега?

- Чунки Қудратилло оғир жанг ўтказди ва тикланиши учун вақт керак. Қолаверса, Саулнинг вазни оғир. Шунингдек, биз ўзимиз ўйлаган режаларни амалга оширишимиз керак. Агар чалғисак, ниятимизга етолмай қолишимиз мумкин. Ҳозир Қудратилло ўз вазн тоифасида жаҳон рейтингида 14-поғонани эгаллаб турибди. Табиийки, у билан жанг қилишни истовчилар сафи ҳам кенгайиб боради. Хусусан, ушбу вазнда Россиянинг биринчи рақамли боксчиси Давид Аванесян ҳам шогирдим билан куч синашиш ниятида юрибди. У февралда WBA йўналиши бўйича чемпионлик жангида қатнашганди.

- Қудратиллонинг кейинги жанги қачон?

- Биз кузда Тошкентда жанг ташкиллаштирмоқчимиз. Лекин тайёргарлигимиз 1 августдан бошланади. Энди Тошкентда машғулот ўтказамиз. Албатта АҚШда ҳам ўқув-машғулот ўтказиш ниятимиз бор. Аммо Кенни Адамс билан ишламаймиз. У ерда кубалик кучли мураббий бор экан. У Қудратилло билан ишлашга қизиқмоқда. Балки унинг хизматидан фойдаланармиз.

- Қудратилло, шу кунгача сиз билан жанг қилган боксчиларнинг энг кучлиси қайси?

- Дмитрий Михайленко ҳам ўта ноқулай рақиб. Сабабини айтдим. У фақат олдинга интилади. Бироқ, мен ўзим учун энг хавфли рақиб, деб Чарльз Манючини биламан. Гарчи уни биринчи раундда нокаут қилган бўлсам ҳам, африкалик боксчи тажриба ва маҳорат бобида бошақалардан устун эди. Манманлиги ва рақибни менсимаслиги унга қимматга тушди, холос. Шунингдек, филиппинлик Адонес Капалкуинто ҳам менга жиддий қаршилик кўрсатган.

- Илгар, буёғига режалар қандай?

- Қудратилло жаҳон чемпионлиги учун курашади. Ҳозир унинг вазнида чемпионлик камари Кит Турманда. Унинг камарига даъвогарлик қилиш учун бир нечта рейтинг жангларини ўтказамиз. Насиб қилса, Қудратилло Абдуқаҳҳоров ўз натижалари билан бокс мухлисларини хушнуд этади.

- Суҳбат учун раҳмат.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!