Қудратилло Абдуқаҳҳоров воз кечган камар учун собиқ жаҳон чемпиони жанг қилади

  • 5 август, 2020, 11:19
  • 0
  • Бокс

WBCнинг маълум қилишича, 22 август куни ярим ўрта вазн тоифасида (66.6 кг) ушбу йўналиш собиқ чемпиони Шон Портер ҳамда мағлубиятсиз одимлаётган Себастьян Формелла ўртасида WBC Silver камари учун жанг ташкил қилинади.

“Showtime” канали орқали транслация қилинадиган мазкур қарама-қаршилик Лос Анжелес шаҳридаги “Майкрасофт” театрида ташкил этилади. Портер (30-3-1) 2018 йилнинг сентябрь ойида  Дэнни Гарсияни мағлуб этиб, WBC камарни қўлга киритган ва биринчи ҳимоя жангида кубалик Йорденис Угасни мағлубиятга учратганди. Аммо кейинчалик у IBF чемпиони Эррол Спенс билан бўлиб ўтган тўқнашувда енгилган. Йилнинг энг яхши жангларидан бири, дея эътироф этилган, ушбу баҳсда Портер очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди.

Ҳозирда Портер WBC рейтингда биринчи ўринда қайд этилган. Формелла устидан қозонилган ғалаба, уни яна жаҳон чемпионлик камари учун жанг қилиш имкониятини ошириши мумкин. Ноябрь ойида Спенс ўзининг WBC ва IBF жаҳон чемпионлик камарларини Дэнни Гарсияга қарши ҳимоя қилиши режалаштирилган.

Гарсия WBC рейтингида иккинчи ўринда бормоқда. Формелла ( 22-0, 10 КО) январь ойида Роберто Арриаза устидан қозонилган ғалабадан сўнг, яна рингга қайтмоқда. У деярли бутун фаолияти давомида Германияда рингга кўтарилган ва у Портерга қарши жуда катта таваккал қилмоқда. Июль ойида Формелла IBО камарини қўлга киритиб, битта ҳимоя жангини ўтказган. Шунингдек, Формелланинг асосий жанглари ўрта вазн (72.5 кг) ва биринчи ўрта вазн тоифаларида (69.8кг)  бўлиб ўтган. У кейинчалик ярим ўрта вазнга тушган.

Маълумот учун, ярим ўрта вазн тоифасидаги WBC Silver камари ўз вақтида ҳамюртимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоровга тегишли эди. Баъзи сабабларга кўра, бу камардан юртдошимиз воз кечганидан сўнг, Дэнни Гарсия бўш қолган ушбу титулни қўлга киритган эди. Энди эса, у ҳам жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилиши боис ушбу камарни вакант қолдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!