Қувонч Тайғонбоев: Энг катта гонорарим 15 минг АҚШ доллари бўлган
Ads

Ўз вақтида профессионал рингларда 36 та жанг ўтказиб, уларнинг 31 тасида зафар қучишга эришган. Ўз вақтида миллионлаб мухлисларни суюклисига айлана олган мазкур чармқўлқоп устаси ёддан чиққандек таассурот уйғотаётган эди. У ҳақида деярли матбуотда гапирилмай ҳам қўйди. Вахоланки, Қувонч Тайғонбоев ўз вақтида юртимиз шаънини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қила олганди. Ўз-ўзидан маълумки, юртимизда унинг мухлислари етарлича топилади. Ушбу омилларни инобатга олиб, биз бу камчиликни бартараф этишга ҳаракат қилдик ва Қувонч Тайғонбоев билан боғланиб, батафсил сухбат қуришга муваффақ бўлдик. Қуйида ушбу сухбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Шахсий ҳаёт

 - Андижонда истиқомат қилиб, бевосита мураббийлик билан шуғулланаётганингиз борасида маълумотга эга эдик. Ҳозирда эса, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида истиқомат қилаётган экансиз. Бунга нима сабаб бўлди?

-Биласизми, биз оилада икки фарзандмиз. Зиёйиддин акам ва мен. Хабарингиз бор, аслида биз Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри Кўкёнғоқ қишлоғида таваллуд топганмиз. Акам ҳам мен ҳам Ўзбекистонда ўсиб улғайдик ва қўлдан келганча юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик. Спортчилик фаолиятимиз юзасидан оиладан яъни, ота-онамиздан жуда кўп узоқда бўлишимизга тўғри келди. Гарчи, биз Ўзбекистонда фаолият юритган бўлсакда, ота-онамиз Қирғизистонда истиқомат қиларди. Тўғри, фаолиятимни якулагандан сўнг, Андижонда болаларга мураббийлик қилаётгандим. Афсуски, онам бу дунёни тарк этганидан сўнг, отам ёлғиз қолди ва мен Ўшга дадамни олдига бориб яшай бошладим. Бу ерда ҳам мураббийликни давом эттирмоқдаман. Қирғиз диёрида машҳур бўлган “Эрем” клубида ёшларга бокснинг сир-асрорларини ўргатиб келаяпман. Нолимайман, чунки Андижон билан Ўш ораси яқинлиги учун деярли ҳар хафтада қадрдонлар билан кўришиб тураман.

кува1_1

 

ҲАВАСКОР БОКСДАГИ ФАОЛИЯТ

- Келинг энди мозийга саёхат қилсак, сизни бокс ихлосмандлари профессионал рингдаги натижаларингиздан хабардор. Бир сўз билан айтганда, халқимизга профидаги фаолиятингиз туфайли танилгансиз. Ҳаваскор боксдаги натижалар қандай бўлганди?

-Тўғри, буни тан оламан. Чунки, жуда эрта 21 ёшимда профессионал боксга ўтиб кетганман. Лекин ҳаваскор боксда ҳам арзирли натижалар қайд эта олганман. Мисол учун, Ўзбекистон чемпиони бўлганман. “Олтин авлод” шаклланган даврда Ўзбекистон чемпиони бўлиш ҳам осон эмасди. Умуман ҳар доим ҳам юртимиз ҳаваскор боксида жуда кучли рақобат бўлган. Ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритганман. Бир қатор халқаро турнирлар ғолибига айлана олдим. Жаҳон чемпионатларида иштирок этдим.

- Катталар ўртасидаги Осиё чемпионати финали борасида тўхталиб ўтсангиз. Адашмасам рақибингиз қозоғистонлик боксчи эди?

- Тўғри, қозоғистонлик Нуржан Исманов эди. Бу жангни аслида ютқазмаган эдим. Бироз нохақлик бўлган деб бемалол айта оламан. Осиё чемпионати Қозоғистонда бўлганди. Мезбонлик фактори ҳам роль ўйнаган.

- Ўзбекистон чемпионатида рақобат жиддий бўлган дея айтиб ўтдингиз. Сизга бу борада қаршилик кўрсатган ноқулай рақибларни айта оласизми?

- Наримон Отаев, Нураддин Атаков ва Хожиакбар Зокировлар бўлган. Қолганларини ҳозир эслай олмадим.

- Юқорида “Олтин авлод” дея айтиб ўтдингиз. Балки уларни номма-ном санаб, қандай боксчи бўлганлигини ёдга олайлик. Ҳар холда, ёш чармқўлқоп усталаримизга ва хозирги авлод мухлисларига  маълумот берган бўлардик. Қолаверса, катта ёшли бокс ихлосмандаларига бироз бўлсада уларнинг ажойиб ҳаракатларини, ғалабали онларини, аламли мағлубиятларини эслатайлик?

- Эхх, менинг ҳам ёдимга тушиб, ўша даврларга қайтгим келиб қолди. Қандай даврлар эдия... Жуда ҳам ахил бўлган эдик. Руслан Чагаев, Мухаммадқодир Абдуллаев, Ўткир Ҳайдаров, Рустам Саидов, Сергей Михайлов, Тўлқин Турғунов, Тимур Туляков, Наримон Отаев, Нураддин Атаков, Лазиз Зокиров, Фарход Бакиров, Карим Тўлаганов, Дилшод Ёрбеков, Тимур Ибрагимов, Олег Маскаев, Тимур Сулаймонов, Уйғун Сиддиқов, Ҳикматилло Аҳмедовлар шундай авлод дея эътироф этиларди. Агар, кимлардир қолиб кетган бўлса, маъзур тутадилар. Булар ўз даврининг қаҳрамонлари эди десам янглишмаган бўламан. Барчаси инсон сифатида ҳам хурматга лойиқ эди. Улар Осиё ва Жаҳон миқиёсида ўзларини кўрсата олишган. Бу авлод вакилларидан ўша Куба ҳам, Россия, Қозоғистон умуман олганда барча рақиблар зир титрарди.

Профессионал рингдаги саргузаштлар

- Навбат профессионал боксдаги фаолиятингизга ҳам етиб келди. Профига қадам қўйишингиз, умуман олганда шу ҳақидаги барча тафсилотлар тўғрисида айтиб ўтсангиз?

- Бунинг икир-чикирлари ёдимда йўқ. Лекин Руслан Чагаев иккаламиз Петр исмли менежер билан гаплашиб, 1997 йил Чикаго йўл олганмиз. Промоушенимиз “Millenium Events”, промоутеримиз Влад Вортони эди. У вақтлар профессионал бокс атрофидаги ўйинларга етарлича ақлим етмасди. Бу борадаги камчилигим кейинчалик фаолиятимга салбий таъсир қилган деб ўйлайман.

кува2

- Уч мағлубиятингизни яхши эслайман. Автандил Хурцидзе, Дмитрий Пирог ва Али Султон Надирбеговлар билан бўлган жангларни назарда тутдим. Шуларнинг орасида икки рақибингиздан раундалар мобайнида устун эдингиз. Айнан шу жанглар тафсилотларига бироз тўхталсак?

 Бу бахслар интерконтинентал камари учун бўлганди. Дмитрий Пирог дархақиқат кучли боксчи эди. Унинг кейинги фаолиятига назар ташласангиз ҳам бунга амин бўласиз. Лекин, у билан бўлган тўқнашувда қошим ёрилиб кетган ва тиббиёт ходимлари томонидан тўхтатилган эди. Али Султон билан бўлган жангда яққол устунлик қилаётиб, охирги сонияларда битта кучли зарбани ўтказиб юборганман ва кейин тиклана олмадим. Грузиялик билан бўлган қарама-қаршиликни эслагим ҳам келмайди. Тайёр ютуғимни унга бериб юборишган. Шунчаки, уларга қитъалараро WBO камари керак бўлган ва уни мендан олиб қўйишган.

- Тошкентдаги жанг кечасидан кейин юртимиз бокс ихлосмандларининг том маънодаги ёқимтойига айланган эдингиз?

- Албатта, жуда ҳам ёдда қоларли бўлганди. Рақибимни дастлабки раунддаёқ нокаутга учрагандим. Мухлисларнинг қўллаб – қувватлаши, эътибор жуда кучли бўлганди. Ана шу юртдошларимизни уялтириб қўймаганимга хали-ҳануз яратганга шукр қиламан. Биринчи яъни қиталараро чемпионлик камаримни Тошкентда қўлга киритган эдим.

- Умуман фаолиятингиз давомида нечта камарни қўлга киритгансиз?

- Иккита. WBO йўналишининг қиталараро ва Осиё камарига эга чиққан эдим.

кува

 - Сизга рақиб бўлган энг машҳур боксчилар?

- Шубҳасиз, Оба Карр. У чемпионлик учун Оскар Де Ла Хоя ва Феликс Тринидадларга қарши жанг олиб борган.  Геннадий Головкиндан мағлубиятга учраган Кассим Оума ва жаҳон чемпиони Кит Холмсларни айтган бўлардим. Булар орасида айнан Оба Каррни мағлубиятга учрата олганман.

- “Mandalay Bay”, “MGM Grand Garden”, “Medison Skver Garden”...

- Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Барчасида жанг ўтказганман.

- Энг юқори гонорарингиз қанча бўлган?

- 15 минг АҚШ доллари бўлганди. Қўлимга теккани шунча бўлган.

- Яқиндагина интернетдаги ижтимоий сахифаларингизда Майк Тайсон билан тушган расмингизни қўйдингиз. Маълумки, у билан АҚШ да кўришгансиз. Машғулот вақтида олинган суръат, бундан шундай маъно келиб чиқадики, сиз Тайсон билан битта залда шуғуллангансиз?

Йўқ. Битта залда шуғулланмаганмиз, промоушенимиз ҳам бошқа эди. Шунчаки, Руслан Чагаев иккимиз у машғулот олиб борадиган залга борганмиз. Сабаби, бизнинг клубда Русланга спарринг партнёр йўқ эди.

61037872_430305401101324_4901611042645213184_n

- Одатда, сизни “Панчер” дея эътироф этишади. Фаолиятингиздаги 31 та ғалабаниинг 20 тасини нокаут билан ютганингиз ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Айнан ушбу нокаутларнинг аксариятини ўзига хос комбинация яъни  масофадаги иккилик  билан чалғитиб,  чап қўлингиздаги ён томонлама зарбангиз орқали амалга оширгансиз. Беш мағлубиятингиз қисман бўлсада, ушбу усулингизни рақиблар ўрганиб чиққанлиги эвазига юзага келмаганми?

- Бу бокс. Ғалаба ва мағлубият доимо, ёнма ён юради. Тўғри, бу ҳам сабаб бўлгандир. Лекин фақат ушбу омилни мағлубиятим сабаби сифатида эътироф этсак нотўғри бўлади. Чунки, рингга чиққанимда менда ҳар доим “Б” режа ҳам бўлган. Жуда кўп омилларни санаб ўтиш мумкин. Омад, нохақлик, рақибни кучига етарли бахо бермаслик, жангга яхши тайёргарлик кўра олмаслик ва рақибнинг бир бош устунлиги. Мана шу санаб ўтилганлар асосий сабаб бўлган.

 - Ҳозирги кунда профессионал боксда фаолият олиб бораётган боксчиларимиз нуфузли камарларни қўлга кирита олишга қодирми?

- Биласизми, юқорида тилга олиб ўтдим. Бизнинг даврни ҳаваскор бокснинг “Олтин авлод”и дея эътироф этишган. 2016 йилги Олимпиадада шов-шув кўтарганларни эса ҳавскор боксимизнинг “Бриллиант авлод”и дея эътироф этган бўлардим. Айнан шу укаларимизга Қудратулло Абдуқаххоров, Шоҳжахон Эргашев, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Равшан Умурзақов, Олим Назаров, Хусниддин Пўлатов, Жамшид Нажмиддинов, Достон Турдиев, Равшан Махаммаджонов, Сардор Музаффаров балки яна мен билмаганлар ҳам бордир. Шуларни қўшиб айтганда ўзбек профессионал боксидаги эътибор беринг профидаги “Олтин авлод” юзага келди. Албатта, бу йигитлар юқори натижаларни қайд эта олади. Ўз ўрнида, Ўзбекистонда кучли промоушенлар ҳам ташкил топмоқда. Яхши савияли мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Мисол учун, “SAFPRO” промоушени борасида унинг жуда катта имкониятларга эга эканлиги борасида эшитдим. Бир сўз билан айтганда профессионал рингларда ҳам яқин йиллар мобайнида етакчилик бизнинг боксчиларимизнинг қўлига ўтишига ишонаман.  

Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Azamat Umarov
06/06/2019 14:23
omad
Behzod Aliev
06/06/2019 12:16
Кувонч ака уз даврини етук боксчиси Андижон фарзанди