Қувондиқ Рўзиев Малайзия клубида қайси рақамни танлагани, бош мураббийи кечки овқатга таклиф қилгани, Абдураимов ва Шквиринни эслашлари ҳақида

Жорий мавсумни “Турон” сафида бошлаган Қувондиқ Рўзиев куни кеча легионерга айланди. Яйпанликлар билан дўстона хайрлашган ярим ҳимоячига Малайзиядан аниқ таклиф тушди. Натижада Рўзиев “Сри Паханг” жамоаси аъзосига айланди.

Шу тариқа, 29 ёшли футболчимиз фаолиятида илк бор легионерга айланди. Ҳамюртимиз Малайзияда янги клубига қўшилганидан кейин илк интервьюсини Sports.uz сайтига берди.

“Ўйиним мураббийларга маъқул келди”

- Малайзиядан таклиф бўйича менга май ойининг бошларида тожикистонлик агент ёзганди. Малайзия клублари марказий ярим ҳимоячи излашяпти, агар рухсат берсанг сени тавсия қилиб кўрмоқчимиз дейишганди. Ўшанда “Турон” раҳбариятига агар четдан яхши таклиф чиқиб қолса, қўйиб юборишингларни сўрайман, деб илтимос қилгандим ва улар рози бўлишганди. Шундан келиб чиқиб, агентга рухсат берганман. Ҳозирги янги жамоам мураббийлари ўйинимни кўриб чиқишди ҳамда уларга маъқул келди. Натижада бу клубга келишим тезлашиб кетди.

рузиев1

“Бу ерда ўзбекларни жуда ҳурмат қилишаркан”

- Худога шукр, янги жамоада мени яхши кутиб олишди. Биринчи кунданоқ машғулотларга қўшилдим. Бош мураббий кечки овқатга таклиф қилди. У билан 2-3 соатлик яхши суҳбатимиз бўлди. Худо хоҳласа, 9 июль куни жуда муҳим ўйинимиз бор. Ушбу учрашувга тайёргарлик кўряпмиз. Мураббий мендан ҳозирги ҳолатимни сўради ва ўйнай оласанми-йўқми, деб қизиқди. Ҳозир бўлажак учрашувга тайёрланяпмиз. Ҳозирда чемпионатда 2-ўринда бораётган жамоага қарши муҳим учрашув кутиб турибди. Менинг клубим эса мусобақа жадвалида 3-поғонада кетяпти. Улардан уч очко орқадамиз. Агар шу ўйинни ютиб олсак, 2-ўринга чиқиб олиш эҳтимолимиз бор. Жамоанинг мақсадлари юқори. Бу тарихий клуб экан. Эътиборлиси, бу ерда ўзбекларни жуда ҳурмат қилишар экан. Сабаби, ўз вақтида ушбу жамоада тўп сурган Азамат Абдураимов ва Игорь Шквирин ўзларидан жуда илиқ таассурот қолдиришган экан.

рузиев2

“Ҳозирча фақат тил билан боғлиқ муаммоларга дуч келяпман”

- Бош мураббийимиз сингапурлик. Сингапурни машҳур ўйинчиларидан бўлган ва ҳозирда ҳам уни қаттиқ ҳурмат қилишаркан. Сингапур футболининг афсоналаридан бири. Тил бўйича менда бироз муаммолар бор. 2-3 ой ичида ўрганиб, футболчилар билан тезроқ мулоқот қилиб, буни енгиб ўтаман ва ҳаммасини йўлга қўйиб оламан. Ҳозирча фақат тил боғлиқ муаммоларга дуч келяпман. Мен билан бир жамоада ҳамюртимиз Шерзод Файзиев ўйнайди. Шерзод ака менга ҳар томонлама, майдонда ва майдондан ташқарисида, яшаш шароитлари бўйича ҳам катта ёрдам бермоқда. Уни бу жамоада борлиги мен учун катта плюс вазифасини бажариб беряпти.

рузиев_1

“Ҳар қандай вазиятда бизни қўллаб-қувватлаб туришди”

- “Турон”даги фаолиятим қисқа муддат ўтган бўлса ҳам жамоадаги ички муҳит ажойиб тарзда эди. Жамоадаги ҳамма футболчилар ака-укадек бўлиб қолганди, коллектив яхши даражада йўлга қўйилганди. Сабаби, клуб раҳбарлари софдил, ажойиб инсонлар. Ҳар қандай вазиятда бизни қўллаб-қувватлаб туришди ва биз томонда бўлишди. Уларга катта миннатдорчилик билдираман. Айнан шу жамоа орқали легионерга айландим. Таклиф тушганида ҳам агар ўзингга маъқул келадиган вариант бўлса, доим футболчи томонидамиз, деб тўғри тушунишди. Бундан ташқари, жамоанинг мухлислари кам сонли бўлса ҳам ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришарди. Жонкуяр эдилар. Доим қалбимда қолади. Улар билан хайрлашганим йўқ, яхши кунларда бу жамоа билан бирга кўришамиз.

рузиев5

“Яқин кунларда уй ва машина билан таъминлашади”

- Жамоа яқин кунларлда уй ва машина билан таъминлаб беради. 8-рақамни олдим, айнан шу рақам бўшлиги учун. Клубнинг машғулот ўтказадиган майдони, марказий стадони ҳам ажойиб ва катта сиғимга эга экан. Келганимга энди 2-3 кун бўлди. Ҳозирча ҳеч қанақа салбий ҳолатларни кўрганим йўқ. Футболчига машғулот ва ўйнаш учун ҳамма шароит ажойиб тарзда яратилган.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
08/07/2023 16:11
Омадингни берсин, Алло=им!