Қувондиқ Рўзиев Суперлигадан тушган таклифлар, хорижликларнинг қизиқиши ва "Навбаҳор"даги келажаги ҳақида гапирди

  • 13 июль, 2021, 22:37
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 1
  • Футбол
CHERY AUTO

“Навбаҳор” таркибидаги энг яхши ўйинчилардан бири бўлиб турган Қувондиқ Рўзиев энди алоҳида таърифларга мухтож эмас. У ўз ўйини билан қандай даражадаги футболчи эканлигини кўрсатиб бўлган.

Tecno

Кутилганидек, Рўзиев бу йил “Навбаҳор”га қўшилгач, асосий таркибдаги ўрнини мустаҳкамлади. Sports.uz мухбири Қувондиққа бир қанча саволлар билан мурожаат қилди. Футболчи, аввало, биринчи давра якунлари ҳақида сўзлади.

- Жамоани эгаллаб турган ҳозирги ўрни нафақат “Навбаҳор”га, балки унинг жонкуяр мухлисларига ҳам ярашмаяпти, - дея суҳбатни бошлади Рўзиев. - Чунки “Навбаҳор” ўз мухлислари, уларнинг фаоллиги билан Ўзбекистонда юқори рейтингларда туради. Биринчи давра якунига келсак, “Пахтакор”дан ташқари барча клубларда имконият деярли бир хил. Таркиб ва ўйин савияси жиҳатидан ҳам жамоалар бир-бирига яқин. Шу сабабли, биринчи даврамиз жуда қизғин ўтди. Кескин курашларга бой бўлди. Ҳар бир клуб хоҳ уйда, хоҳ меҳмонда бўлсин максимал очко йиғишга ҳаракат қилди. Бу йўлда қайсидир жамоа омадсизликка учради. Ўз майдонимизда “Турон”, “Андижон” каби жамоаларни ютганимизда ҳозир бошқа ўринда турган бўлардик. Айнан мана шу учрашувлар бизга қаттиқ панд берди, десам ҳам бўлади.

рузиев2_4

- Натижалар яхши бўлмагач, жамоада ўзгаришлар юз беряпти ва Самвел Бабаян маслаҳатчи мураббий сифатида ишга киришди. Жамоа уни қандай кутиб олди?

- Бундай натижалардан кейин ўзгаришлар бўлиши табиий. Лекин мураббий ҳақида фикр билдирмоқчи эмасман. Чунки ўтган сафарги интервьюмда Нўъмон ака Ҳасанов менинг фикрларимдан ранжиб қолганди. Шу сабабли, саволингизга қисқача жавоб бераман: бутун жамоа Самвел Бабаянни илиқ кутиб олди ва ҳамма футболчилар унга ишонишади.

- Нўъмон Ҳасанов сиздан ранжиган вазият ҳақида очиқроқ айтиб ўтсангиз...

- Иккинчи турда “Локомотив” майдонида ғалаба қозонганимиздан кейинги берган интервьюмдан сўнг, Нўъмон ака мендан хафа бўлиб қолди. Менимча, у киши менинг фикримни, нима демоқчилигимни аниқ тушунмаган. Бу борада гап Дукич ҳақида кетганди. Мен шуни назарда тутгандимки, бу клубга келган илк пайтларимда ҳамма ўз фикрини билдирганди, яъни, Нўъмон Ҳасанов ўтган йилнинг иккинчи даврасида жамоани қабул қилиб олганида машғулотлар ва ўйин жиҳатидан ҳам клуб анча ўсишга эришганлигини таъкидлашган. “Навбаҳор” жипслашганлигини менга айтишганди. Шундан келиб чиқиб, балки Дукични олиб келгани хато бўлгандир, деб айтгандим. Аниқроғи, ўшанда мураббийлар штабида ўзгаришларсиз ҳаракат қилганимизда, балки ҳаммаси яхшиликка бўлармиди, деган мақсадда гапирганман. Аммо Нўъмон ака мени нотўғри тушундилар. Телефон орқали гаплашганимизда ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ҳозир ҳам айтаманки, Нўъмон ака Ҳасановга ҳеч қанақа ёмонлигим ёки хусуматим йўқ. “Навбаҳор”га келишимда бу мураббийнинг роли катта бўлди. Бу трансфер амалга ошиш жараёнида уч марта тўхтатилди, кейин яна қайтадан тикланди. Чунки орада “Қўқон-1912” жамоасини рози қилиш масаласи турганди. Буни Отабек ака Саматов ва Нўъмон ака Ҳасанов билан биргаликда ҳал қилдик, ижобий томонга. Натижада, “Навбаҳор” жамоасига ўтишим амалга ошди. Ҳасановнинг меҳнати сабабли, “Қўқон-1912” жамоасида оз бўлса-да, ўз ўрнимга эга бўлгандим. Ушбу интервью орқали Нўъмон акадан тушунмовчилик бўлгани учун узр сўрайман. Келгуси фаолиятида юқори чўққиларга эришишининг тилакдошиман.

рузиев4_2

- Вазиятга реал қарасак, “Навбаҳор” мавсум якунигача қайси ўринни эгаллашга қодир деб ўйлайсиз?

- Агар вазиятга реал қараб, айни турнир жадвалидан келиб чиқиб айтсак, 5-ўриндаги жамоа билан олти очколик фарқ бор. Бундай тафовутни йўқотишга жамоамиз бемалол қодир. “Навбаҳор” максимал очко тўплай олса, мавсумни кучли тўртталикда тугатишга қурби етади.

- Шунингдек, хизматингизга хориждан ҳам яхши таклифлар борлиги ҳақида эшитдим. Бу масалада ўзингиз ойдинлик киритсангиз.

- Биринчи давра якунланганидан сўнг, Суперлиганинг иккита жамоасидан аниқ таклиф бўлди. Хориж клублари билан боғлиқ вазиятга келсак, ҳали иш охирига етгани йўқ. Шу сабабли бу саволни очиқ қолдираман. Бу нарса 50х50 бўлиб турибди. Агар ҳаммаси ўхшайдиган бўлса, раҳбарларимиз билан гаплашиб, келишишга ҳаракат қиламан, хориж клубида ўзимни синаб кўриш учун.

рузиев_2

- Сиздаги потенциални кўриб шунга амин бўляпмизки, четда легионер сифатида тўп суришга бемалол қурбингиз етади. Сир бўлмаса, хизматингизга қайси клублар қизиқяпти?

- Авваламбор илиқ фикрлар учун катта раҳмат. Клублардан юборилган таклифлар футболчилар томонидан сир тутилади. Ҳозир қайсидир клуб ёки унинг давлатини айтсам, нопрофессионаллик қилган бўламан. Шу сабабли, аниқ таклиф келиб тушишини кутяпман. Агар ҳаммаси аниқ бўлиб улгурса, бу ҳақда хабар бераман ва клуб билан келишган ҳолда ҳал қиламиз.

- Иккинчи даврада катта эҳтимол билан “Навбаҳор”дан кетишингиз мумкинми?

- Биринчи даврадан сўнг, бу тўғрисида жамоамиз раҳбари Отабек ака Саматов билан кўп суҳбатлашдик. Суперлига жамоаларига ўтиш имкониятим йўқлигини, айниқса, хориждан таклиф бўлса ва бу клуб учун манфаатли бўладиган бўлса, шундагина ўйлаб кўришларини айтиб ўтишди. Келиб тушадиган таклифга қараб рухсат бериш ёки бермасликларини айтишди.

- “Навбаҳор”нинг таркиби ўзгаришларга қанчалик мухтож деб ўйлайсиз?

- Ўзгариш бўлиши табиий ҳол. Турнир жадвалида ҳам яхши ўринда эмасмиз. Шу боис жамоа юқорига интилиши ва яхши ўринларга ҳаракат қилиш учун ўзгаришлар бўлиши табиий. Жамоа ўзгаришларга мухтож демаган бўлардим. Шунчаки, захира ўриндиғимиз озроқ тор. Бу менинг шахсий фикрим. Таркибда рақобатни кучайтирса, бу футболчилар ва жамоа учун ҳам яхши эффект беради.

рузиев1_4

- Ҳозир машғулотларда эътибор нимага қаратиляпти?

- Ҳозирги кунда эътиборимизни жисмоний ҳолатга қаратяпмиз. Биринчи даврада шу нарса бизга панд берди десам тўғри бўларди.

- Биринчи даврадаги энг аламли ўйин қайси бўлди?

- “Пахтакор” билан бўлган учрашув жамоамиз футболчилари учун оғир зарба бўлди десам бўлади. Бу ўйин кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Охирги дақиқалардаги пенальти футболчиларни руҳан синдириб қўйди. Балки ўша вазиятда контакт бордир, лекин биринчи бўлимда “Пахтакор” футболчиси ўз жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаганди. Ўшанда пенальти бермадими, демак бизнинг дарвозамизга ҳам пенальти белгиламаслиги керак эди. Ёки пенальтини иккала жамоага ҳам бериш керак эди. Шунда ҳаққоний бўларди. Чунки жарима майдони ичида ўйинчи тўпни қўли билан ўйнагани факт.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
PROSTO TELE
14/07/2021 07:59
Хориж клублари араб давлатларидан ёки малайзияда.