Рафинья: "Флик менга фаолиятимдаги энг яхши мавсумни ўтказишимга ёрдам берди"
"Барселона" қанот ҳужумчиси Рафинья жамоа бош мураббийи Ханси Флик билан муносабатлари ҳақида фикр билдирди.
— Деярли ҳар бир интервьюда у ҳақида сўрашганда айтаман: у менга фаолиятимдаги энг яхши мавсумни ўтказишимга ёрдам берди. У туфайли индивидуал совринлар учун курашяпман. У менга футболдаги ўрнимни яна бир бор англашимга, ўзимни шахс сифатида тушунишимга ёрдам берди.
Ўтган мавсумда юз берган ва ҳозир содир бўлаётган кўплаб ижобий воқеалар айнан унинг ишончи туфайли амалга ошди. Мен ўзимга ҳам ишонмай қолган пайтда у менга ишонди. Шунинг учун у қилган барча ишлари учун фақат миннатдорлик билдира оламан.
Ўша вазиятда эса у ёрдамчисининг четлатилиши сабабли хафа бўлган деб ўйлайман. Бизнинг захира ўриндиғимизга икки қизил карточка кўрсатилди. У бундан норози эди. Кейинроқ жамоанинг ўйинидан ҳам қониқмаганини айтди. Мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, қайтишимизни ва энг муҳими жамоа ғалабаси эканини айтдим. Ва менимча, биз ҳақиқатдан ҳам қайтмоқдамиз.
Флик билан яқин муносабатлари ҳақида:
— Бу мен учун табиий ҳолат. Муносабатлар вақт ўтиши билан шаклланди, икки томонлама ҳурмат ва меҳр пайдо бўлди. Биз ишончни бирга қурдик, ўзаро эркинлик яратдик. У мен билан исталган мавзу ҳақида очиқ гаплаша олади, мен ҳам у билан ҳеч қандай тўсиқсиз суҳбатлаша оламан. Ишонч — бизнинг ишимиздаги энг муҳим жиҳат, — деди Рафинья.
Фикрлар