Ракетамоделчиларимиз халқаро мусобақада ғалаба қозонишди
Жорий йил 16-23 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Байконур шаҳрида ракетамодель спорти бўйича “Байконур Кубоги – 2022” халқаро спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Эътиборлиси, ушбу турнирда иштирок этган Ўзбекистон вакиллари 2 тадан олтин, кумуш ва бронза медалини қўлга киритишди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоаларидан 200 нафарга яқин спортчи қатнашган мусобақада Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти жамоаси мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди.
Анча шиддатли ва муросасиз кечган ушбу баҳсларда спортчилар ўзлари томонидан яратилган ракета моделлари ва уларнинг очиқ осмонда парвоз қилиш имкониятларини намоён этишди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон вакиллари 1-ўринни қўлга киритиб, нафақат ҳамюртларимизнинг, балки тадбирни қизиқиш билан кузатиб борган бутун дунё ракетамодел спорти ихлосмандларининг олқишларига сазовор бўлди.
Яккалик баҳсларида “Ватанпарвар” ташкилоти спортчилари қуйидаги натижаларни қайд этишди:
1. Нажмиддин Зайлидинов – олтин медаль (Наманган);
2. Фарҳод Бакиев – олтин медаль (Самарқанд);
3. Ҳаётбек Қурбоналиев – кумуш медаль (Наманган);
4. Фирдавс Гулмуродов – кумуш медаль (Бухоро);
5. Самандар Соқиев – бронза медаль (Наманган);
6. Нажмиддин Зайлидинов – бронза медаль (Наманган).
Фикрлар