Рамос, Месси, Холанд… 2021 йилда амалга ошиши кутилаётган “бомба” трансферлар
Давид Алаба «Бавария» билан ўртадаги шартномасини узайтигани йўқ. Оқибатда, мюнхенликлар унинг ўрнини тўлдириш мақсадида Дайот Упамеканони таркибга қўшиб олди. Ҳимоячи тез орада футбол тарихидаги энг қиммат эркин агентга айланади. Бундан Европанинг бир нечта гранд жамоалари унумли фойдаланиш ниятида. Хўш, ёзда яна қандай катта трансферлар амалга ошиши мумкин? Бугун шу ҳақида атрофлича фикр юритамиз.
Серхио Рамос – «Реал»дан «Манчестер Сити» ёки ПСЖга
Флорентино Перес ёши 30 дан ошган футболчиларга улкан маош бермаслигига ўрганиб қолганмиз. Клуб президенти Рамос билан клуб учун оғирлик қиладиган шартнома имзолашдан кўра, Давид Алабани Мадридга олиб келишни афзал кўради. Аслида, Рамос учун энг қулайи Мадридда қолиш, аммо қаҳрамонимиз клуб талаблари асосидаги контрактга қўл қўймоқчи эмас. Ҳозирда, уни қўлга киритишга қодир молиявий имконияти бор икки клуб бор холос. Бири Париж жамоаси бўлса, иккинчиси «Этиҳад» эгаллари саналади. Пеп Гвардиола жамоасида Рамоснинг пайдо бўлиши кўпчиликда қизиқиш уйғотиши аниқ. Почеттинога ҳам тажрибали «жангчи» катта фойда беради. Шундай экан, Серхио ёзда «Реал»ни янги саргузаштлар илинжида тарк этиши ҳам ҳеч гап эмас.
Жанлуижи Доннарумма – «Милан»дан «Ювентус»га
22 ёшли дарвозабон ёзда эркин агент мақомини қўлга киритади. «Россонерилар» қанчалар истамасин сайёрамизнинг энг кучли кипперини таркибида олиб қолишга қодир эмас. Гап шундаки, Доннарумма «Милан» билан яқин орада ҳатто мамлакат чемпионлигини ҳам қўлга киритмаслигини тушуниб турибди. Агар ҳозир шартномани узайтирса, трансфер суммаси 100 миллион еврога тенг бўлиши аниқ. Шу боис, «россонерилар» билан янги контракт борасида музокаралар олиб бормаяпти. «Ювентус» эса, камида 10-15 йил давомида ишончли футбол намойиш этишга қодир янги дарвозабон изламоқда. Буффоннинг ўрнини босишга ҳозир «Милан» посбонидан бошқа номзод йўқ.
Жейдон Санчо – «Боруссия»дан «Манчестер Юнайтед»га
Бу трансфер ўтган йили амалга ошиши мумкин эди, бироқ Дортмунд клуби 120 миллиондан камига ўз тинейжерини қўйиб юборгиси келмади. Бу воқеа Санчонинг спорт формасига таъсир кўрсатди, аммо кўп ўтмай, Жейдон яна юқори темпни ушлаб олди. «Қизил иблислар» инглиз футболчисини қўлга киритгач, унинг дўсти – Эрлинг Холандни ҳам Манчестерга олиб келишни режалаштирмоқда. Немис нашрларининг маълум қилишича, Жейдонни қўлга киритиш учун «қизил иблислар» 80-90 миллион евро атрофида сарфлашга қарор қилган.
Лионель Месси – «Барселона»дан «Манчестер Сити» ёки ПСЖга
Лапорта клуб президенти этиб сайланган бўлса-да, Мессининг клубдан кетиши ҳақиқатга яқин. Айни дамда, аргентиналикни қўлга киритиш фақат араб шайхларининг қўлидан келади. Пеп Гвардиола билан яна бирга ишлаш ёқимли, бироқ Мессининг оиласи Англияда истиқомат қилишни истамаяпти. Париж барча учун идеал вариант. ПСЖ Месси учун клубда ажойиб атмосфера ҳосил қилиши мумкин. Ди Мария, Почеттино, Парадес ва Неймар уни қучоқ очиб кутиб олиши аниқ. Боз устига, Париж жамоаси ЕЧЛда «Барселона»га қарши ўйинда қудратини кўрсатиб қўйди. Шундай экан, Мессини Каталонияда олиб қолиш осон бўлмайди.
Криштиану Роналду – «Ювентус»дан «Реал» ёки «Манчестер Юнайтед»га
Ёзда нафақат Лео, балки Криш ҳам янги жамоа либосида кўриниш бериши мумкин. Португалиялик футболчи «Ювентус» билан ЕЧЛ тахтига чиқа олмади. Пирло клуб тепасига келгач, бунинг имкони йўқлигини англаб етди. Турин клуби ҳам омадсиз давом этаётган мавсумдан сўнг, ўз проектини қайта ишга тушириш учун ўзгаришларга қўл уради. Роналдуни ҳозир «Реал» ёки «Манчестер Юнайтед» қабул қилишга тайёр. Футболчи ўзининг энг зўр йилларини айнан шу клубларда ўтказган десак, адашмаган бўламиз.
Килиан Мбаппе – ПСЖдан «Реал» ёки «Ливерпуль»га
Амалдаги ЖЧ ғолиби атайин Париж жамоаси таклиф этаётган супер шартномадан воз кечмоқда. У Мадридда ўз фаолиятининг янги қисмига старт бериш ниятида. Уни Зидан анчадан бери кутмоқда. Футболчининг ўзи кучлироқ лигада тўп суриш ниятида эканлигини ҳисобга олсак, Мбаппени Парижда узоқ ушлаб қолиш имконсиз. Яқинлашиб келаётган ёзда ёки узоғи билан 2022 йилда у жамоани тарк этади. Сўнгги маълумотларга қараганда, «Ливерпуль» ҳам французга қизиқиб қолган. «Мерсисайдликлар» айнан Килианни Муҳаммад Салоҳнинг ўрнини эгаллашидан умидвор.
Эрлинг Холанд – «Борусия»дан бирорта гранд жамоага
Айнан Холанд ва Мбаппе даври бошланаётганини дарров англаган бўлсангиз керак. Мбаппе сингари Эрлинг ҳам ўз келажагини белгилаб берувчи энг муҳим даврни бошидан ўтказмоқда. Норвегиялик ҳужумчини ўз сафида кўриш барча жамоаларнинг орзусига айланиб бўлди. Ҳозирда, «Манчестер Юнайтед», «Ювентус», «Барселона», «Реал Мадрид» ва бошқа жамоалар Эрлинг билан музокаралар ўтказишга тайёр. У қайси жамоага ўтиши ҳозирча номаълум, бироқ Дортмундда узоқ қолмаслиги аниқ.
Фикрлар