Рамзий маънодаги альтернатив терма жамоа ёхуд таниқли футболчиларнинг ўртамиёна ака-укалари

Кўпчилик яхши танийдиган футболчиларнинг ака ёки укаларининг худди улар сингари  машҳурлик чўққисига кўтарила олиши ҳар доим ҳам кузатилавермайди. «СЭ» нашрида чоп этилган қуйидаги материал ҳам айнан мана шундай ижрочилар хусусидадир.

ВАНЯ МИЛИНКОВИЧ-САВИЧ

Ўйнаётган клуби: «Стандард».

Ванянинг бўйи «атиги» 203 сантиметрни ташкил этади. У катта футболдаги фаолиятини акаси Сергей сингари «Войводина»да бошлаган. Аммо кейинчалик оға-иниларнинг йўллари айро тушган. Бўйига мос равишда йирик жуссага эга дарвозабонни 1,75 миллион евро эвазига «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти сотиб олганди. Аммо кичик Савичга Англия премьер-лигасида ўйнаш имкониятини бермаганлар. Чунки «Қизил иблислар» мутасаддилари орадан ҳеч қанча вақт ўтмай  Ваняни сотиб олганидан сал кўпроқ сумма эвазига Польшанинг «Лех» жамоасига сотиб юборганлар.

Кейинчалик посбон Италияга кўчиб ўтиб, «Торино»да Сальваторе Сиригунинг ўринбосари вазифасини бажарди. Бугунги кунда 24 ёшли дароз йигитнинг трансфер ҳуқуқи ҳамон «Торино»да эканлигини, аммо охирги пайтларда асосан ижарама-ижара сарсон юрганини қўшимча қилиш керак. Аввалига СПАЛ ва «Асколи»да тажрибасини оширган Ваня Милинкович-Савич эндиликда фаолиятини Бельгияда, «Стандард» клубида давом эттиряпти.

милинкович

ЛИОНЕЛЬ ЗУМА

Ўйнаётган клуби: «Дофар».

«Сошо» академиясида тарбияланган Лионель Зума мунтазам равишда ўйин амалиётига эга бўлмаганлигидан кўнгли тўлмай, асосий клубда ўтган тўрт мавсумдан сўнг Грецияга йўл олганди. Ўша юртдан у транзит орқали француз 3-дивизионига, сўнгра Уммонга, маҳаллий «Дофар» клубига бориб қолган. Таъкидлаш ўринлики, Курт Зуманинг акаси Лионелдан ташқари Йоан исмли укаси ҳам бор. Кичик Зума ўтган йили «Болтон»даги дебютини нишонлаган.

ЙОАН МАРСЬЯЛЬ

Ўйнаётган клуби: «Панетоликос».

«Манчестер Юнайтед»да тўп сураётган Антони Марсьялнинг акаси Йоанга ҳам омад кулиб боқмаган, дейиш мумкин. Ваҳоланки, болалик ва ўсмирлик чоғларида атрофдагилар кичик укасидан фарқли равишда айнан ундан келажакда таниқли футболчи етишиб чиқишини тахмин қилардилар. Тўғри, бундай хаёлга бориш учун асослар етарли бўлган. Масалан, Антонидан 4 ёшга катта бўлган Йоан «Бастия» академиясида тарбияланган ва профессионал футболдаги илк қадамлари ҳам анча омадли чиққан. Шунинг учун бўлса керак, уни U-19 терма жамоасига чақирганлар ва Франция учун омадли якунига етган қитъа биринчилигидаги ғалабага Йоан ҳам ҳимоядаги ишончли ўйинлари эвазига ҳисса қўша олганди.

Аммо шуниси кишини ҳайрон қолдирадики, ўша муваффақиятдан сўнг катта Марсьялнинг ишлари ортга кета бошлаган. Дастлаб уни ўзи учун қадрдон саналадиган «Бастия»дан бадарға қилганлар. Шу боис марказий ҳимоячи тақдирини «Брест» клуби билан боғлашга мажбур бўлган. Бу билан унинг саргардонлиги якунига етмаган. Футболчи омадини «Труа»да ҳам синаб кўрган. Албатта, ҳар қандай ўйинчи жиддий, ўз олдига катта мақсадларни қўядиган жамоаларда тўп суришни истайди. Жумладан, бундай хоҳиш катта Марсьялда ҳам йўқ эмас. У ўртамиёна ва аутсайдер клубларда тўп суришдан зерикиб, хорижга йўл олган ва Исроилнинг «Маккаби» (Тель-Авив) жамоасидан қўним топганди. Лекин яна омадсиз чиққан уринишдан сўнг Йоан «Ашод» орқали Грецияга бориб қолган. Айтиш керакки, Марсьялнинг трансфер ҳуқуқи «Панетоликос»га тегишли. Тўғри, у ерда Антонининг акаси бошланғич таркибдан жой олишга эришган. Аммо мазкур клуб ўз олдига максимал натижаларга эришини мақсад сифатида қўя олмайди. Чунки...

марсял

КИЛИАН АЗАР

Ўйнаётган клуби: «Серкль Брюгге».

Эден Азарнинг укаларидан бири Килиан 24 ёшда, лекин у шу пайтгача омадини бир қанча клубларда синаб кўришга улгурган. Жумладан, «Лилль» билан «Челси»да. Аксига олиб, ўша жамоаларда у бор потенциалини намойиш эта олмаган. Тўғри, бугунги кунда Килиан маҳаллий «Серкль Брюгге»да  доимий ўйин амалиётига эга бўлиб келмоқда. Бироқ элитада жон сақлаб қолиш учун курашадиган клубда ўйнаш кимга ҳам ёқарди?

азар_1

ЖО МАГУАЙР

Ўйнаётган клуби: «Бакстон».

Ўзидан икки ёшга катта бўлган акаси Гарри билан талашиб-тортишиб вояга етган Жо Магуайр «Ливерпуль» академиясида тарбияланган ва 2015 йили асосий клуб билан мавсумолди турнесига йўл олганди. Ўшанда уни ўртоқлик мақомидаги айрим учрашувларда синовдан ўтказганлар. Орадан ярим йил ўтганидан кейин эса мураббийлар штаби вакиллари Жога Англия Лига Кубоги доирасидаги баҳс орқали асосий жамоада дебютини ўтказиш имконини ҳавола қилгандилар. Бахтга қарши  ўша турнирдаги баҳсда майдонда атиги 14 дақиқа тўп сурган ҳимоячи ўзидан илиқ таассурот қолдира олмаган ва... Эҳтимол, қуйидаги маълумотга ишонмаслигингиз мумкин. Бироқ фактлардан кўз юмиб бўлмайди. Гарри Магуайрнинг укаси бугунги кунда фаолиятини давом эттираётган «Бакстон» клуби қуйи 7-дивизион иштирокчиси саналади!

КОРЕНТЕН ЛАНГЛЕ

Ўйнаётган клуби: БОВЭ.

Корентен Лангле таниқли акаси Клемандан бироз кичик. У энди 22 ёшга тўлган. Аммо Корентен оғаси каби «Нанси»дан «Севилья»га бирин-кетин кўчиб ўтганди. Энг қизиғи, андалусияликлар жамоаси раҳбарияти Клеманни «Барселона»га сотиб юборганидан сўнг укаси эркин агент мақомини олган. Кичик Лангле ўзига янги иш жойини нақд 4 ой қидирган ва фақат унинг хизматига 5-дивизион иштирокчиларидан бири саналадиган  БОВЭ клуби томонидан қизиқиш бўлган холос. Ўшандан бери франциялик ҳимоячи фаолиятини мамлакатнинг пастки лигаларидан бирида давом эттириб келмоқда.

КРИСТИАН ОКСЛЕЙД-ЧЕМБЕРЛЕН

Ўйнаётган клуби: «Ноттс Каунти».

Чемберленларни ҳақиқий футболчилар сулоласи сифатида эътироф қилиш мумкин. Чунки асосан «Арсенал»даги фаолияти орқали анча танилган ва эндиликда «Ливерпул»да тўп сураётган Алекснинг отаси Марк ўз вақтида «Сток Сити» ва «Портсмут» клубларидаги ўйинлари эвазига «Уч шерлар» термаси таркибига тез-тез чақирув олган. Маркнинг укаси, ака-ука Алекс ва Кристианларнинг амакиси Невилл Чемберлен эса асосан қуйи дивизиондаги клублар сафида тўп сурган. Таъкидлаш ўринлики, сулола ишини давом эттиришга бел боғлаган ва ўз вақтида «Портсмут» академиясида тарбияланган кичик Чемберленга омад кулиб боқмаяпти. Негаки, 22 ёшли ярим ҳимоячи фаолиятини қуйи 5-дивизион иштирокчиларидан бири саналадиган «Ноттс Каунти»да давом эттирмоқда.

ФЛОРЕНТИН ПОГБА

Ўйнаётган клуби: «Сошо».

Поль Погбанинг акаси Флорентин (эътиборлиси, унинг эгизак укаси Маттиас ҳам бор ва ҳозирда фаолиятини испан 4-дивизионидан давом эттиряпти) ўз вақтида  кўпчиликда жуда яхши таассурот қолдирган. Бироқ оиладаги тўнғич ўғилнинг ишлари охирги пайтларда силлиқ кечяпти, дейиш ярамаса керак. Олинган маълумотларга қараганда, Флорентин Погба  «Сошо» клуби сафига қўшилган.

погба_3

ХОНИ НИГЬЕС

Ўйнаётган клуби: «Алькояно».

«Атлетико»даги ўйинлари орқали машҳурлик даражасига кўтарилган Сауль Нигьеснинг акаси Хони ҳам профессионал футболчидир. У «Валенсия» академиясида тарбияланган ва шу пайтга қадар кўплаб клубларда омадини синашга улгурган. Биргина Испаниянинг ўзида Хони Нигьес 8 бор (!) жамоасини ўзгартирган. Бундан ташқари, у ўзини Словения ва Португалияда ҳам синаб кўришга улгурган. 34 ёшли Нигьеснинг трансфер ҳуқуқи «Эльче»га тегишли, аммо у жорий мавсумни ижара асосида қуйи 4-дивизион иштирокчиларидан бири саналадиган «Алькояно»да ўтказмоқда.

ФЕЛИКС КРОСС

Ўйнаётган клуби: «Унион».

Акаси Тонидан фарқли равишда Феликс Крооснинг профессионал футболчи сифатидаги фаолияти жарангдор муваффақиятларсиз ўтмоқда.  Тўғри, ўз вақтида у «Вердер»  клубида анча яхши тўп сурган. Аммо кутилмаганда олинган жароҳатлар ва омад кулиб боқмаганлиги эвазига кичик Крооснинг фаолияти шу йўсинда поёнига етадиган кўринади. Ҳа, 30 ёшни қоралаб қолган Феликс камтарона «Унион»нинг тарихда илк бор бундеслигага чиқишига қўлидан келганча ёрдам берган. Лекин пойтахт вакили каби унинг футбол элитасидаги ишлари силлиқ кечаётгани йўқ. Боз устига кичик Кроос жорий мавсум давомида майдонда ҳаммаси бўлиб атиги 181 дақиқани ўтказди холос.

крос

МАКСИМИЛИАНО СУАРЕС

Ўйнаётган клуби: «Пунто Клеве».

Уругвайлик афсонавий ҳужумчи Луис Суареснинг бир акаси (Пауло, 38 ёшда) ва  икки нафар укаси (Максимилиано, 32 ва Диего, 27) бор. Пауло билан Диего бутсаларини михга илишга улгурган бўлсалар, Максимилиано ҳамон тўп ортидан чопиб юрибди. У ўйнаётган жамоа қуйи 4-дивизион иштирокчиси ҳисобланади. Уругвайда бундай лигада асосан ярим профессионал ва ҳаваскорлар ўйнайдилар.

ЗАХИРАДАГИЛАР

Одатда рамзий терма жамоанинг ҳам ўзига яраша захира футболчилари бўлади. Қуйидаги футболчилар (албатта, уларнинг ака ё укалари машҳурлик чўққисига кўтарила олишган) мана шундай мақомга лойиқ кўрилган:

Муриэль Алиссон («Флуминенсе»), Патрик Дракслер («Рентфорд»), Лоренс Магуайр («Честерфилд»), Эрик Васкес («Атлетико», Колумбия, Давинсон Санчеснинг укаси),  Малик Мане (ҳозирча клубсиз, тўп сурган охирги жамоаси «Атирау»), Антонио Инсинье («Вилла Летерно»), Федерико Игуаин (ҳозирча клубсиз, охирги иш жойи - «Коламбус Крю» клуби).

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)