"Рақиб Пауга эмас, Жон Жонс бўлмайдими, Гуськов ютади!"

  • 10 февраль, 12:02
  • 0
  • MMA

11 февралга ўтар кечаси ҳамюртимиз Богдан Гуськов “UFC Fight Night 236” турнирида АҚШ вакили Зак Паугага қарши жанг ўтказади. Биз ушбу тўқнашув ҳақида ўзбек ММА олами вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.

Фирузбек Ниязов – блогер

- Бу жанг узоғи билан 2-раундда ўз якунига етади. Яъни, Богдан Гуськов муддатидан аввал ғалабани қўлга киритади. Албатта, бундай тахмин билдиришимнинг ўзига яраша сабаблари бор. Гуськов 1-жангини қандай тарзда қабул қилиб олганлигини барча яхши билади. Қисқа муддатда ушбу жангни олди ва кимсан чемпионликка даъвогар мақомига эришган ва чемпионлик жангида Даниэль Кормьега қарши баҳс юритган Волкан Оздемир билан тўқнаш келганди. Бу сафар эса ҳамюртимиз тўлиқ лагерни ўтади. Қолаверса, кўп вазн ташламайди. Рақиби эса анчагина вазн йўқотганлиги аниқ. Хуллас, ҳамюртимиздан фақат ғалаба кутиб қоламиз ва омад тилаймиз!

Ферузбек

Ҳумоюн Ибрагимов – ММА жангчиси

Менимча қизиқарли жанг кечади. Шубҳасиз, юртдошимизнинг ғалаба қозонишини истайман. Ўйлайманки Богдан Гуськов чиройли нокаут билан барчамизни хурсанд қилади ва UFCдаги ғалабали одимини бошлаб олади.

Ибрагимов

Дониёрбек Рўзиев – мураббий

Нима бўлган тақдирда ҳам юртдошимиз бўлган Богдан Гуськовнинг ғалабасини кутаман. Рақиб Пауга эмас, Жон Жонс бўлмайдими? Ҳамюртимиз жанг қилганидан кейин яхши ният қиламизда. Менимча Гуськов 1-раунддаёқ жанг тақдирини ҳал қилади. Ўнг қўл “оверхенд” ва Пауга “ухлайди”. Омад Богдан!

Дончик

Шуҳратбек Абдумуталибов – мураббий

 Албатта, Богдан Гуськовнинг ғалабасига умид қиламиз. Иккиси учун ҳам бу жанг аҳамиятли, чунки Гуськов биринчи жангида ютқазди, Пауга ҳам 3 та жангдан 2 тасида имкониятни бой берди. Хуллас, улар жуда эҳтиёткор бўлишади. Бироқ, ҳамюртимиз уни зарбада тута олади. Ўйлайманки, жанг 2 –раундларда Гуськовнинг ғалабаси билан якун топади. Имкониятларни 70%-30% дея баҳолаган бўлардим.

Шуха

Камронбек Ортиқов – ММА жангчиси

Тўғриси, Зак Пауганинг жангларини кўрмаганман. Аммо, Гусковнинг жуда кучли зарбаси бор. У барибир жанг мобайнида битта аниқ зарбага имкон топади ва рақибини қулатади. Муддатидан аввалги ғалабани кутяпман Гуськовдан. Унга омад тилайман.

Камрончик

Беҳруз Исроилов – ММА жангчиси

 Бу жанг 3-раундгача бормайди. Чунки, Богдан Гуськов рақибига нисбатан анчагина тез ва муддатидан олдин ғалабани қўлга киритади. Албатта, шундай ғалаба бўлишини хоҳлаймиз ва ҳамюртимизга омад тилаймиз!

Бехруз

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!